Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли синовларга, қийинчиликларга дуч келади. Баъзан шундай лаҳзалар бўладики, одам қандай йўл тутишни билмайди, ўзгалар маслаҳатига муҳтожлик сезади. «Дарё» ҳаётнинг турли синовлари, танловлари олдида турган аёл-қизлар учун «Қизларга мактуб» лойиҳасини бошлади.

Лойиҳа доирасида турмуш зарбаларига, синовларига енгилмай, ўз устида ишлашдан тўхтамаган, ҳаётда ўз ўрнини топган аёлларнинг мактублари чоп этилади.

«Қизларга мактуб» лойиҳасининг биринчи қаҳрамони — бир фарзанди билан турмушидан ажралган ва ҳозирда Европада таҳсил олаётган ёлғиз аёл.

Лойиҳа қаҳрамонининг илтимосига кўра унинг исми ўзгартирилди.

Исмим Мадина. Жиззахда туғилиб ўсганман. Ёшим 29 да. Маълумотим олий. Ажрашганман, ҳозир бир нафар ўғлим бор.

Менинг ҳам кўплаб қизлар қатори келажак, оила ҳақида тасаввурларим жуда чиройли бўлган. Кўп орзулар қилганман, аммо чуқур ўйлаб қилинмаган қарорлар сабаб турмуш борасида омадим келмаган. Менинг ҳаётим, кўрган кечирганларим балки оила қуриш арафасида турган сингилларимга ибрат бўлади деган умидда ушбу мактубни ёзяпман.

Фото: LiveInternet

Қиз боланинг бўйи етиши билан совчилар келишни бошлайди. Олам-олам ваъдалар бериб, тезроқ қизни олиб кетишни хоҳлашади. Менда ҳам шундай бўлган. Келган совчилардан бири оиламизга маъқул тушган. Ташқаридан қараганда ҳақиқатан ҳам ҳаммаси жуда яхши эди. Йигитнинг отаси сенатор, онаси уй бекаси. Бўлажак куёв ҳам Молия институтини битириб, органда юқори лавозимда ишларди.

«Энг муҳими қизингиз ўқимишли экан, буёғига ўзимиз ўқитамиз», деб ваъдалар бериб, уйдагиларимни кўндиришган. Хуллас, 4-босқичда ўқиб юрган пайтларим ота-онамнинг истаги билан ўзим танимаган, билмаган инсонга турмушга чиқдим.

Мен келин бўлиб тушган оилада аёлнинг қадри йўқ эди

Ҳар бир қиз келинлик уйини ота уйи билан солиштиради. Мен келин бўлиб тушган оила билан қизлик уйимнинг муҳити тамомила бошқача эди. Ота-онам доим «Қиз бола ўқиб-ўрганиб, ривожланиб бориши керак» деб айтарди. Янги уйимда эса қизлар фақат келинликка, аниқроғи қулликка тайёрланарди. У сигир соғишни, нон ёпишни, таппи қилишни билиши ва албатта, фарзанд туғиши керак. Бўлди. Уларнинг наздида аёлнинг бундан бошқа вазифаси йўқ эди. Келиннинг дунёқараши, маълумоти, иши эса заррача аҳамиятга эга эмас эди.

4-босқичлигимда оила қурганим учун ҳар куни ўқишга бориб келардим. Университетда овқатланишим, қўшимча харажатлар тугул, ҳатто йўлкирамга ҳам пул беришмас эди. Яхшиям бюджетда ўқирдим.

Бироқ ташқаридан қараганда на турмуш ўртоғим, на қайнанам-қайнотам бундай одамга ўхшарди. Ҳамма «яхши жойга тушдинг» дерди.

Қайнотам мени ўқимишли деб, яхши кўриб, келин қилган эди. Лекин қайнанам мени ёқтирмас, кўп ёмонларди.

