1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллиги рамзларидан бири — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йилдан бошлаб бу сана Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда. «Дарё» ушбу сана муносабати билан октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ой давомида ҳар куни тил масаласида турли йилларда қилинган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган чиқишлар, нутқлар, мақолаларни қайта чоп этади.
Мулоқот учун зарур
Жамиятимизда қайта қуриш ва унинг таркибий қисмлари бўлган демократия ва ошкораликни чуқурлаштириш туфайли бундан бир неча йиллар муқаддам айтишга ҳам чўчийдиган муаммолар тўғрисида рўй-рост гапирадиган, битта масала атрофида турлича фикрларни изҳор этишга имкон яратилган замон — инқилобий жараён юзага келди. Булар ҳаммаси қайта қуриш шарофати, албатта.Долзарб муаммолардан бири ўзбек тили ва республикамиздаги бошқа тиллар ҳақидаги мунозаралардир. Тил — халқнинг энг буюк қадрияти, унинг маданиятининг келажаги. Шунинг учун ҳам тил ҳақида ўткир мунозаралар, баҳслар кетмоқда. Фақат Ўзбекистондагина эмас, бошқа қардош республикаларда ҳам ана шундай жараён юз бермоқда.
Нима сабабдан тил ҳақида ўткир баҳслар юзага келмоқда, унинг илдизи нимада, деган савол туғилиши мумкин. СССРда барча миллатлар тилининг бирлашиб кетиши ҳақидаги «назария» тил соҳасидаги бузилишларга олиб келди. Натижада республикалардаги миллий тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам эътибор камайди, ўз-ўзидан унинг қўлланиш доираси торая борди. Олий ўқув юртларида қатор фанлар ўзбек тилида ўтилмай қўйди, ўрта мактабларда ўзбек тили дарслари камайиб кетди. Партия комитетларида ўзбек тилида ҳужжатлар деярли юритилмай қўйди. Давлат идораларида ҳам аҳвол шу даражага тушди, аксар ҳолларда мажлислар ўзбек тилида олиб борилмайдиган бўлди.
Ўтган йили байрамлардан бирида Тошкент Театр ва рассомлик санъати институти бир гуруҳ студентлари ва ўқитувчилари Ўзбекистон ССР Фанлар академияси А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти таклифи билан шу ерга келиб, ўзлари тайёрлаган саҳна асарларини намойиш этдилар. Учрашув охирида меҳмонлар институтимиз коллективига мурожаат қилиб, «Бизда ҳозир ўзбек тили кафедраси тугатилиб кетди. Сиз, тилшунос, адабиётшунос олимлардан илтимосимиз шуки, ўзбек тили кафедрасини тиклашда бизга ёрдам беринглар», деб мурожаат этишди. Театр ва рассомлик санъати институти Ўзбекистон театрлари учун ходимлар етиштириб берса-ю, бу ерда ўзбек тили кафедраси тугатилса! Ахир бу инсофдан эмас-ку! Ёки бўлмаса, Тошкент Маданият институтида ўзбек тили кафедрасининг тугатилиши мантиққа тўғри келадими? Бу институтда кутубхона, оммавий-оқартув ишлари учун мутахассислар етказиб берилса-ю, унда ўзбек тили кафедраси бўлмаса? Шунингдек, техника олий ўқув юртларида, медицина институтларида қатор фанларнинг ўзбек тилида ўтилмаслигини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди. Ахир инженерларнинг, врачларнинг асосий қисми республикамиз қишлоқларида ишлайди-ку.
Тил сиёсати борасида узоқ йиллар давом этиб келган бундай хатоликлар, айниқса илмий нашрларга кучли таъсир кўрсатди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг аниқ ва табиий фанлар институтларида илмий асарлар ўзбек тилида ёзилмай қўйди, агар ёзилса ҳам бармоқ билан санарлидир. Буни нашриётлар планларига назар ташласангиз дарҳол сезасиз. Агар бирорта олимга нима учун ўзбек тилида илмий асар ёзмайсиз, деб савол берсангиз, у «мен Бутуниттифоқ миқёсига, дунё миқёсига» чиқишим керак дейди. Тўғри, бундай миқёсларга чиқиш керак, лекин олим, аввало, ўз халқи учун илмий асарлар яратиши, уни фан-техника янгиликларидан, кашфиётларидан баҳраманд этиши керак эмасми?
Аниқ ва табиий фанлардаги илмий нашрлардан кўз юмайлик-да, ижтимоий фанлар нашрларига бир назар ташлайлик. Бу борада ҳам аҳвол ачинарли даражада. Академиянинг фақат Тил ва адабиёт, Шарқшунослик, Қўлёзмалар институти олимларигина асарларини нашрга ўзбек тилида тайёрлашаётганлигининг гувоҳи бўласиз.
