2001 йилнинг 11 сентябри XXI аср остонасидаги энг фожиали кун сифатида тарихга муҳрланди. Нью-Йоркдаги икки йирик савдо маркази қуладию, оилалар пароканда бўлди, минглаб болалар етимга айланди, тақдирлар чалкашиб кетди. Ўша воқеада ота-онасини йўқотган ўғил-қизлар бугун вояга етди, йўлини топди, лекин кўнглидаги жароҳат ҳар йилнинг 11 сентябрида қайта-қайта янгиланаверади. The Guardian Америка тарихидаги қонли теракт сабаб қон-қариндоши, яқинларини йўқотган ўғил-қизларнинг (уларни «11 сентябрь болалари» деб аташади) ўтган йигирма йиллик армонларини эълон қилди.
Робин Ҳигли сентябрни ёмон кўради. Бу ойда ҳаммаси чаппа айланади. Йилнинг бошқа пайти қувноқ ва кўтаринки кайфиятда юрса-да, айнан шу ой ичига чироқ ёқса ёришмайди, шашти пасаяди.
Нега шундайлигини билмаса-да, сентябрда доим ғам-изтиробда қолаверади. 11 сентябрь фожиасига 20 йил тўларкан, бу йилгиси ўтган 19 тасидан-да ёмонроқ, оғриқлироқ ўтишини билади. Оммавий ахборот воситалари ўша машъум кунни тинмай такрорлайверади, ватанпарварлик туйғулари жўш уради, қизгина эса ўтган йиллардагидан-да, кўпроқ диққат марказида бўлади.
«Умуман олганда, буларнинг ҳеч бирини жиним суймайди. Ҳа, қатнашаман, 20 йил — бу катта гап. Лекин ўзимни қандай ҳис қилаётганимни кутадиганлар ҳам топилади. Одамлар бу митти, қайғуси зўр қизалоқнинг юраги чил-чил синганини ўзларича тусмоллашади. Аммо мен қарийб 20 ёшдаман. Улғайяпман», — дейди у.11 сентябрь воқеалари атрофида Робин Ҳиглейнинг бўлиши жуда оғир. Умрида бир бора кўрмаган отаси учун қандай қайғурсин? Фожиа рўй берган жойда ўзи бўлмаган эса-да, ҳаёти поёнигача «11 сентябрь боласи» ёрлиғини қандай кўтариб юрсин?
2001 йилнинг 11 сентябрида қизнинг отаси Роберт (кўпчилик Робби деб атайдиган) Ҳигли Жаҳон савдо марказининг 92-қавати, жанубий қанотида жойлашган ишхонасига кетганди. Бу бинода атиги уч ой аввал суғурта маъмури бўлиб иш бошлаган ва айнан фожиа куни менежер бўлиб фаолиятини давом эттириши сўралганди.
Шимолий бинога тонгги 08:46 да ҳужум уюштирилгач, Робби рафиқаси Викига қўнғироқ қилиб, қўшни бинода нимадир рўй бергани, лекин у билан ҳаммаси жойида эканини айтади. «Ҳозир ортимга қарасам, бу энг изтиробли, қисқа суҳбат бўлган экан», — дейди Вики Ҳагли.
Кейин нималар рўй берганини англашга Викига вақт керак бўлди. Турмуш ўртоғи 12 нафар ҳамкасбига эвакуацияда кўмаклашиб, United Airlines 175 рейси соат 09:03 да жанубий қисмга келиб урилгунича, ёнидагиларнинг энг охиргиси биринчи қаватга лифтда тушишигача бош-қош бўлади, ўзи эса қочишга кечикади. «Бошқарувчига хос йўлни тутиб, унинг ўзи лифтга чиқиб жон сақлашни танламайди, аксинча, ҳамманинг соғ-саломатлигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлайди», — дейди Вики.
11 сентябрь куни Вики бевага, 4 яшар қизи Амандани тарбиялаб, вояга етказадиган ёлғиз онага айланади. Қорнида эса ҳали туғилмаган Робин бор эди.
Робин орадан етти ҳафта ўтиб, 2001 йилнинг 3 ноябрида туғилгунича «11 сентябрь боласи» ёрлиғи тилларга тушиб бўлганди. Эгизак бинолар ҳужуми қурбонларининг янги туғилган чақалоқлари одамларда шу қадар қизиқиш уйғотадики, АBC News ҳатто туғруқхонада қизалоқнинг дунёга келишида ҳозиру нозир бўлади.
«Жуда кулгили-я. Онам дард билан, тўлғоқ тутиб касалхонага борсаю, АBC News уни кутиб тургани устидан чиқса», — дейди Робин.
