Исталган мамлакатда миллат афсонаси даражасигача чиққан футболчилар бўлади. Бундай тоифадаги футболчилар қаторида Пеле (Бразилия), Диего Марадона (Аргентина), Ёхан Кройф (Нидерландия), Мишель Платини (Франция), Криштиану Роналду (Португалия), Лионель Месси каби номларни келтириш мумкин. Ўзбекистонда эса бу ном Миржалол Қосимов номи билан боғлиқдир. Ўзбек футбол қироли ва «ўзбек Марадонаси» деб ном берилган Миржалол Қосимов бугун, 17 сентябрь куни 51 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан «Дарё» ўзбек футболининг яқин ўтмишидаги энг ёрқин юлдузи ҳақида ҳикоя қилади.

Футболдаги илк қадамлар ва ғалабалар

Қосимов 10 ёшидан бошлаб футбол билан шуғулланишни бошлаган. Қосимовнинг отаси уни Чиғатойдаги футбол мактабига олиб боради. У ерда уни илк мураббийи Юрий Госпадарчук қабул қилиб олади. Қосимовнинг ўзи футболга кириб келиши ҳақида шундай дейди:

«Ҳар бир болакайга ўхшаб маҳаллада оёқяланг, бир футболкада тўп тепиб юрганмиз. Айнан ўша пайтдаёқ футболга қизиқиш пайдо бўлган. Ўша пайтда юртимизда фақат «Пахтакор» жамоаси бор эди. Барчамиз бирдек ушбу жамоага мухлислик қилардик. Ҳар бир болакай ёшлигида айнан «Пахтакор» либосида футбол ўйнашни орзу қилган. Футболга қизиқишим ва муҳаббатимни пайқаган отам 10 ёшимда, аниқроғи, 1980 йили 5 январь куни Қорақамишдаги Чиғатой футбол мактабига олиб борганлар. Айнан ўша кундан футболдаги илк қадамим бошланган», – деганди Қосимов «Championat.asia» сайтига берган интервьюсида.

Фото: Google Images

Қосимов ёшлик йилларидаёқ майдондаги ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб турган ва етакчиликни ўз қўлига олишдан чўчимаган. Шу тариқа у 14 ёшида собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасига чақирилади. 1985–1986 йилларда Москва олий футбол академиясида таҳсил олади. 1986 йилда 16 ёшлилар ўртасида Жаҳон, 1987 йилда эса 18 ёшлилар ўртасида Европа чемпионатида ғолиб чиқади. Шу тариқа ёш Қосимов футбол жамоатчилигига ўзини танитиб қўяди.

Клублардаги фаолият

17 ёшга тўлганида «Пахтакор» сафида дебют қилиб, болаликдаги орзусини амалга оширган Қосимов фаолияти давомида пойтахт клубидан ташқари «Алания», «Динамо Минск», «Крилья Советов, «Аш-Шабоб» ва «Машъал» каби клубларда тўп суради. Ушбу рўйхатда Қосимов учун «Пахтакор» ва «Алания» клублари анча қадрдон саналади. «Пахтакор» сафида катта футболга кириб келган бўлса, «Алания»да унинг легионер сифатидаги энг яхши йиллари ўтган.

1994 йилда Қосимов «Алания»га йўл олади.  Қосимовнинг сўзларига кўра, Владикавказ клуби ўшанда трансфер учун «Пахтакор»га 150 минг АҚШ доллар тўлаган.

Фото: Google Images

«Аниқ эсимда. Таклиф келган пайтда «Пахтакор» билан шартномам муддати тугаган бўлганди. Аммо клубнинг ўша пайтдаги молиявий ҳолати ёмонлашгани туфайли, янги шартномага имзо чекканман ва «Алания» трансферимни 150 минг АҚШ долларига сотиб олишга мажбур бўлганди. Ўшанда «Пахтакор»да футболчилар 6 ойлаб маош ҳам олмаганмиз. Бу беркитадиган нарса эмас. Шунингдек, бу гапларни мақтаниш учун ҳам айтмаяпман. Шунчаки ўша пайтдаги ҳолат ва шароитдан келиб чиқиб жамоага сал бўлса-да, нафим тегишини истаганман. Агарда ҳозирги кунга таққослайдиган бўлсак, ўша пайтдаги 150 минг АҚШ доллари 1,5–2 миллион доллар бўлиши мумкин. Чунки ўша пайтда 1–2 хонали уйлар, менимча, 500–700 доллар турарди. Ундан ташқари «Пахтакор»га икки комплект тўлиқ янги ўйин либосларини олиб келганман».