Биласизми, шундай одамлар бўладики, агар ўзи қийналган бўлса биров қийналмасин, мен кўрган кунларни кўрмасин деб ҳаракат қилади. Лекин афсуски шундай тоифа инсонлар ҳам борки, «мен қийналдимми бошқалар ҳам қийналиши керак» деган тушунча билан зулм қилаверади.

Хуллас, қайнанам иккинчи тоифа вакили эди. У ҳам келинлик пайтида кўп азоблангани учун аламини мендан оларди.

Битта одамни доим ёмонлайверилса, охири уни ёмон кўриб қоларкансиз. Ҳамманинг кўнглини олишга ҳаракат қилдим. Барибир қайнотамнинг менга нисбатан муносабати совуқлашди.

Аслини олганда, бу оилада аёл кишининг қадри йўқ эди. Мисол учун, ўзларининг қизи, қайнсинглим янги келинлик пайтида қаттиқ калтакланган. Қон кетиб ота уйига қайтиб келган. Аммо қайнотам ўз қизига ҳам ачинмаган. Ўшанда бу оилада нафақат мени, балки аёл зотининг қадри йўқлигини тушунганман.

Қайнотам сўкиш бўйича «жаҳон чемпиони» эди. Ҳали гапнинг охиригача эшитмасдан сўкиб кетарди. «Ота-онангни қаматвораман» деб қўрқитарди.

Аммо жаҳлидан тушганидан кейин «Кечир, қизим, жаҳлим ёмон-да», деб кечирим сўрарди. Кейинроқ билсам улар учун ота-онадан келиб сўкиниш одатий ҳол экан. Ака-укалар оддий нарсалар учун ҳам бир-бири билан сўкишиб кетаверарди.

Эримга эса нафақат мени, балки уйдаги вазиятларнинг ҳам аҳамияти йўқ эди. Командировкага кетиб, ойлаб йўқ бўлиб кетарди.

Орада бўйимда бўлган. Ҳомиладорлик даврим турли келишмовчиликлар сабаб жуда оғир ўтган. Уйга меҳмонлар кўп келарди, усталар ҳам ишларди. Уларнинг ош-овқатини қилардим. Шулар билан овора бўлиб, ўзимга яхши қаролмаганман.

Ой-куним етганда ўғлим касаллик билан туғилган. Бир ой жонлантириш бўлимида ётганмиз. Гемоглабиним 40 га тушиб кетган. Иситмам 40 дан тушмаган. Тузалавермаганимиз туфайли Тошкентга бориб даволаниб келганмиз.

«Сени шунча қийнашса ҳам нега яшадинг?» дейишингиз мумкин. Мен андиша қилдим. Ота-онам ўртамиёна инсонлар. Қолаверса, ортимда ёш синглим, укам бор. Ўғлим чалажон эди. Ҳатто сут эмишга қийналарди. Тинмай қайт қиларди. Ўзи шунча қийналганим етмагандай, касал бола билан қайтиб борсам, нима бўлади деб ота-онамни ўйлардим. Уларни деб ҳаммасига чидардим.

Уришавериб «дух»имни олиб қўйишган эди

Болам 2 ёш, аммо юрмасди. Худди чақалоққа ўхшарди. Бир куни кечқурун қайнотам келиб, неварасини сўради. Ўғлим негадир бобосини ёқтирмас, кўрса «бормайман» деб чириллаб йиғларди. Ўшанда ҳам болам бобосига боришни истамади, қайнотам эса уни уриб, орқа тарафга олиб ўтиб кетди.

Ахир у икки ёшли бола-ку, соғ бўлса ҳам хафа бўлмасдим. Сепсис бўлган боламни ургани қаттиқ жаҳлимни чиқарди. Аммо қайнотамга ҳеч нарса деёлмадим. Чунки уришаверишиб «дух»имни олиб қўйишган эди.

Қарасам қайнукам орқадан тиржайиб қараб турибди. «Нимага куласиз? Сизниям болангизни шунақа уришса, чидайсизми», дедим-у, уйга кириб кетдим. Хонамга кириб боламни ҳимоя қилолмаганимдан йиғладим.