Робин Ҳигли террорчилар Нью-Йорк, Вашингтон, Шанксвилли ва Пенсильванияга ҳужум қилганда оталари ўлиб, она қорнида бўлган 105 гўдакнинг бири. «Фавқулодда ноёб клуб» аъзоси сифатида у дунёга келди ва ўзи учун аллақачон тузиб қўйилган муҳитда ўсиб-улғайди.
Отаси ўлган куни у ҳаётида улкан воқеа содир бўлганини бола тасаввури билан англай бошлади, аммо буни қандай ҳазм қилишни билмасди. «11 сентябрь нималигини яхши билар, бироқ нималарни ҳис этишни ҳечам тушунолмасдим. Беш яшар қизалоқ учун мураккаб саволлар жуда кўп бериларди», — дейди у.
Вики боши берк кўча — икки мурғак қизни улғайтириш муаммоси қаршисида ожиз турарди. Уларга нима ҳам десин?
«Биров бировга жўяли гап ҳам айтмади», — дейди у. «Даҳшатли фожиада отасидан айрилган икки ёш гўдакни қандай вояга етказиш борасида бизга сўзлаб тургувчи дурустроқ қўлланмадан асар ҳам йўқ эди».
Робиннинг опаси Аманда билан унча муросаси тўғри келмасди. Улар қадрдон дўст, сирдошу, 11 сентябрь воқеалари бўйича кўрган-билганлари бир-бирига ҳадеганда тўғри келавермасди. Аманданинг ўшанда 4 ёшлиги, Робиннинг ҳали дунёга келмагани зиддият ва тушунмовчиликларни ўртага ташларди.
«Иккисининг ўртасида рашкка ўхшаш туйғу бор. Отаси ўлгач, 11 сентябрь ёрлиғини олган Робин ОАВнинг назарига тушди, бу эса Амандани жуда ғазаблантирди. Робин ҳам рашкчиликда қолишмайди. Аманданинг отаси билан ўтказган тўрт йили бор, синглисида эса йўқ», — дейди Вики.Ҳар йилнинг 11 сентябрида Робин кўпчиликнинг диққат марказида бўлади. «Мактабдалигимда бу жуда даҳшатли ўтарди. Ҳатто танимаган одамлар ҳам олдимга келиб: ‘Ҳой, аҳволлар яхшими? Тузукмисан?’ деганга ўхшаш гапларни айтишарди. Гўё улардан ҳамдардлик сўрашимни ва афсусланиб туришимни кутишарди», — дейди Робин.
Баъзи пайтлар атрофдагилар унинг биғиллаб йиғлаши ёки беҳад ғам-ғуссага ботишини хоҳлаши қизгинани азоблар, юрагига оғриқ соларди. «Улар ҳолдан тойишимни хоҳлашади. Ҳар йили 11 сентябрь санасида, биринчи бино қулаган соат эълон қилинганда, гўё бор воқеа кўз олдимда гавдаланаётгандек ҳаракат қилишим керакдек».
Бу йил Робин, Аманда ва Вики илк марта Ground Zero’да ўтказиладиган «9/11»нинг расмий маросимида иштирок этади. Бутун дунё бўйлаб тасвирга олиш шу қадар кўпга чўзилганидан Вики «бу йилгисига ҳам шунчаки чидаб бериш керак» деган қарорга келган.
Робин сал тушкунликда. Маросимнинг 20 йиллиги ўтказиладиган санадан етти ҳафта ўтиб ўзи ҳам 20 га тўлади ва 29 ёшга яқинлашаётгани (отаси ҳалок бўлган ёш) ҳақида ўйлай бошлайди.
«Отам ўлгандаги ёшга тобора яқинлашяпман. 30 га кирганимда отам қилмаган ишларни қилмоқчиман, яъни боламни боғчасига ўзим элтиб қўяман. Бу ҳақда ўйласангиз, жуда чалкашиб кетасиз».11 сентябрнинг 105 гўдаги (гоҳи бунданам кўп дейишади) эгизак бинолар, Пентагон, Шанксвиллдан унча узоққа тушмаган United Airlines рейсига қилинган ҳужум оқибатида ота-онасини йўқотган. Умумий манзарада 3051 нафар бола яқинларидан айрилди — 11 сентябрь фожиасидаги саккиз қурбондан етти нафари оталар ҳиссасига тўғри келади.
Ўтган йигирма йилини Терри Сирс «11 сентябрь болалари» дунёсини тўлдиришга бағишлади. У ҳужумдан кейин ташкил этилган «Сешанба болалари» нотижорат ташкилоти раҳбари бўлиб, ортда қолган етим болаларни қўллаб-қувватлаш, таъминлашга бош-қош бўлиб келмоқда.
