Қизил помада, думалоқ шаклдаги катта кўзойнак, билакка тақилган кўплаб ёрқин билагузуклар ва мўйнали шуба Айрис Апфелга хос образ саналади. Мода оламида кийиниш услуби билан машҳур бўлган интерьер дизайнери — Остиндаги Техас университети профессори 2021 йилнинг 29 август куни 100 ёшни қаршилади. Мода «иконяси»нинг таваллуди муносабати билан унинг биографиясидаги 10 та энг қизиқарли фактни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
https://www.instagram.com/p/CTKIGcrLBom/
Дизайнерлик қонида бор
Айрисда модага қизиқиш тўсатдан пайдо бўлиб қолмаган. Онаси мода бутигини бошқарган. Айрис у ерда кўп вақтини ўтказган. Отаси эса интерьер ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Бўлажак юлдузнинг бутун болалиги Нью-Йоркда ота-онасининг ишлари билан танишиш билан ўтган.
Келиб чиқиши
Ота-онасининг келиб чиқиши яҳудийларга бориб тақалади. Аммо онаси Седи Баррель Россияда дунёга келган.
Карьерасини мода журналисти сифатида бошлаган
Айрис карьерасини Women’s Wear Daily журналида муҳаррир лавозимида ишлашдан бошлаган. Кейинроқ Elinor Jonson’нинг интерьер дизайнери бўлиб фаолият юритган. Шундан сўнггина декоратор сифатида танилган.
Айрис Американинг 9 президенти учун интерьер яратган
У дизайнер Трумендан тортиб Клинтонгача бўлган президентларнинг уйи ва офисларини интерьер билан безатган. Лойиҳаларнинг барчасини 2015 йил 100 ёшда вафот этган турмуш ўртоғи, Old World Weavers текстил ишлаб чиқариш компанияси раҳбари Карл Апфел билан биргаликда амалга оширган.
Махсус туфлилар
2012 йил машҳур Jimmy Choo бренди Айрис Апфелга бағишлаб Iris номли туфли моделини тақдим қилди. Баланд пошнали ва камар ҳамда безакли жигарранг босоножка бренднинг дўконларида сотувга чиқарилган. Шунга қарамай, аёл мазкур моделга шайдо бўлмаган. Бу туфлини ортопедларнинг орзуси деб атаган Айрис, сипороқ вариантлар масалан, Manola Blanhik классик учли туфлиларини афзал билишини маълум қилган.
97 ёшда моделлик шартномаси
Бундан 2 йил аввал, яъни 2019 йилда Апфел ҳаётида биринчи марта IMG агентлиги билан моделлик шартномасини имзолаган. Ўша вақтда у 97 ёшда бўлган. Аслида бунга қадар Айрис бир неча журнал муқовалари учун суратга тушган ва реклама кампанияларида иштирок этиб улгурган. Барча иш билан боғлиқ музокараларни унинг ўзи мустақил равишда олиб борган. Бугунги келиб эса бу каби масалаларни унинг шахсий агенти ҳал қилади. Аёл — исталган карьера ҳатто моделликни бошлаш учун ҳеч қачон кеч эмаслигининг исботидир.
Унга бағишлаб барби ишлаб чиқарилган
Айриснинг образидан илҳомланган ҳолда Barbi ишлаб чиқарилган. Қўғирчоқ худди «иконя»нинг гардеробидаги образларидан биридек кийинтирилган. Мазкур қўғирчоқ Rara Avis номли музейнинг объектига айланган. Ўйинчоқни Mattel’нинг расмий дўконларидан харид қилса бўлади.
Музей кўргазмаларидан бири Айриснинг гардеробига бағишланган
2005 йил сентябрда Нью-Йоркдаги Костюм санъати музейида дизайнернинг гардеробига бағишлаб Rara Avis: The Irreverent Iris Apfel номли экспозиция намойиш қилинган. Муваффақиятли чиққани натижасида кўргазма Американинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам намойиш қилинган. Бу музей тарихидаги дизайнер эмас, мода «иконяси»га бағишланган илк кўргазма бўлган.
МАC билан ҳамкорликда макияж коллекциясини тақдим қилган
Ёрқин кийиниш услубидан ташқари Апфел, ўзига хос макияжи билан ҳам машҳур: уни қизил помада суртмасдан уйдан чиқмайди деса ҳам бўлади. Айнан шу сабаб ҳам МАC бренди унга 2011 йилда ҳамкорликда коллекция тақдим қилишни таклиф қилган. Тўпламдан помада, тен ва Айрис суртадиган рангдаги лаклар ўрин олган. Коллекциядан ўрин олган косметик воситаларнинг бозори чаққон бўлган.
Айрисга атаб ҳужжатли фильм суратга олинган
2004 йил Нью-Йоркда режиссёр Алберт Мейслеснинг декоратор ва интерьер дизайнери ҳақидаги «Iris» фильми тақдимоти бўлиб ўтган. Танқидчилар томонидан юқори баҳоланган лойиҳа кейинроқ АҚШ кинотеатрларида намойиш қилинган.
Изоҳ (0)