Қайнукам тезда бориб гапларимни етказган чоғи бир пайт қайнотам чақириб, «Сен ундоқсан, сен бундоқсан, болангни олиб қоламан, ўзингни кўчага ҳайдаб юбораман» деб қўрқитди. Қанча сўкди билмайман, орадан яна озгина вақт ўтиб кечирим сўрашга тушди.

Эримнинг эса бор-йўқлиги билинмасди. Орган соҳасида ишлагани учун уйга онда-сонда келарди. Айниқса, ўша пайтлари бир пахта, бир ғалла, яна бошқа мавсумлар бўларди. Эрим ишидан у ерга кетиб, ойлаб уйга келмасди. Балки «ўйнаш»лари бордир билмайман... Ҳатто ўғли туғилганда ҳам туғруқхонага келмаган. Шундай қилиб кунлар ўтаверди.

Бир куни тишим йиринглаганидан юзим шишиб кетган, касал эдим. Усталарнинг овқатини бериб, бироз дам олиш учун хонамга кирганимни биламан қайнотам важоҳат билан кириб келиб, «Сен сохта касалсан, касал бўлсанг, бориб уйингда даволан. Йўқол», — деб ҳайдашга тушди.

Бундай ҳолатлар тез-тез такрорланаверганидан сўнг кейинги ҳаётим ҳақида жиддий ўйлай бошладим: Ҳозир-ку ёшман, куч-қувватим бор. 40-50 ёшга кирганимда ёки бундай сиқилавериб чалажон бўлиб қолганимда нима бўлади? Кўчада қоларканманда. На ишим, на пулим бор. Кейин нима қиламан?

Ўйлаб-ўйлаб боламни олиб, тинчгина ота уйимга кетишга қарор қилдим.

Болам учун оиламни сақлаб қолишга уриндим

Бир муддат қизлик уйимда яшаб, «Майли, болам бор-ку, уни етим қилмай, кўнмай иложим йўқ» деб ҳам ўйладим.

Аммо кўп ўтмай уйга ажрим қоғози келди. Эрим ажрашиш учун судга ариза берган экан. Бордим, ўғлим бор, ярашаман, отасиз ўсмасин, лекин бир шартим бор. Ижарада бўлса ҳам бир неча ой алоҳида яшаб кўрайлик, бундай оилада ўғлим қандай катта бўлади, деб айтдим. Эрим эса яшамайман деган фикрида туриб олди. Мен ажрашмайман деганимдан кейин суд бизга икки марта олти ойдан вақт берди.

Бир куни уйимга хат келди. Унда, «Мадина жуда нияти бузуқ аёл. Асл мақсади уйли, мол-мулкли бўлиш» деган гаплар. Келинлик уйим устимдан ариза ёзган экан. Гапларни ўқиб, қотиб қолдим. Мен билан деярли беш йил яшаб, ҳатто пропискага ҳам қўймаган бўлса, мен қандай уйли бўлишим мумкин, деб жаҳлим чиқди.

Муддат тугаб, яна судга бордик. Эрим «Бу эрталаб соат 08:00—09:00 чиқиб кетади. Кечқурун 16:00 да кириб келади. Кун бўйи нима қилишини билмайман» деди. Мен коллежда дадам билан бирга ишлашимни, 09:00 дан 16:00 гача дарсим борлигини, агар ишонмаса, ўқув биносидаги камерада текшириши мумкинлигини айтдим.

Судда устимдан шундай бўҳтонлар ёғилдики, «Бўлди, шу пайтгача яшайман, оиламни сақлайман дердим. Лекин бу одам оталикка нолойиқ экан, ажрашишга розиман» дедим. Томонларнинг розилиги билан суд бизни қонуний ажратди.

