Президент Шавкат Мирзиёев олий таълим муассасаларида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга оид қарорни имзолади.

Фото: «Дарё»

Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022-ўқув йилидан барча олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт тўлов асосида таҳсил олиш учун кредит ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Унга кўра, тижорат банклари Марказий банкнинг асосий ставкаси (14 фоиз)да таълим кредити ажратади. Ресурс Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилади. Талаба кредитни ўқишни расман тамомлагач, еттинчи ойдан бошлаб етти йил давомида қайтаради.

Кредитни расмийлаштиришда талабанинг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари биргаликдаги қарз олувчи сифатида қатнашишишга рухсат берилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан кредит учун гаров ва кафиллик талаб қилинмайди.

Таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси тузилади (юридик шахс бўлмайди). Жамғармага 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йиллардан ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағ ажратилади.

Жамғарма тижорат банкларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст бўлган ставкада ресурслар ажратади. Асосий ставка пасайса, кредит ва ресурс ставкаси ҳам пасаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

Бундан аввал Ўзбекистонда «темир дафтар»даги оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун 500 минг сўмдан берилиши, Ўзбекистонда ОТМга киришда энг юқори балл тўплаган 200 нафар абитуриент учун Президент гранти жорий этилгани ҳамда Ўзбекистонда икки ва ундан ортиқ фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши ҳақида хабар берилганди.