Маросим арафасида Сирс эски кадрларни — хайрия ташкилоти дастлабки йиллари болаларни саёҳатга олиб чиққан лавҳаларни такроран томоша қилди. Унга оғир ботгани — йўқотишларнинг кўплиги эди.
«Нью-Жерсида ёки Лонг Айленддаги қирғоқ бўйида тадбир уюштириб ўтираркансиз, минглаб болаларнинг бари бир кунда ота-онасидан айрилганига ўртаниб кетасиз. Бу шунчалик даҳшатли йўқотишки... Бугунги манзарага қарасангиз ҳам, бари оғриқли, изи ўчмаган».
Сирс йиллар бўйи болалар орасида кўрган-билганларини бўлишишга ҳаракат қилди. 11 сентябрь фожиасининг энг ёмон тарафи — сен ундан минг уриниб қочма, барибир, таъқибидан қутулолмайсан.
«Ҳар куни янгиликларда шу гап бўларди. Дарсдан келиб, шунчаки телевизорни ёқсанг, қулаб тушаётган бинолар тасвири яна қалқиб чиқаверарди. Шу зайл, 11 сентябрь болаларининг аянчли ҳикоялари узоқ йиллар омма олдида қайта-қайта қўйилаверди».
Сирс ҳам худди Робин Ҳиглидек, бошқаларнинг зулми, сендан нималар кутилишини таъкидлади. «11 сентябрь болалари»нинг жуда кўпи йиллар бўйи ўзлари билан ўзлари қолишга уринишаётганини айтарди», — дейди Сирс. «Бирортаси энди иш бошлаб, янги жамоага қўшилса, кимдир тўппа-тўғри келиб: ‘Эшитдим, отангизни йўқотган экансиз-а!’ деса жуда хафа бўлишар, кўнгли чўкарди. Чунки уларнинг кўпи ачинишларини эмас, шунчаки оддий одамлардек ҳаёт кечиришни исташарди».
Майк Фридман 11 сентябрь воқеаси болалар устига қандай соя солганини жуда яхши билади. У ва эгизаги Ден оталари ўлгани куни 11 ни тўлдиришганди.
«11 сентябрь махсус кун билан боғлиқ ягона фожиа. Шунинг учун ҳеч биримиз унутолмаймиз. Воқеа янгиликлар, телевизор, интернетда тинимсиз айланади. Сен эса бундан сира қутулолмайсан. 11 сентябрь ҳафтаси яқинлашгани сари ўзимни бошқача сезаман, аввалгидек бўлолмайман негадир», — дейди Майк.
Жаҳон савдо марказига қилинган ҳужумдан олдин ака-укаларнинг бино билан алоқадор боғлиқликлари бор эди. Бу эгизакларнинг жуда антиқа томони — бўйи билан боғлиқ бўлиб, Майк 2 метру 10 сантиметр, Ден эса 2 метру 5 сантиметрга етарди.
Йиллар бўйи иккиси ўқитувчиларниям қўшганда, синфда энг баланд ўқувчи эди ва бу уларга ҳурматга тўла тахаллусни ҳам келтирганди. Номни машҳур баскетбол юлдузи Межик Жонсон (болалар спортчини оналарининг иш билан боғлиқ бир тадбирида учратиб қолишганди): «Икки эгизак бинога омад ёр бўлсин!» деб дастхат ёзиб берганида қўйганди.
Тахаллус ёпишди-қўйди. Анча йиллар аввал 44 га кирган, акциялар сотадиган оталари худди шу куни ишга жўнаб, бинонинг шимолий тарафидаги 92-қаватда ҳалок бўлган иморатдек Майк билан Ден бугун ҳақиқий эгизак минораларга айланди.
Робин Ҳагли ва эгизаклар ўртасидаги тажрибада жуда катта фарқ бор. Қизгинадан фарқли ўлароқ, ака-ука ўша куни воқеалар соясида ҳозир бўлишган. Иккисини мактаб маъмурияти шошилинч чақиртириб, оталари ишлайдиган бинога самолёт келиб урилгани, лекин хавотирланишга ҳожат йўқлиги, оталари соғ-саломатлигини айтади.
Улар куннинг қолган қисмини гўё ҳеч қандай ҳодиса рўй бермагандек ўтказади. Қўшнининг ҳовлисида ўйнаб-кулишгани, ҳовузда чўмилиб, қўрада пиширилган гўштдан роҳатланишганини эслашади.
Лекин ҳаммаси эртасига, оналари Лиза Фридман Кларк иккисини ўтирғизиб: «Болалар, отангиз қайтиб келади деб ўйламайман» дейиши билан барҳам топади.