Қосимов Россия клубида том маънода ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этади. Мухлис ва мутахассислар унинг майдонни кўра олиш қобилияти, заргарона узатмалари ва ақл бовар қилмас даражада аниқ ҳамда нафис тарзда амалга ошириладиган жарима зарбаларидан ҳайратга тушарди. Шунингдек, Қосимовнинг бурчак зарбалари ҳам у ўйнаган жамоаларнинг асосий устунликларидан бири бўлган

Қосимов «Алания» билан биргаликда 1995 йилда Россия чемпиони бўлади, 1996 йилда эса биринчиликнинг кумуш медалига эга чиқади. 1995 йилда жамоа «Ливерпуль» билан баҳс юритади, учрашувда Қосимов жарима зарбасидан тўп киритиб, УЕФА таснифидаги мусобақаларда гол урган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланади.

Шундан сўнг у яна қисқа муддатдан (1997-1999 йилларда) «Пахтакор» ва «Алания» сафида ҳаракат қилади. 2000 йилда эса Россиянинг бошқа бир клуби «Крилья Советов»га ўтади, бироқ у ерда кўп ушланиб қолмайди ва бир йилдан сўнг БААнинг «Аш-Шабоб»ига ўтади. «Аш-Шабоб»даги саргузаштлар ҳам узоққа чўзилмайди. Қосимов кейинчалик араб жамоасидан кетишига жамоада ўзини бахтли ҳис қилмагани сабаб бўлганини айтганди.

Шундан кейин у яна бир мавсумдан «Пахтакор» ва «Алания»да ҳаракат қилиб, 2005 йилга келиб, Муборакнинг «Машъал» клубида бутсиларини михга илади.

Гарчи Қосимов жамоаларини тез-тез алмаштириб турган бўлса ҳам, у ҳақли равишда «Пахтакор» ва «Алания» афсонаси ҳисобланади. Айнан мана шу клублар сафида у мавсум тўпурари, мавсумнинг энг яхши футболчиси каби совринларни қўлга киритган.

Терма жамоадаги фаолият

Фото: «Championat.asia»

Миржалол Қосимовнинг Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолияти 1992–2005 йилларга тўғри келади. Мана шу йилларда Қосимов терма жамоанинг ҳақиқий етакчиси бўлган ва жамоадошларини ўз ортидан эргаштира олган. Катта ва ўрта ёшдаги исталган футбол мухлисидан терма жамоа ҳамда Миржалол Қосимов ҳақида сўралса, улар Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларини ёдга олади. Ҳақиқатан ҳам терма жамоа тарихидаги ягона ғалабанинг қўлга киритилишида Қосимовнинг ҳиссасини сўз билан таърифлаш шунчаки имконсиз. У марказдан туриб, жамоа ўйинини бошқаришдан ташқари, гуруҳ босқичининг ҳар учала ўйинда (Саудия Арабистони, Малайзия ва Таиландга қарши) гол уради. Кейинги йилларда ҳам Қосимов терма жамоанинг асосий лидери сифатида ҳаракат қилиб келган. Қосимов уч бор терма жамоа билан (1998, 2002 ва 2006 йилги) Жаҳон чемпионатига боришга уриниб кўрган, бироқ ҳар сафар муваффақиятсизликка учраган.

2005 йилда, 35 ёшида терма жамоадаги фаолиятини якунлаган Қосимов «оқ бўрилар» сафида 67 та ўйинда майдонга тушиб, 31 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган. Ўзбекистон терма жамоасида ҳаракат қилган ва қилаётган футболчиларга тўлиқ ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, миллий жамоада Қосимов даражасидаги ўйинчи бўлмаган.

