Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги 9-мактаб ўқитувчилари мактаб директори томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабар тарқалди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бунга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги 9-сонли мактаб директори ўқитувчиларни мактаб ҳовлиси ва атрофига тозалаш ишларига мажбурий тарзда жалб этгани аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Оқолтин туманидаги 9-мактаб директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (12 миллион 250 минг сўм) миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Бундан аввал Қашқадарёда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган директор ишдан олингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)