Самарқандда боғчада хўжалик мудираси болаларга ажратилган қарийб 5 килограмм гўштни олиб чиқиб кетмоқчи бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Самарқанддаги 28-сонли мактабгача таълим ташкилотида хўжалик мудираси болаларга ажратилган 4,7 килограмм гўштни олиб чиқиб кетмоқчи бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси расмий муносабат билдириб, воқеадан сўнг бош ошпаз Ў.А. ва хўжалик мудираси М.Э. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини, мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан қонун доирасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Маълум бўлишича, боғча бош ошпази пиширилган 4,7 килограмм гўштни кирхонага беркитган. Шундан сўнг кирхона деразасидан гўштни хўжалик мудирасига берган. Хўжалик мудираси эса маҳсулотни боғчадан олиб чиқиб кетаётганда тарбиячилар Н.Н. ва М.У. томонидан тўхтатиб қолинган.

Ушбу ҳолат бўйича ошпаз ва хўжалик мудираси билан суҳбат ўтказилганда бу ишни доим боғча директори Ш.У.нинг топшириғи билан қилганини айтган. Улар айтган гаплари ҳақиқат бўлиб, аудио-видеолардаги ёзувлар тўғри эканини ёзма баёнотда ҳам тасдиқлаган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбарининг «Дарё» сўровига асосан маълум қилишича, 28-сонли МТТ тарбияланувчиларининг ота-оналари ташкилотда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар талон-торож қилинаётгани ҳақидаги мурожаати ва бошқа хабарлар асосида Пахтачи туман прокуратураси томонидан текшириш ўтказилган.

Текширишда 2021 йил январидан шу кунга қадар ушбу боғчанинг мансабдор шахслари томонидан жами 82,8 миллион сўмлик 1376,7 килограмм гўшт маҳсулотлари талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан 167-моддаси 2-қисми «а» ва «г» бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан кўп миқдорда ва такроран талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.