Ижтимоий тармоқда «ГАИ тўхтатган опани жағлари бақувват экан» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Унда Matiz ҳайдовчиси бўлган аёлни ЙПХ ходимлари тўхтатиб тургани, аёл мулоқот чоғида уларни ҳақорат қилганини кўриш мумкин. ЙҲХББ матбуот хизмати тарқалган видео юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 30 август куни соат 02:00 ларда Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани ҳудудида жойлашган «Ибн Сино» деҳқон бозори яқинида тунги хизматда бўлган ЙПХ ходими кўринишидан мастлик аломати сезилган, хатти-ҳаракатлари шубҳали бўлган аёл киши Matiz’ни бошқармоқчи бўлганлигига эътибор қаратган.
Бошқарувида бўлган Lacetti хизмат автомобилини йўл четига тўхтатиб, ушбу аёл киши билан мулоқот қилган. Мулоқот давомида фуқаро Д.Т.ни мастлик ҳолатида гумонлаган ва транспорт воситасини бошқармоқчи бўлган вақтда ходим кўнгилсиз ҳодиса содир бўлишини инобатга олиб, бошқаришига йўл қўймаган.
Шундан сўнг фуқаро Д.Т. турли сўзлар билан ходимни ҳақорат қилган. Ходим вазминлик билан оила аъзоси ёки таниши келиб олиб кетмагунча автомобилни бошқаришига йўл қўймаслигини маълум қилган. Фуқаро фарзандини чақиргандан сўнг ходим ўз хизматини давом эттирган.
«Фуқаро Д.Т. жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлиги, ЙПХ ходимини турли сўзлар билан ҳақорат қилганлиги бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ўрганиб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юбориш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, видеолавҳа ижтимоий тармоқда тарқалиб кетиши ҳолати ўрганилмоқда», — дейилади ЙҲХББ хабарида.
Изоҳ (0)