Республика Фанлар академиясининг ижтимоий соҳадаги Тарих, Археология, Ишлаб чиқариш кучларини ўрганиш кенгаши, Иқтисод, Фалсафа ва Ҳуқуқ институтларида ҳам асосан ўзбек олимлари ишлашади-ку? Нега улар асарларини ўзбек тилида ёзишмаяпти? Агар уларнинг асарини ўзбек тилида нашр этиш режалаштирилса, бу ҳам рус тилидан таржима бўлади. Масалан, 4 жилдли «Ўзбекистон тарихи» китобининг ўзбекчаси русча нашридан 3–4 йил кейин чиқди. Икки жилддан иборат «Самарқанд тарихи» ҳам русчадан таржима бўлди. Академияда 11 та журнал чиқади, шулардан иккитасигина ўзбек тилида нашр этилади, холос. Хўжа кўрсин учун бу журналларнинг кўпчилиги ўзбекча ном билан аталади.
Ўзбек тилига эътибор камайганлиги туфайли кишиларнинг исм-фамилиялари нотўғри, жой, кўча номлари бузиб ёзилмоқда. Маиший хизмат соҳаларини, маълумот бюроларини ўзбек тилини билмайдиганлар эгаллаб олишган. Бу рус тилини билмайдиганлар учун қийинчилик туғдирмоқда.
Шуниси ачинарлики, айрим ўзбек «зиёли»лари ўз она тилини унутиш даражасига етди. Яқинда сайловолди йиғилишларидан бирида СССР халқ депутатлигига номзоди қўйилган олимлардан бири «рус тилида, инглиз тилида доклад қилишим мумкин, лекин ўзбек тилида гапиролмайман», деб айтди. Қизиқ, бу «олим» мабодо депутат бўлиб қолса, халқ билан қайси тилда гаплашар экан. Тилимиз тақдирига алоқадор бу каби масалалар жуда кўп. Ана шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг идеология комиссияси қошида тил муаммоларини ўрганиш учун махсус группа иш олиб бораётгани ғоят қувонарлидир.
Ўзбек тилига давлат тили статусининг берилиши тилшунослар зиммасига жуда катта, масъулиятли вазифаларни, амалий ишларни юклайди. Булардан айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Биринчидан, ўзбек тили илмий терминологияси принципларини ишлаб чиқиш, уни тартибга солиш — ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидандир. Сир эмас, терминологиямизда ҳали камчиликлар жуда кўп. Бир терминнинг ўзи бир неча вариантда ишлатилади — бу ҳол ахборот алмашинувда қийинчиликлар туғдирмоқда. Аксар ҳолларда илмий терминларнинг ўзбекча муқобилини қидириб топишга ҳаракат қилинмасдан русчада қандай бўлса, шундайлигича қолдирилади. Қадимдан халқ орасида ишлатиб келинаётган терминлар кам ўрганилмоқда ва илмий соҳага киритилмаётир. Бу эса ўзбек тилининг бой ички имкониятларини намоён этишга тўсқинлик қилади. Бундай камчиликларга барча соҳалар бўйича терминлар луғатини тузиш ва нашр этиш орқали барҳам бериш мумкин.
Иккинчидан, ўзбек тилининг кўп томли изоҳли луғатини тузиш. Маълумки, ўзбек тилининг изоҳли луғати 1981 йилда Москвадаги «Русский язык» нашриётида чоп этилди. Бу, албатта, ўзбек халқининг маданий ҳаётида катта воқеа ҳисобланади. Лекин жамоатчилик эътироф этганидек, мазкур икки жилдли изоҳли луғат камчиликлардан ҳам холи эмас. Тўғри, институтимиз луғатшунослари мазкур изоҳли луғат асосида ўзбек тилининг кўп томли изоҳли луғатини яратишга киришдилар. Лекин бу борадаги ишни ҳали қониқарли, деб бўлмайди. Ўйлаймизки, тилимиз мавқеининг ошиши изоҳли луғатлар тузиш ишининг жонланишига ҳам ижобий таъсир қилади.
Учинчидан, ўзбек тили нутқ маданиятига алоҳида эътибор бериш керак. Имло луғатларини нашр этиш, орфоэпия (тўғри талаффуз) нормаларини ишлаб чиқиш ва унинг луғатини чоп этиш лозим. Бундан бир неча йил илгари чиққан орфоэпия луғати жуда кам миқдорда нашр этилган бўлиб, ҳозир уни умуман топиб бўлмайди. Исмлар луғати, топонимик луғатлар нашрини тезлаштириш ҳозирги кунимизнинг энг муҳим масалаларидан бири.
