Қашқадарёда «Жиҳодчилар»нинг 12 нафари қўлга олингани, улар орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати бунга муносабат билдириб, ҳолат тегишли тартибда ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Эслатиб ўтамиз, «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Деҳқонобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди. Гуруҳнинг 1969–1995 йиллар оралиғида туғилган 12 нафар аъзоси орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги билдирилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги хабарига кўра, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани «Бошчорбоғ» фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро З.Қ.нинг хонадонида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда бир гуруҳ фуқаролар «Жиҳодчилар» оқими вакиллари сифатида қўлга олинган.

Ўрганишлар давомида ушбу фуқаролар орасида «Бошчорбоғ» фуқаролар йиғини раиси М.Т. борлиги ўз исботини топмаган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари ичида фуқаро М.Т.нинг укаси, 1975 йилда туғилган Ҳ.Т. бўлгани аниқланган.

«Ҳозирги кунда Деҳқонобод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Ҳ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддасининг 2-қисми билан ўрнатилган тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида ‘Бошчорбоғ’ МФЙ раиси М.Т. айбланувчи (ёки гувоҳ) тариқасида жалб этилмаган», — дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, муайян шахсга нисбатан бўҳтон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатишга нисбатан қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилганини эслатиб ўтган.

Бундан аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарёда ушланган «Жиҳодчилар» орасида имом ноиби бўлганини рад этганди.