YouTube’даги Rahul R каналида Лондон кўчаларида эшиги очиқ ҳолда ҳаракатланган Tesla Model Х электрокари билан содир бўлган кўнгилсиз ҳодиса видеоси пайдо бўлди. Унда кроссовер икки қаватли автобус билан «учрашгани» тасвирланган: оқибатда Model Х’нинг эшиги жиддий пачоқланган ва даблдекер ойнаси синган, деб хабар беради Motor.
Эшиги очиқ ҳолда ҳаракатланган Tesla Model Х ўнг тарафдан ҳаракатланаётган автобус ойнасини — айнан ҳайдовчи ўтирадиган жойни синдирган. Афтидан, автобус ва Tesla ҳайдовчиларига ҳеч қандай шикаст етмаган: электрокар у қадар тез ҳаракатланмаётган бўлган. Ойнани синдирган эшик автобус бортига яна бир бор урилиб, эгилиб кетган ва табиий бўлмаган ҳолатда ёпилган.
Электрокроссовер «лочин қаноти» каби кўтарма эшиклар билан жиҳозланган. Уларни ёпишни унутиб қўйиш жуда қийин: бу каби ҳолатда Model Х электроникаси салондаги иккала дисплейга ҳам овозли сигналларга эга визуал огоҳлантиришни беради.
Бундан ташқари, бу каби ҳолатда фақат паст тезликда ҳаракатланиш мумкин — автомобиль тезлашишга рухсат бермайди. Шу сабабли воқеа барча сигналларга эътибор қаратмаган ҳайдовчининг ҳолати ва Tesla’нинг созлиги борасида турли саволларни юзага келтиради.
Аввалроқ энг кучли Tesla Model S ҳаракат вақтида ёниб кетгани, Tesla Model S Plaid’нинг ғайриоддий рули шаҳар шароитида бошқаришда жуда ноқулай бўлиб чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)