Қозоғистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия мамлакатда карантинни енгиллаштиришни маъқуллади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Фото: Tengrinews

Қозоғистон бош вазири топшириғига кўра, мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашиши муносабати билан карантин режимини юмшатиш бўйича бир қатор қарорлар тасдиқланди.

28 августдан дам олиш кунлари:

  • ASHYQ лойиҳасида иштирок этадиган барча тадбиркорлик объектлари ярим тунга қадар, «ASHYQ лойиҳаси етакчилар» эса соат 02:00 гача ишлаши мумкин. Фақат ушбу объектлардаги ходимлар ва ташриф буюрувчилар ASHYQ иловаси орқали тасдиқланган «яшил» мақомига (эмланган, ёки сўнгги 7 кун ичида топширган ПЗР-тести салбий чиққан) эга бўлиши керак
  • шанба кунлари жамоат транспорти ҳаракатига рухсат этилади.

30 августдан бошлаб иш кунлари:

  • ASHYQ лойиҳасида иштирок этадиган барча бизнес объектлари учун иш вақти соат 22:00 дан 24:00 гача, «ASHYQ лойиҳаси етакчилари» учун эса 24:00 дан 02:00 гача узайтирилади.

Шу билан бирга, Олмаотада карантинни юмшатиш бошқа шаҳарларга қараганда кечроқ — 4 сентябрдан бошланади.

Сўнгги кунларда Қозоғистонда коронавирус билан кунлик касалланиш ҳолатларининг камайиши кузатилмоқда. Бироқ 24 август куни касалланганлар сони яна ўсди: 6040 кишида COVID-19 аниқланди.

Ундан аввалги куни 5631 кишида инфекция қайд этилганди. Шунингдек, ўтган суткада Қозоғистонда 7184 киши касалликдан тузалди, 131 киши вафот этди.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасига кўра, мамлакатда пандемия бошидан бери жами 754 891 киши коронавирусга чалинган бўлса, шулардан 623 минг киши тузалган, 8643 киши вафот этган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотида эса Қозоғистонда жами 823 189 киши COVID-19 га чалингани, 12 655 киши вафот этгани қайд этилган.