Ўзбекистон Президенти 23 август, душанба куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)нинг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган йиғилишда Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва КХШТ бош котиби Станислав Зась қатнашди.
Сессияда қўшни Афғонистонда юзага келаётган вазият ҳамда минтақадаги барқарорликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Ўзбекистон Президенти учрашув иштирокчиларини минтақавий хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, шу жумладан, Афғонистон билан давлат чегарасини ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида хабардор қилди.
Шавкат Мирзиёев минтақа давлатларининг алоқадор тузилмалари билан Афғонистон борасида самарали ҳамкорлик ва тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.
Саммит якунида минтақадаги вазият юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ва мунтазам ахборот алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)