Туркиянинг Истанбул шаҳрида 22 октябрь, жума куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар вакиллари иштирокида «Илдизлари муштарак тарих, кучли келажак» шиори остида медиа-форум бошланди. Форум 24 октябргача давом этади.

Сессияларда ҳозирги глобаллашув асрида ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг аҳамияти, дезинформация ва медиа макондаги носоғлом муҳитнинг одамлар онгига, психологиясига, фуқароларнинг шахсий маълумотларига дахл қилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама марказида бўлди.

Виртуал таҳдидлардан ҳимояланиш, факт-чекинг, янгиликларни саралаш ва таҳлил қилиш, бу борадаги муаммоларга амалий ечимлар топиш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.

Форумда Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Шимолий Кипр ва Венгриядан 500 га яқин ахборот соҳаси расмийлари, тилшунос олимлар, дипломатик корпус ва давлат идораларининг юқори мартабали мутасаддилари, журналистлар, талабалар қатнашмоқда.