Маълумки, рус тили миллатлараро муомала воситаси. У шундай вазифани бажариб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Шундай экан, ўрта ва олий мактабларда рус тилини ўқитишни тубдан яхшилаш керак, турли қўлланмалар, луғатларни кўп нусхада чоп этиш лозим. Рус тилини мукаммал ўрганиш манбаларидан бири — русча-ўзбекча луғатлардир. Шу вақтга қадар бир неча русча-ўзбекча луғатлар нашр этилди. Луғатлар ичида аввалгиларига нисбатан сўзлигининг кўплиги, мукаммаллиги, замонавий янги сўзлар киритилганлиги, лексикографик жиҳатдан пухта ишланганлиги каби қатор афзалликлари билан ажралиб турадигани Ўзбек Совет Энциклопедияси томонидан нашрга тайёрланган икки жилдли «Русча–ўзбекча луғатдир» (1983–1984 йиллар). Худди шу нашриётда чоп этилган «Ўзбекча–русча луғат» (1988-й) ўзбек тилини ўрганувчилар учун ҳам зарур манба ҳисобланади. Бироқ мазкур луғат ҳажман жуда катта. Фойдаланиш имконияти қийин. Шунинг учун мактаб ўқувчиларига, олий ўқув юртлари студентларига, ишчилар ва хизматчиларга мўлжаллаб кичик ҳажмли русча–ўзбекча, ўзбекча–русча, ўзбекча–тожикча, ўзбекча–арабча, ўзбекча–инглизча ва бошқа луғатлар нашр этиш керак. Бу борада муайян тажрибалар мавжуд. Булар республикамиздаги икки тиллилик муаммосининг бир томонидир. Икки тиллилик деганда фақат миллий — рус икки тиллилигини эмас, балки рус — миллий икки тиллилигини ҳам тушуниш керак. Бусиз масалага бир ёқлама ёндашган бўламиз. Яқинда «Правда» газетасида (1989 йил 3 апрель) эълон қилинган давра суҳбатида шоира Р. Казакова «Нима учун Грузияда яшайдиган руслар грузин тилини, Ўзбекистонда яшайдиганлари ўзбек тилини ўрганмайдилар? Бундай такаббурлик қаердан келиб чиқди?», деб куйиниб ёзди. Ҳақиқатан ҳам, маҳаллий халқнинг тилини билиш унинг дилини билишдир. Ахир, Ўзбекистонга келиб ишлаган эски рус зиёлилари ўзбек тилини севиб ўрганганлар, бу тилнинг ривожи учун ҳисса қўшганлар-ку.
Албатта, тилни ўрганиш қийин иш. Лекин шундай бўлса-да, ҳаракат қилиш керак. Жойларда ташкил этилаётган ўзбек тилини ўрганиш курслари бу ишнинг дебочасидир. Рус ва ўзбек тили асосларини ўрганишда ўқув луғатлари, қўлланмаларнинг роли каттадир. Чунки бундай луғат ва қўлланмаларга мулоқот учун зарур бўлган сўзлар танлаб киритилади ҳамда таржима қилинади. Ана шундай луғатлар сирасига 3. Маъруфов ва Г. Михайловнинг «Русча—ўзбекча сўзлашгич» («Русско — узбекский разговорник». 1988-й.), В. Красних ва С. Ғойибовнинг «Ўзбекча — русча ва русча — ўзбекча сўзлашув китоби» (1988-й.), Т Алиқуловнинг «Русча–ўзбекча ўқув луғат»ларини (1982-й.) киритиш мумкин.
Республикамизда яшовчи бошқа миллат болаларининг ўзбек тилини ўрганиши асосан мактабдан бошланиши керак. Рус мактабларида ўзбек тилининг ўқитилиши эса шунчалик эътиборсиз қолдирилганки, ҳатто бирор олий ўқув юртида рус мактабларига ўзбек тилидан дарс берадиган мутахассис тайёрланмайди, дарсликлар, қўлланмалар етишмайди. Бундан ташқари, рус мактабларида ўзбек тили дарс соатлари ҳам жуда кам. Ўзбек тилини ўрганиш ҳақида гапирар эканмиз, ўзбек мактабларида рус тили дарс соатлари қанча бўлса, рус мактабларида ҳам ўзбек тилидан ўшанча дарс соатлари ажратиш; ўзбек тилидан давлат имтиҳонлари топширишни жорий этиш адолатли иш, бўларди, деб ҳисоблаймиз.
Шунинг учун биз ўзбек тилига республиканинг давлат тили статуси берилиши билан биргаликда тил ҳақида махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини, унинг умумхалқ муҳокамасига қўйилишини истаймиз. Матбуотда, айрим раҳбарларимизнинг нутқларида узоқ муддатга мўлжалланган «Рус тили комплекс программаси», «Ўзбек тили комплекс программаси» каби программалар тузилганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Бу программалар ҳам, аввало, кенг муҳокамага қўйилса мақбул бўларди.
Ҳ. Юсуфхўжаева, Ҳ. Бектемиров, филология фанлари кандидатлари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 16 июнь
Изоҳ (0)