Мураббийлик фаолияти

Муборак клубида катта спорт билан хайрлашган Қосимов клубнинг ўзида мураббийлик фаолиятини бошлаб юборади. 2006 йилда эса Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоасида Рауф Инилеевга ёрдамчи этиб тайинланади. Бунда унинг кўп йиллар давомида терма жамоага сардорлик қилгани ва келажакда етук мураббий бўлиб етишиши ҳам ҳисобга олинганди. 2007 йилга келиб, Қосимов ёш «Қурувчи»га (ҳозирги «Бунёдкор») бош мураббий бўлади, 2008 йилда эса жамоа Қосимов қўл остида мамлакат чемпионлигини қўлга киритади. Бунгача Тошкентнинг бошқа бир клуби «Пахтакор» кетма-кет етти мавсумдан бери чемпион бўлиб келаётганди. Шунингдек, ўша йили Қосимов жамоаси Осиё Чемпионлар Лигасидаги дебют мавсумида ярим финалга қадар етиб бориб, кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлади.

Фото: Google Images

2008 йилнинг сентябрь ойида Қосимовга Ўзбекистон терма жамоасига устозлик қилиш юкланади. У саралаш босқичида бир нечта ўйинларда муваффақиятсизликка учраган Инилеевнинг ўрнини эгаллайди. 2010 йилги Жаҳон Чемпионатига чиқиш вазифаси уддаланмагач, у 2010 йилда термадан бўшатилади.

2012 йилнинг сентябрь ойига келиб, Қосимов яна термага қайтарилади. Унинг қайтишига Тошкентда Эрондан қабул қилинган мағлубият сабаб бўлади. Шу тариқа Қосимов бир вақтнинг ўзида ҳам терма жамоа, ҳам «Бунёдкор»ни бошқаради. Бироқ 2014 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳам қўлдан чиқарилади. Гуруҳда Эрон ва Жанубий Кореядан кейин 3-ўринни эгаллаган терма жамоа 2013 йилнинг сентябрида ўтиш ўйинида Тошкентда Иордания терма жамоасига пенальтилар серияси бўйича имкониятни бой бериб қўяди. Гарчи ўша ўйиндан кейиноқ истеъфо сўраган бўлса-да, Қосимов 2015 йилга келибгина ўз лавозимидан озод этилади.

Тан олиш лозим, Қосимов ҳар сафар терма жамоани қийин вазиятларда ўз қўлига олган. Унинг қўлига «тишланган нон» тақдим этилган. Биринчи сафар Инилеевнинг кемтикларини тўлдиришга мажбур бўлади, келаси сафар эса Вадим Абрамовнинг ишини давом эттириши керак эди. Ҳар икки вазиятда ҳам жамоани ўзи шакллантирмайди ва шошилинч тарзда бошқарувни қўлига олади. Қосимовнинг (мураббий сифатидаги) терма жамоадаги умумий статистикаси қуйидагича бўлган: 54 ўйин, 22 ғалаба, 15 дуранг, 17 мағлубият.

Аммо ушбу вақт оралиғида Қосимовни «Бунёдкор» билан ижобий натижаларга эришган дейиш мумкин. Бунга «Бунёдкор»нинг 2010, 2011 ва 2013 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлгани ҳам мисол бўла олади. «Бунёдкор»дан ҳам, термадан ҳам кетган Қосимов 2015–2017 йиллар оралиғида ишсиз ҳам юрган. 2017 йилда 3 марта «Бунёдкор»га бош мураббий бўлади, бироқ бир йилдан сўнг жамоа билан ҳамкорликни тўхтатади.

Фото: ОКМК ФК

2019 йилдан эса «ОКМК» клубига устозлик қилмоқда. Ортда қолдирган йиллар Қосимовни анча тажрибали қилди ва у эндиликда футбол соҳасида ўз фалсафасига эга. Олмалиқ клубининг ўзбек футболи афсонаси қўл остида Суперлигада (18-турдан кейин 32 очко билан («Пахтакор» – 48 очко ва «Сўғдиёна» – 34 дан кейин) 3-ўринда бораётгани ҳам бунга далил бўлиши мумкин.

                                                                                                        Муаллиф: Билол Эркин