Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Санитария ва эпидемиология бошқармаси ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳақиқатан ҳам Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида 36 нафар бемор заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган. 15 август ҳолатига кўра, уларнинг 31 нафарига аҳволи яхши бўлгани сабабли уйига рухсат берилган. Яна беш нафар бемор даволанишда, аҳволи ўртача.
Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига шу ташхис билан ётқизилган 13 нафар бемор мавжуд. Айни пайтда уларнинг ҳолати ўртача оғир, муолажалар давом этирилмоқда.
«Ҳақиқатан ҳам, хусусий тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқ бу вазиятга сабабчи бўлгани аниқланган. Бу тадбиркорлик субъекти Олмалиқ шаҳрида жойлашган. Айни пайтда вазият юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли хулосалар мутасаддиларга берилган. Эпидемиологик суриштирувлар давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.
Бундан аввал Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 12 август куни 25 нафар бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. 13 август куни улар сони 30 нафарга етганди. Ушбу боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)