«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
21:57, 04.08.2021 31714

Юлдузлар фильмдаги йиғлаш талаб этиладиган саҳналарда қандай усуллардан фойдаланади?

Актёр ва актрисалик кайфият йўқ бўлганда қаҳ-қаҳ отиб кулишни, хурсандчилик вақти эса кўз ёш тўкишни талаб қилиши мумкин. Бундай вазиятда киносаноат вакилларининг турли ва бир-биридан фарқли усуллардан фойдаланишига тўғри келади.

Мерил Стрип

Фото: «Лиза»

Голливуднинг энг истеъдодли актрисаларидан бири ҳисобланган Мерилга кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб йиғлаб бериш қийинчилик туғдирмайди. Буни ишининг бир қисми деб ҳисоблаган Стрипга камера қаршисида кўз ёш тўкиш чўт эмас. «Энг қийини бу — қилгинг келмаган ишни бажаришга мажбур бўлиш. Сен ҳақиқий ҳаётда нима бўлаётгани ҳақида ўйлай бошлайсан. Кейин эса умуман хурсандчилик ҳиссини туймаганингда қувноқ бўлиб беришингга тўғри келади. Ҳаётингдаги энг яхши кунда эса йиғлаб беришинг керак. Реалликдан узоқ бўлган нарсани тасвирлаш ғалати ва қийин. Аммо бизга актёрлар керак. Улар бизга ўз эмоцияларимизни англашга ёрдам беради. Улар бизни юпатади. Айнан улар сабаб биз ўзимизни ёлғиз ҳис қилмаймиз», — деган актриса.

Женнифер Лоуренс

Фото: «Лиза»

Женнифер ҳаётида уни йиғлашга мажбур қиладиган вазият бўлмаганини таъкидлайди. Айнан шу сабаб ҳам актриса алоҳида усулдан фойдаланади: кўзларини катта очиб бир нуқтага тикилиб туради. «Ҳаёт мамот ўйинлари» картинасида қаҳрамонининг қўлида қизалоқ ўлаётган саҳнада Лоуренс яқин одамини йўқотган одам нимани ҳис қилиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўрган. Қолаверса, у мотамдаги одамнинг ҳаракатларни ҳам такрорлаб кўрган.

Дэниэл Редклифф

Фото: «Лиза»

Дэниэл суратга олиш майдончасида йиғлаш у учун осон эмаслигини яширмайди. Ҳамкасби Гер Олдмен бир сир билан бўлишмагунига қадар, ғам-ғусса ва қандайдир туйғуларни акс эттиришга уринишлар кўпинча самарасиз ҳамда натижасиз бўлган. У Редклиффга бошидан ўтказган қийинчиликлар, ташвиш ва қайғуларини эсга олишни тавсия қилган. Айнан ушбу усул унга «Ўз яқинларини ўлдириш» фильмининг суратга олиш жараёнида асқатган. «Кейин учта назорат қилиб бўлмайдиган, юракни парчалайдиган саҳна…У ердаги кўз ёшлари ҳақиқий бўлган. Бу сен билан одамлар тўла суратга олиш майдончасидан биринчи марта юз бераётганида, ҳамма нарсани қаҳрамонинг учун бажараётган бўлишингдан қатъи назар, ўша дақиқада фақат ўзинг бўласан», — деган актёр. Аммо у вақтда нималар хаёлига келгани ҳақида маълумот бермаган.

Уилл Смитт

Фото: «Лиза»

Уилл бугунги кунда сценарий талаб қилса, исталган қаҳрамон ролига киришиши ва йиғлаши мумкин. Аммо карьерасининг бошида ҳаммаси бошқачароқ бўлган. Энди фаолиятини бошлаган актёрга «Беверли-Ҳиллзлик шаҳзода» фильмидаги ҳамкасби Жеймс Эйврининг тавсияси ёрдам берган. Смитнинг истеъдодли эканини таъкидлаган Жеймс ундан ҳар сафар ролини яхшироқ ижро қилиши кераклигини айтган. Талаб қилинган саҳнада актёр тажрибали ҳамкасбининг ундан умиди катта эканлигини эслаб, ёш тўккан. «Сенинг ўз позициянг бор, қаерда эканинг ва иқтидоринг борлигини унутма. Кечирасан-у сендан буткул бенуқсонликдан бошқа нарса кутмайман», — деган Эйври.

Вайнона Райдер

Фото: «Лиза»

Вайнона истаган рол ва вазифани уддасидан чиқа оладиган профессионал актриса. Аммо шунга қарамай, «Дракула» фильмининг суратга олиш жараёнида режиссёрга унинг эмоциялари ёқмаган. Френсисга йиғлаш керак бўлган саҳналарда Райдер ҳаддан ортиқ сокин туюлган. Шунда у режиссёрларга яхши таниш бўлган усулдан фойдаланган. Актрисага қилган қўпол ва кескин муомаласи ўз натижасини берган — Вайнона кўз ёшларини тия олмаган.

Анна Ферис

Фото: «Лиза»

Анна кино тугул, ҳатто ҳаётда ҳам йиғлашга қийналишини тан олади. Бунга болалигидан кучли бўлиш ва арзимаган нарсага кўз ёш тўкмаслик кераклигига ўргатилганини сабаб қилиб кўрсатади. «Аслида бу бироз ғалати. Онам мени шундай тарбиялаган», — деган актриса. Аммо у танлаган касб баъзида кўз ёш тўкишни талаб қилади. Бундай вазиятларда у ментол кристалли, кўзларни ёшлатадиган махсус воситадан фойдаланади.