Ўшанда эримнинг мамнунлигини кўрганингизда эди... Уйланишига келин тайёр, фақат мен халақит бераётган эканман. Тўғри-да, бизда қиз бола ўйинчоқ бўлса. Бу бўлмаса, бошқаси тайёр туради. Ташқаридан қараганда ҳаммаси зўр. Машҳур олийгоҳни битирган. Яхши жойда ишлайди. Нима қилибди ажрашган бўлса? Бой-бадавлат бўлса бўлди-да дейишади.

Ажрашган аёлларни доим тили ўн қаричга ёки дангасага чиқаришади

 Одамларимиздаги энг ёмон кўрган жиҳатим кўча-кўйда таниса-танимаса, аввало, оиладан бошлаб сўрашади. Турмушга чиққанмисиз, нечта болангиз бор? Ишхонамда ҳам ажрашганимни эшитганлар бунинг сабабини сўрарди. Мен ишимни зўр бажарсам шунинг ўзи етарли эмасми? Оиланинг ишга нима алоқаси бор? Ҳеч қачон «чиройли» сабаб билан ажрашилмайди. Дардим ўзимга етарли, лекин атрофдагилар шунақа саволлар билан баттар эзарди.

Ота-онам менинг вазиятимни тушунди, лекин атрофдагиларнинг «фалончининг қизи қайтиб келибди, айби ўзида бўлса керак» деган гаплари қалбимга қаттиқ ботарди. Чунки бизда ажрашган аёлларни тили 10 қаричга ёки дангасага чиқаришади. Ҳар доим аёл — қора, эркак — оппоқ. Хуллас, нима бўлса ҳам аёлда айб бўлади.

Мен ҳам шундай гап-сўзлардан тушкунликка тушиб қолдим. Депрессиядан чиқиш учун тинимсиз ишладим. Яхшиям қўлимда дипломим бор экан, инглиз тилини билардим. Коллеждан 700-800 соатлаб дарс олдим. Қолган вақтимда репетиторлик қилдим. Кун давомида бир дақиқа бўш вақтимни қолдирмасдим. Кечалари эса йиғлаб чиқардим. Икки йил давомида ўзимга келишим қийин бўлди.

Кейинроқ йиғлагандан, хафа бўлгандан фойда йўқлигини тушундим. Чунки мен учун биров туриб бермади. Ўзинг учун ўл етим бўлдим. Тўғри, етим эмасман, аммо вақт ўтиб англадимки ўзим учун ўзим ҳаракат қилмасам, ўзимга ўзим ёрдам бермасам биров мен учун ҳеч нарса қилиб бермас экан.

Ўша пайтда турли тадбирлар, акцияларга қатнашишни бошладим. Позитив инсонлар даврасида бўлишга ҳаракат қилдим. Олдимга катта мақсад қўйиб, интилавердим. Бир муддат коллежда кейин мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишладим. Кейинроқ яхши иш таклифи билан Тошкентга кўчиб келдим. Ўғлимни боғчаси борлиги учун у ота-онам билан вилоятда қолди.

Бир муддат Тошкентда халқаро компанияда мутахассис бўлиб фаолият юритдим. Ишлаш давомида мен каби қийналган аёлларни кўриб, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ният қилдим. Дипломатия университетига магистратурага ҳужжатларимни топширдим.

Ўзбекистондаги аксарият келинларнинг ҳаёти

Жамиятда аёлларнинг обрў-эътиборини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қиладиган ишларимиз жудаям кўп. Магистратурага ўқиш учун ҳуқуқ йўналишини танлашимнинг сабаби ҳам шу.

Чунки бизда эридан жабр кўрган, кўчада қолган аёлларнинг ҳимояси бўйича қонунлар йўқ, борлари ҳам ишламайди. Мен келин бўлиб тушган жойда қўшниларим келинларини шу даражада қийнардики, уриб бўйнини синдирганлари бўлган. Уриб ногирон қилиб қўйганлар бор. 18 ёшда келин бўлган қизни эри памперс едирган Мустаҳкамдан ҳам баттар қилишган. Эри уриб тишини синдирган. Қайнсингиллари това билан бошига урган.

