12 август куни таниқли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева туғилган кунини нишонламоқда. Шу муносабат билан актриса ижросидаги энг муваффақиятли лойиҳалар ҳақида сўз юритамиз.
«Шайтанат» сериалидаги Зайнаб образи
19 ёшида «Шайтанат» сериалида Асадбекнинг зўрланган, гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган қизи Зайнаб ролини ижро этган Раъно Шодиева шу роли билан Ёдгор Саъдиевни юрак хуружидан асраб қолган. Ўша кунларни Ёдгор Саъдиев қуйидагича эслайди.
Бу масалада юрагим хуруж қилишига озгина қолган. Бу ишланган нарса, мен буни аниқ биламан. Ҳозир гапиришни ҳожати ҳам йўқ. Зайнаб ролини ижро этаётган Наврўза Бийнозова келди-да, мен ҳали турмушга чиқмаганман, у қиз «наркоман» бўлар экан, деди. Лекин сен ўқиган эдинг-ку! Йўқ, мен ўйнамайман деган. Ана ундан сўнг менда жуда катта муаммо пайдо бўлди. Кейин ўйлай бошладим. Очиғини айтсак, ўзи бошида Наврўза Бийнозовани Зайнаб ролини ўйнашини хоҳламаган эдим. Буни шунақа қилиб ўтказишди. Тоҳир Маликни ҳам ўртага қўшиб, охири Тоҳир ака бўлади-ку, яхши-ку, деганига бадиий раҳбар сифатида майли деганман.Кейин бахтимга Раъно Шодиева чиқди. Мен унга айтганман, мана шу ролни ўйнайсан, кейин сен Раъно Шодиева бўласан. Халққа таниласан, унвонлар ҳам оласан, деганман. Бу гап унинг эсидами, йўқми, билмадим. Лекин Раъно унақа эмас, у билади.
Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти
«Чимилдиқ» фильмидаги келинчак
Раъно Шодиева актёр Саид Муҳторов билан биргаликда суратга тушган «Чимилдиқ» телефильми ҳам миллионлаб мухлисларга эга асар ҳисобланади.
«Ватан» фильмида Гунафша
Режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан 2006 йилда суратга олинган «Ватан» фильмида Гунафша роли Раъно Шодиева ижодида алоҳида ўрин тутади. Гунафша томонидан айтилган сўзлар томошабинларга ёд бўлиб кетган.
«Ўтов»да соқов қиз Зайнаб
Раъно Шодиева 2007 йил режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган «Ўтов» картинасида эса кутилмаган ижро — гунг қиз Зайнаб ролини катта маҳорат билан ижро этган.
«Қизғалдоқ»да ҳаммани йиғлатган Нигора
Иброҳим Расулов томонидан суратга олинган «Қизғалдоқ» фильмида Раъно Шодиева касалманд аёл Нигора ролини катта маҳорат билан ижро этган. Актриса ушбу фильмда Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров билан партнёр бўлган. Фильмда Оғабек Собиров таксичи Отабек ролини ижро этган.
«Мактуб» фильмидаги Нигина
2013 йилда суратга олинган «Мактуб» фильмида актёр Бобур Йўлдошев билан партнёр бўлган.
«Барон»да фоҳишанинг опаси, жабрдийда она ролида
Рустам Саъдиевнинг «Барон» фильмида актриса Раъно Шодиева одам савдоси билан шуғулланиб, гиёҳванд моддалар сотадиган, ўзини ҳам пуллайдиган Рўзигулнинг соддагина опаси, айни вақтда боласи учун синглини ҳам ўлдиришга тайёр она образини гавдалантирган.
«Мендирман Жалолиддин»да Жалолиддиннинг онаси Ойчечак ролида
Раъно Шодиева турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда суратга олинган «Мендирман Жалолиддин» тарихий сериалида Жалолиддин Мангубердининг онаси, Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг хотини Ойчечак ролини ижро этган.
Маълумот учун, Раъно Шодиеванинг Диёр, Рахшона ва Амирхон исмли фарзандлари бор. Актриса 23 июль куни ўғли Диёрни уйлантирди. У ҳозирда қизи Рахшонанинг тўйига тайёргарлик кўрмоқда.
Изоҳ (0)