Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Канада бош вазири Жастин Трюдо намойишчилар томонидан тошбўрон қилинди. Воқеа бош вазир пўлат заводидаги митингдан чиқиб, автобус томонга кетаётган пайтда содир бўлган. Трюдо CBC телеканалига берган интервьюсида унга шағал тегганини, лекин ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди.

Фото: The Canadian Press

Канада Либерал партиясининг раҳбари Трюдо заводдаги митингда бўлажак парламент сайловлари дастури ҳақида гапирган.

CТV News хабарига кўра, Трюдога шағал отганлар орасида аҳолини мажбурий эмлашга қарши консерватив ҳаракат — Канада Халқ партиясининг тарафдорлари кўп бўлган.

Ўз нутқидан сўнг Трюдо унинг сиёсати эмлашга қарши мухолифатчиларнинг талаби билан белгиланмаслигини айтди.

«Ҳа, мамлакатда ғазабланган, илмга ишонмайдиган, ирқчилик ва мисогинистик ҳужумлар уюштирувчи одамларнинг маълум қисми бор», — деди бош вазир. Шу билан бирга, у бундай тоифадаги одамлар Канада аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилмаслигига ишонч билдирди.

«Шуни ҳам биламанки, мен бу овозларнинг, бу махсус манфаат гуруҳларининг, бу намойишчиларнинг — ҳатто уларни намойишчилар деб айтишни ҳам истамайман — ушбу вакцинацияга қарши тўдаларнинг мамлакат пандемиядан қандай омон қолишини белгилаб беришига йўл қўймайман», — деб қўшимча қилди Трюдо.

20 сентябрь куни Канадада парламент сайловлари бўлиб ўтади. Ҳозир Жамоат палатасида кўпчилик — 338 тадан 155 та ўринни Либераллар партияси эгаллаб турибди. Ундан кейин 119 та ўрин билан консерваторлар бормоқда.

Аввалроқ Трюдо корхона ва фуқаролар ҳимояси учун COVID-19 га қарши мажбурий эмлашни жорий этишга ваъда берганди. Хусусан, бош вазир тадбиркорларга коронавирусга қарши вакцина олмаган ишчиларни ишдан бўшатиш ҳуқуқини бермоқчи.

Изоҳ
Асосий янгиликлар