Атрофга яхшилаб қаранг. Атрофимизда бундай хўрланган келинлар кўп. Менинг дипломим бор, ишлаб ўзимни таъминлай оламан. Улар-чи? На маълумоти, на иши бор. Улар нима қилади? Тўрт-бешталаб бола туғиб ташлаган. Баъзилари етим, баъзилари ота уйга борса ҳам келини сиғдирмайди.

Ота-онасининг уйига сиғмаган қизлар қаёққа боради? Бирор квартирага бориб фоҳишалик қиладими?

Энг ёмони ажрашган аёл ёки бева аёлларга эркакларимиз доим ҳам яхши кўз билан қарайвермайди. Аксарияти уларга иккинчи «сорт» сифатида муносабатда бўлади. Аёл ажрашдими, бўлди у «мусор». Жамиятдан четга чиқариб қўйилади.

Қариндошларим ажрашаётганимда «Эртага сени ҳеч ким олмайди, 60 ёшли одамга турмушга чиқасанми?» деб айтишган. Қаранг, бизда на моддий, на психологик ёрдам бор.

Умуман олганда, нафақат ажрашган балки оилали аёлларнинг ҳам ҳуқуқи «нол» даражада. Бориб ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Бир куни ижтимоий тармоқдан келинчак ёзяпти: «Опа 3 та болам бор. Эрим расман ажрашмай туриб, уйга бошқа аёлни олиб келди. Мени ҳайдаяпти. Лекин менинг ота-онам йўқ, етимман, борадиган бошпанам йўқ. Болаларим билан нима қилай?»

Бу нарсага аёлларнинг ўзи ва ота-оналарининг ҳам катта айби бор. Вақтида ўқитмаган, бирор ҳунарли қилмаган.

Аёл ожиза эмас. Лекин мукаммал ҳам эмас. Тили, рашки бўлиши табиий. Бу «ҳислат» эркакларда ҳам бор-ку. Улар ҳам сўкинади, рашк қилади. Эркак борича қабул қилиндими, аёлнинг ҳам камчиликларига кўз юмилиши керак деб ҳисоблайман. Лекин баъзи эркаклар аёлининг битта ёмон одати сабаб уни «алмаштиришга» ёки устига хотин олишга ҳаракат қилишади. Тўрт хотинлик ҳам ҳаммага эмас. Унинг ҳам ўзига яраша шартлари бор.

Аслида исломда аёлларнинг ҳуқуқлари энг кўп ҳимоя қилинган. Масалан, Ҳадича онамиз савдогар бўлган, Оиша онамиз керак пайтда ҳалифалик қилган. Нега бугунги кунда бу мисоллар унутилиб, аёл киши фақат бола катта қилиши керак деган терминлар олдинга чиқяпти.

Эридан ажрашган аёлга турли хушомадлар, «таклифлар» бўлади. Шу вазиятда уларнинг энг катта хатоси ортиқча гап-сўзлардан қутулиш учун кимга бўлса ҳам эрга тегиб кетаверади. Агар у иккинчи хотин бўлса, барибир бахти тўлиқ бўлмайди. Бутун умр ҳақиқат очилиб қолишидан қўрқиб яшайди. Бундай вазиятларда эрга тегиш ҳар доим ҳам муаммонинг ечими бўлмаслиги мумкин.

Ажрашганимдан афсусланмайман

Ҳозир эрим уйланган. Ўғлини йилда икки марта кўргани келади. Баъзида ўғлимнинг кўнгли ўксийди. Қанча меҳр берсангиз ҳам ота-она бағрида ўсган бола бўлмайди. Бироқ носоғлом оилада катта бўлганидан кўра ёлғиз ўсгани афзал.

