Бош прокуратура Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 11 ёшли қиз «Цефтриаксон» дори воситаси сабаб вафот этгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берди.
Ўзини марҳуманинг опаси дея таништирган Севдо Тиллаева исмли Facebook фойдаланувчисининг ёзишича, 19 октябрь куни шифокор рецепти билан 11 ёшли синглиси Г.Р.га «Цефтриаксон» қилинган ва 3 дақиқа ичида инъекция реакция бера бошлаган (кўнгил айниш, тирноқлари кўкара бошлаган, қовоқларида жигарранг ҳалқалар пайдо бўлган, кўзлари қизариб кетган). Уколдан 10 дақиқа ўтиб, қиз Ангрен шаҳридаги болалар шифохонасига етказилган.
Кўрсатилган ёрдамга қарамай, 20 октябрь куни қизча вафот этган. Шифокорлар хулосасига кўра, унда бронхит ва анафилактик шок кузатилган.
«Синглимда сурункали бронхит борлиги сабаб у олдин ҳам бир неча бор ‘Сефтриаксион’ олган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу Ангрендаги учинчи ўлим ҳолати, дорихоналарда эса ушбу инъекция сотилмоқда. Бу восита Россиядан олиб келингани аниқланди, дори воситаларининг ярмидан кўпи сотувдан қайтарилган бўлса-да, бир қисми тарқалиб кетган», — деб ёзади у.
Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Тошкент вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида эмлангандан сўнг вафот этган фуқаро ўлимига вакцина сабаб бўлмагани аниқланган эди.
Изоҳ (0)