ИИВ ЙҲХББ ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон шаҳрида ЙПХ ходими «Жигули»ни қувиб, унинг ЙТҲга учрашига сабабчи бўлгани айтилган хабар юзасидан маълумот берди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео изоҳида ёзилишича, Андижон шаҳрида ЙПХ ходими давлат рақами 60|560 VSF бўлган Lacetti’да «Жигули»ни қувиб, унинг ЙТҲга учрашига сабаб бўлган ва ўзи воқеа жойидан кетиб қолган.

Идора матбуот хизматининг маълум қилишича, йўл-транспорт ҳодисаси 24 сентябрь куни соат 23:10 ларда шаҳарнинг Бобуршоҳ кўчасидан Олтинкўл кўчаси томон ҳаракатланиб кетаётган 22 ёшли А.С. бошқарувидаги «ВАЗ-2107» автомобили билан содир бўлган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

«Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда йўл-патруль хизмати автомобили ҳайдовчини қувиб боргани сабаб юзага келгани айтилган изоҳ билан тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан суриштирувлар олиб борилганида, ЙПХ ходими О.Солиев ўзига бириктирилган Lacetti русумли хизмат автомобилида ушбу авария содир бўлган вақтда мазкур кўчада ҳаракатлангани, ҳайдовчи А.С. бошқарувидаги автомобиль иштирокидаги ЙТҲга алоқадор эмаслиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, «Жигули» ҳайдовчиси ҳам содир бўлган воқеа бўйича изоҳ берган.

«Техник носозлик сабаб рул бошқарувини йўқотиб, ‘Ўзбегим’ савдо маркази яқинида йўл четига чиқиб кетиб қолдим. Менга ва ёнимдаги шеригимга ҳеч қандай шикаст етгани йўқ. Кеча ижтимоий тармоқларда ‘ГАИ ходимлари қувлабди, қисибди’ дея тарқалган гаплар ёлғон. Бу маълумотларнинг ҳаммаси нотўғри. Шуларга тўғри баҳо беришларингни сўрайман», — дейди ҳайдовчи.

Идора матбуот хизмати ижтимоий тармоқдаги айрим саҳифалар эгаларидан, ҳар қандай маълумотни батафсил ўрганмасдан турли изоҳлар билан тарқатмасликни сўраган.

Аввалроқ Сурхондарёда маст ҳайдовчи Lacetti’да икки ЙПХ инспекторини судраб кетгани тўғрисида хабар берилганди.