Рус, инглиз тилларини, математикани яхши билади. Келажакда ҳарбий бўламан деб айтади. Балки вақт ўтиб орзулари ўзгарар, билмайман. Лекин ўғлим ким бўлса ҳам, албатта, аёл кишини қадрлайдиган, меҳрибон инсон бўлиб улғаяди.

Ажрашганимдан афсусланмайман. Чунки ажрашмаслик учун мен қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим. Бор имкониятимни ишга солдим. Бу дунёда қарс икки қўлдан чиқди. Аёл интилавергани билан эркак кишида озгина меҳр, талпиниш ёки заррача ҳурмат бўлмаса, минг у оилани сақлайман деганингиз билан фойдаси йўқ. Қартадан қурилган уй қачондир барибир қулайди. Шунинг учун ҳеч қачон афсусланмайман.

Иккинчи хотин бўлишимни ёки шунчаки гаплашиб юришни таклиф қилганлар ҳам бор. Лекин уларга жойини кўрсатиб юбораман.

Карьера қилган, ҳаётда ўз ўрнини топган яхши йигитлардан ҳам таклифлар бўляпти. Менинг ёнимда ҳамиша турадиган бўлса, доим қўллаб-қувватласа, албатта, оила қураман. Фақат ўзимга яраша шартларим бор. Мени, ўғлимни борича қабул қилсин.

Чунки бизда ажрашган аёлларни ўзи керак, боласи эмас. Одатда болаларини ота уйига ташлаб келсин деб шарт қўйишади. Мен эса буни қабул қилолмайман.

Ҳозир Италияда таҳсил оляпман

Ўтган йили дипломатиядаги ўқишимни битириб, янада билимларимни кенгайтириш мақсадида Италияга ўқишга топширдим. Қувонарлиси, грант асосида қабул қилиндим. Ҳозир Римда яшаяпман. Бу ерда ўқиш билан бирга туризм бўйича бизнесимни йўлга қўйдим. Шу орқали ўзимнинг харажатларимни қоплаяпман. Уйимга ҳам пул юборяпман. Ўғлим ота-онам билан бирга. Яқин орада ёнимга олиб келмоқчиман. Аллоҳга шукр, ҳаётим яхши, ўз маромида кетяпти.

Келажакда фақат қизларни ўқитадиган мактаб, уларга юридик ёрдам берадиган уюшма очмоқчиман. Нафақат аёллар, балки болалар бўйича ҳам лойиҳалар қилиш ниятидаман. Бунинг учун, аввало, ўзим яхши ўқиб, молиявий имкониятимни кенгайтиришим лозим. Ҳозир тинмай ўқиб, ўз устимда ишлаяпман.

Қизларга маслаҳатим

Менинг ҳаётим, хатоларим сизларга ибрат бўлсин. Синалмаган инсон билан ҳаёт йўлингизни боғламанг. Бекорчи ҳой-у ҳавасларга берилманг. Тушунаман, аксарият қизларда ўтиш даврида романтикага берилиш бўлади. Ақлли қиз иккита гул ва ўйинчоқларга алданмайди. Ёки ўша берган совғаларини деб синалмаган йигитга турмушга чиқиб кетмайди. Вақти келиб ҳаммаси бўлади. Фақат унгача сабр қилинг, келажагингизни ўйланг.

Афсуски, яхши жойга эрга тегиш учунгина университетда ўқиётган қизлар бор. Ҳаётим давомида бунга кўп гувоҳ бўлдим. Ҳаётдан мақсад фақат турмуш қуриш эмас. Яшашдан мақсад бўлиши лозим. Ўқинг, илм олинг, Аллоҳни танинг. Руҳан кучли бўлинг.

Лойиҳа муаллифи ва суҳбатдош: Хонзодабегим Аъзамова

Муҳаррир: Дилшод Шарипов

Лойиҳада иштирок этишни истаган аёлларимиз Telegram’даги @daryomuxbiri’га мурожаат қилишлари мумкин.