Швейцария бош прокуратураси ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер ва УЕФА собиқ раҳбари Мишел Платинига нисбатан даъво билан чиқди. Собиқ функционерлар 2 миллион долларни талон-тарож қилганликда айбланмоқда.
Улар ФИФА томонидан Мишел Платини фойдасига 2 миллион швейсар франкини (2,19 миллион доллар) ноқонуний йўл билан билан ўтказганликда айбланмоқда.
Прокуратуранинг маълумотига кўра, Платини 1998 йилдан 2002 йилга қадар Йозеф Блаттернинг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган. 1999 йилда тузилган шартномага кўра, Платинига йилига 300 минг швейсар франки миқдорида товон пули тўлаш белгиланган.
Орадан саккиз йил ўтиб, Мишел Платини 2 миллион швейсар франки миқдорида компенсация талаб қилади. «Блаттер раҳнамолигида FIFA 2011 йилда Платинига бу пулни тўлаб беради. Кейинроқ бу тўлов ҳеч қандай асосларсиз амалга оширилгани маълум бўлди. Бу ФИФАга молиявий зарар келтирди ва ўз навбатида Мишел Платинининг ноқонуний бойлик орттиришига хизмат қилди», — дейилади прокуратура баёнотида. Прокуратура ишни Швейцария олий судига ошириш ниятида.
Аввалроқ иккала амалдордан ҳам коррупцияга оид айбловларни инкор этганди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур масала 2015 йилда ФИФА Этика қўмитаси томонидан қўзғатилган, бунинг натижасида Блаттер ва Платини футболга оид фаолиятдан четлатилганди.
Блаттер 2015 йилда коррупцияда айбланиб ФИФА президентлигидан олинган ва саккиз йил муддатга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлатилганди. 2016 йилда ФИФА апелляция қўмитаси ушбу муддатни олти йилга қисқартирганди.
2007—2016 йиллар оралиғида УЕФАни бошқарган Платини 2015 йилда юқорида тилга олинган иш бўйича ФИФА Этика қўмитаси томонидан 8 йилга футболга оид фаолиятдан четлатилганди. Кейинчалик Спорт арбитраж суди (CAS) бу муддатни 4 йилгача қисқартирди. 2019 йилда Платини 2022 йилги Жаҳон Чемпионатини Қатарга берилиши юзасидан ўтказилган терговда ҳибсга олинган ва бир кун ўтиб, қўйиб юборилганди. Функционер 2020 йилнинг январидан Халқаро профессионал футболчилар ассоциациялари федерациясида (FIFPro) президент маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Изоҳ (0)