11 сентябрь болалари орасида алоқадорлик йўқ эмас. Робинга ўхшаб эгизаклар ҳам узоқ йиллар оталарига нима бўлганини билиш пайида юради. Лиза эса энг оғриқли, юракни ўртайдиган тафсилотларни ўғиллари вояга етиб, моҳиятни тушунгунларича тиш ёриб айтмайди.
Шунинг учунми, иккиси ҳам бинонинг шимолий қисми йиқитилмагунича оталари соғ-саломат бўлгани, оналари Лиза айтганидек, «ҳаво етарлича эди» деб улғайди. Ден эса вояга етгунича 92-қават мутлақо хавфсиз, воқеалар тугагунича сокин жой бўлган деган тасаввурда эди.
Эгизаклар 20 ни тўлдирганда оналари бор ҳақиқатни айтиб беради. «Онамиз бизга отамнинг бир ярим соат ерга қапишиб, дўзахда қолиб кетганини айтди. Онам қўнғироқ қилганида отам тинмай йўталаётган экан. Ичкарида тутун, деворлар қулаётган, зинапоялар яроқсиз, одамлар қий-чув кўтарган ва бинодан ташқарига сакраётган бўлган. Буларни эшитиш азоб».
11 сентябрь болаларнинг барчаси йиллар бўйи шундай хотиралар билан курашди. Фридманларга болалар терапевти аламли оғриқлардан ўтиб олишда ёрдам берди.
Робин болалигида бир неча марта параноя (камдан кам учрайдиган руҳий касаллик)дан қийналди. Онасидан ажралиб қолиш ўйидан сиқилар, кинотеатрга киргудек бўлса ҳам, кимдир бинони текшириб, хавфсиз дегандан кейингина кўнгли жойига тушарди.
«Отамнинг бир куни ишга кетиб, сира қайтиб келмаганини билиб улғайдим. Бу эса мени ҳар қандай жойга боришдан қўрқитади».
Хотиралар, ёдгорликлар вафот этган оталари билан мустаҳкамроқ алоқа ўрнатишда уларга ёрдам берди. Орегонлик бир киши Эндрюнинг эски-туски кўйлаклари, коллеждаги либосидан эгизакларга кўрпа тикиб берган, Ден эса отасининг голф таёғини Лонг Айленддаги клубда сақлайди.
Робинда сомон тиқилган пушти қуёнча ўйинчоғи бор. Отаси туғилажак фарзанди қизлигини билгач, рафиқаси Вики билан сотиб олган экан. Ўйинчоқ уни йиллар бўйи юпантирди, аччиғи чиққанда жаҳлини босишга ёрдамлашди. Отаси эса унинг кимлигини ҳам билолмади.
«Анчагача отам менинг кимлигимни билолмай кетганидан қийналдим. Лекин менинг қиз фарзандлигимни билган. Менга деб ўйинчоқ олганининг ўзиёқ сал таскин беради. У менинг кимлигимни билган. Мени ўйлаб қувонган».11 сентябрь болаларининг кутилмаган қувончли онлари ҳам бўлади. 2011 йилнинг майида Усома бин Лодиннинг ўлдирилиши ҳеч бирига тенг келмаган. Робин оиласи билан опаси Аманданинг 14 га кирганини нишонлаётган пайт унинг Покистонда АҚШ «Денгиз мушуклари» (US Navy Seal)нинг олти гуруҳи томонидан ўлдирилгани эълон қилинади. «Биз буни шоколадли торт билан нишонладик. Янгилик ҳақиқатда қувончли эди», – дейди у.
Йиллар ўтгани сайин Робин сира кўрмаган отасига нисбатан ҳурмати ошиб борарди. Болалигида отасининг шамойили шунчаки суратлари орасида турарди, энди эса унинг тасаввурида тўлиқ инсон гавдаланиб улгурган.
Агар жамики ҳодисотларни ҳисобга олсак, Робин 11 сентябрь боласидан қандай қилиб мустақил кучли аёлга айланганидан ҳайрон қолади. «Баъзан ўзимга қарши шунча тўсиқ рўпарасида қай тариқа яхши томонга ўзгара олдим, деб ҳайрон бўламан», — дейди у.
Унинг бор-йўғи икки армони бор. Отаси унинг нақадар очилиб-сочилиб бораётганини кўришини хоҳлайди. «Ўзимдан нечоғлик фахрланишимни отам кўришини истардим», — дейди.
Бошқа армони 11 сентябрь воқеаси билан боғлиқ. Гоҳи отаси ўз ҳаётини қурбон қилиш эвазига бошқалар жонини сақлаб қолгани ҳақида ўйлайди. «У қаҳрамон ва бу ишини қадрлайман. Лекин мени ғуссага чўмдирадиган дақиқалар бор — нега отам ўша лифтга ўзиям чиқа қолмади?», — дейди у.
Изоҳ (0)