Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев соҳага бағишланган йиғилишда маълум қилди.

«18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади. Бунинг учун 757 нафар болага уй-жой сотиб олишга 2021 йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилади.

Вилоят ҳокимлари 1 октябрга қадар 757 нафар етим болани уй-жой билан таъминласин.

Етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилади. Шунингдек, ота-онасидан ажраган талабаларга пенсия тўлаш муддатини амалдаги 18 ёшдан 23 ёшгача узайтирсак, ўйлайманки, бу ҳам адолатдан бўлади.

Ушбу талабаларга зарур адабиётлар сотиб олиш учун ҳар йили бир марта 1,2 миллион сўм субсидия берилади», — дейди давлат раҳбари.

Бундан аввал Тошкентдаги меҳрибонлик уйлари олийгоҳларга бириктирилиши ҳамда Шавкат Мирзиёев меҳрибонлик уйларини Миллий гвардия масъуллигига ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.