Клиплардаги иштироки орқали танилган актриса Зарина Йўлдошева «Дарё» интернет нашрига эксклюзив интервью берди. У ота-онасининг ўлимидан сўнг меҳрибонлик уйида ўтган болалиги, у ердаги қийинчиликлар ва давлатдан томонидан берилган уйни нега рад этганлигига ойдинлик киритди.

Баъзан меҳрибонлик уйида ўсган болалар меҳрсиз бўлади, деган гапларни эшитиб хафа бўлардим. Ҳаётда ота-онасининг бағрида ўсиб ҳам меҳрсиз бўлган болалар кам эмас-ку? Меҳрибонлик уйида ўсган бола меҳрсиз эмас, аксинча меҳрга чанқоқ бўлади. Истаймизми, йўқми меҳрибонлик уйида унга ҳамма бегона, урилиб-сурилиб катта бўлади. Энг яхши дейилган меҳрибонлик уйида ҳам тарбиячилар болаларга меҳр бермайди. Шунинг учун ҳам ташқаридаги инсонлар унга озгина меҳр беришса, қувониб кетишади.

Меҳрибонлик уйининг ҳам ички тартиб-қоидалари бор. Ҳатто уларнинг баъзиларидан тарбиячилар ҳам бехабар бўлишади. Масалан, ёши кичик болалар катта болаларнинг хизматини қилиши керак. Қоидага бўйсунмаган бола, албатта, жазоланади. Чақалоқлик пайтидан меҳрибонлик уйида улғайган болалар анчайин агрессив бўлишади.

Шунингдек, актриса давлат томонидан унга уй берилгани, бироқ у уйни рад этгани ҳамда ўз кучи билан кредитга уй олгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Менга ҳам ҳокимият томонидан уй бериш тўғрисида буйруқ чиқарилган эди. Ўзим Тошкентда бўлганим учун уни бувим кўриб келди. Бизга берилган уй қандайдир эски мактаб биносида экан, бувимнинг айтишича, бу уйда энг муҳтож инсон ҳам яшаши мушкул. Бундай хароб уйни олмай, имтиёзли кредит асосида икки хонали уй сотиб олдим.

Маълумот учун, Зарина Йўлдошева 2000 йил Сирдарё вилоятида туғилган. У «Мен сени севаман» (Юлдуз Усмонова), «Билмади» (Улуғбек Раҳматуллаев) ва «Тор кўча» (Зиёда) клипларида суратга тушган. Айни кунларда эса «Миллий» телеканалида эфирга узатилаётган «Ўжар ҳомиладор» сериалида бош ролни ижро этмоқда.