28 июль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти «Қарабутак» маҳалласидан ўтадиган Самара—Чимкент халқаро автомобиль йўлининг 992-километрида Қозоғистон фуқароси бошқурувидаги Toyota Previa автомашинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Фото: Ақтўбе вилояти ЙҲБ матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Актау шаҳридаги Бош консулхонасини маълум қилишича, йўл-танспорт ҳодисаси оқибатида автомобиль ҳайдовчиси ва Актау шаҳрига ишга кетаётган 8 нафар йўловчи (барчаси Ўзбекистон фуқаролари) турли даражадаги тан жароҳати билан шаҳар шифохонасига ётқизилган.

ЙТҲ оқибатида 43 ёшли фуқаро Н.Д вафот этди, 5 нафар йўловчи даволанмоқда. Яна икки нафар йўловчига эса шифохонадан жавоб берилган.

Бош консулхона вазиятни ўз назоратига олган. Марҳумнинг жасадини ватанга етказишни ташкил этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг мартида Қозоғистонда 26 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетган, 2019 йилда Қозоғистонда Россиядан қайтаётган ўзбекистонликлар иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, 2018 йил январида Ақтўбе вилояти ҳудудида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ёниб кетган ва 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди.