Афғонистондан эвакуация қилинганлар сафида АҚШнинг Висконсин штатидаги ҳарбий базага жойлаштирилган афғонистонлик қиз у ерда афғонларнинг бошқа этник гуруҳлари томонидан таъқибга учрагани ҳақида «РИА Новости»га гапириб берди.

Фото: AP Photo

«Толибон» 15 август куни Афғонистон пойтахти Кобулни эгаллаб олди, 7 сентябрь куни эса ўзининг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остида бўлган Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинганди. Бир неча минг афғон қочқинлари АҚШнинг Висконсин штатидаги Форт-Маккой ҳарбий базасига жойлаштирилди.

Кобулдан эвакуация

Исмининг фақат бош ҳарфини (К) айтишни истаган қиз Осиё аёллар университетида биринчи курсни бошлаш учун август ойи ўрталарида Кобулдан Бангладешга кетишни режалаштирганди. Мамлакатда ҳокимият тепасига «Толибон» келганидан кейин қизнинг режалари ўзгариб кетди. У ва яна 250 га яқин афғон талаба қизлари Висконсиндаги Форт-Маккой базасига эвакуация қилинди.

«Биз Бангладешга боришимиз керак эди, университетимиз биз учун Кобул аэропортидан чартер рейс ташкил қилди, аммо толиблар аэропортни эгаллаб олгани учун парвоз кечиктирилди. Биз аэропортда узоқ вақт қолиб кетдик. Кейин АҚШ ҳарбийлари томонидан бизни Форт-Маккойга олиб борадиган бошқа чартер рейс ташкил қилинди», — деди у.

Ҳазоралар ва пуштунлар

Америка ҳарбий базасида афғон қизининг ҳаёти осон кечмади. Қизнинг келиб чиқиши ҳазоралардан бўлиб, у АҚШда Афғонистондан эвакуация қилинган бошқа бир миллат вакиллари – пуштунлар томонидан ҳақоратларга дучор бўлди. Афғонистонда аҳолининг асосий қисмини пуштунлар ташкил қилади.

«Мен ҳазораларданман, бу ерда пуштунлар кўп. Улар бизга нисбатан жуда ёмон, тажовузкор муносабатда бўлишади. Ҳарбий базадаги қочқинларнинг аксарияти пуштунлар», — деди қиз.

К.нинг сўзларига кўра, Форт-Маккойга тахминан 13 минг нафар афғонистонлик эвакуация қилинган, улардан 2 мингга яқини ҳазоралар. Афғонистондаги ҳазоралар ва пуштунлар ўртасидаги зиддиятлар XIX асрга бориб тақалади. Ҳазоралар мамлакатдаги энг эзилган этник гуруҳлардан бири саналади, улар шарқий осиёликларга хос ташқи кўриниши туфайли таъқибга учрайди.

Ҳазоралардан бўлган қизнинг айтишича, Америка ҳарбий базасидаги пуштунлар уни ташқи кўриниши учун камситган. Унинг таъкидлашича, ҳазоралар ва пуштунлар ҳарбий базада алоҳида жойлаштирилган, шунинг учун қиз фақатгина жамоат жойларига, масалан, ошхонага борганида ҳақоратларга дуч келади. К. битта катта хонада яна 30 нафар аёл билан бирга яшайди. Хонадошларининг аксарияти университетдаги курсдошлари бўлиб, улар қизга руҳий мадад бермоқда.

Келажак режалари

К. Бангладешдаги Осиё аёллар университетида икки йиллик иқтисод факультетини тугатиб, сўнг Буюк Британия ёки АҚШдаги университетлардан бирида магистратура босқичини давом эттирмоқчи эди. Бироқ эвакуация бу режаларни пучга чиқарди. Талаба қиз ҳозирда АҚШнинг Род-Айленд штатида Браун университетидан стипендия олган, аммо бу фақат бир йиллик инглиз тили дастури учун татбиқ қилинади. Агар К. бакалавр даражасини олишни истаса, у 24 ёшида ҳаммасини яна қайтадан бошлаши керак.

«Менинг орзум Америкада ўқиш ва АҚШда магистратура даражасини олиш учун стипендияга ҳужжат топшириш эди, лекин толиблар мамлакатда ҳокмиятни эгаллаб олган ҳозирги вазиятда бунинг имкони йўқ. Мен ҳаммасини (Браун университетида) бошидан бошлайман», — деди у.

Қиз шу ҳафта Форт-Маккойдан университетга кўчиб ўтишга ва этник зўравонликни бутунлай ўтмишда қолдиришига умид қилмоқда. К. Афғонистондан ёлғиз ўзи эвакуация қилингани учун оиласи билан узоқ вақт кўришолмаслигини ҳис қилмоқда. Бундан ташқари у Кобулда қолган оиласининг хавфсизлигидан хавотирда. Унинг беш нафар ака-укаси бор, улардан бири узоқ йиллар давомида АҚШ ҳарбийлари билан бирга ишлаган.

«Оиламдагилар қочиб қутулганимдан хурсанд, лекин уларнинг ҳаёти хавф остида. Чунки акам АҚШ армиясида ишлаган.У АҚШга махсус иммиграция визаси учун мурожаат қилганди, аммо Кобулда қолиб кетди», — дея хўрсиниб ўзи ҳақидаги ҳикояни якунлади қиз.