Ўзбекистонда 2021 йил якунигача коронавирусга қарши вакцина олувчи аҳоли қатламининг 80 фоизгача қисмини эмлаш мақсад қилинган. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 21 октябрь куни Халқаро медиа-холлда бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилди, деб хабар беради ССВ матбуот хизмати.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Очиқ мулоқотда бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев кейинги беш йилда Ўзбекистонда ижтимоий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар билан бир қаторда, коронавирусга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

«Коронавирусга қарши курашишнинг бирдан бир оқилона йўли — аҳолини эмлаш. Буни фуқароларимиз ҳам англаб етмоқда. Ҳозир қайси поликлиникага борманг, бир неча турдаги вакцинанинг исталгани билан бепул эмланишингиз мумкин. Мамлакатимизда ихтиёрий равишда вакцина оладиган 12 ёшдан юқори болалардан ташқари, 21 миллиондан зиёд юртдошимиз эмланиши кўзда тутилган. Ҳозиргача шулардан 60 фоизи вакцинанинг биринчи дозасини олди. Йил якунигача вакцина олувчи аҳоли қатламининг 80 фоизгача қисмини эмлаш билан қамраб олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу дунё давлатлари ўртасида юқори кўрсаткич ҳисобланади», — дейди Мусаев.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилган эди. Айни пайтда ушбу маблағ тўлиқ ўзлаштирилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида коронавирусга қарши курашиш ва вакциналар сотиб олиш учун қўшимча 1,3 триллион сўм ажратилгани маълум қилинди. Ўзбекистонда 28 сентябрдан 12 ёшдан катта болаларни ҳам коронавирусга қарши Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмлашга рухсат берилган.