Фарғона водийсидаги темир йўл устида ухлаб қолган маст эркак сабаб катта тирбандлик кузатилди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот котиби.
Қайд этилишича, 2021 йил 4 август куни Фарғона водийсининг Қўқон—Бувайда перегони 7-километрининг 5-пикетида П–93-сонли Андижон—Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди ҳаракати 20 дақиқага тўхтаган.
Маълум қилинишича, локомотив бригадаси темир йўл излари ичи (колея)да ётган одамни кўрганидан сўнг фавқулодда тормозлашни қўллаган. Поезд қўриқланадиган темир йўл кесишмаларидан бирининг ҳудудида тўхтаган.
Оқибатда соат 21:50 дан 22:10 гача ушбу жойда автотранспортлар тирбандлиги юзага келди.
Мазкур фуқаро маст ҳолда бўлгани тахмин қилинмоқда. Фавқулодда тормозланиш темир йўлда ётган одам устидан поезд ўтишининг олдини олмаган, лекин унинг танаси пўлат излари орасида бўлгани боис унга ҳеч нима қилмаган.
Йўловчи поезд техник кўрикдан ўтганидан сўнг поезд белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатини давом эттирган.
Бундан аввал Қорақалпоғистонда ИИБ ходими ўзини темир йўл кўприги устидан ташламоқчи бўлган 18 ёшли йигитни қутқариб қолгани, Қашқадарёда қайнотаси билан тортишиб қолган келин ўзи ва икки фарзандини поезд тагига ташлаб, вафот этгани ҳамда Фарғонада оилавий жанжал туфайли ўзини поезд остига ташламоқчи бўлган аёл қутқариб қолингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)