Ўзбек шоу-бизнес вакиллари орасида биринчилардан бўлиб вакцина олган санъаткорлар «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга вакцина олгандан кейинги аҳволи ҳақида маълумот берди.

Озодбек Назарбеков

Фото: Telegram / Озодбек Назарбеков Аҳмадович

Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков санъаткорлар орасида биринчилардан бўлиб, Халқаро пресс-клубнинг 3 июль куни бўлиб ўтган жонли эфирида коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмланди. Вазир 24 июль куни вакцинанинг иккинчи дозасини ҳам қабул қилди ҳамда тўлиқ эмланганлик сертификатига эга бўлди.

«Вакцинанинг биринчи босқичини олганимизга 20 кундан ошган бўлса, соғлиғимиз билан боғлиқ ҳеч қандай безовталик ҳолатлари юз бермади.

 Тиббиётда маълум бўлишича, инсон организми бир-биридан фарқлангани боис, вакцинация жараёни ҳар кимда ҳар хил кечаркан.

Шу нуқтаи назардан ҳали ҳамон кўпчилик юртдошларимизда ҳадиксираш, қўрқув устунлик қилмоқда.

Халқимизга шуни айтмоқчиманки, вакцина — вирусни енгишнинг ягона чораси экан, вақтни бой берманг. Вирусга қарши эмланиб, ўзингиз ва яқинларингизга чекловларсиз, одатий яшаш тарзига қайтишига кўмаклашинг!», — дейди Озодбек Назарбеков.

«Браво» кулги жамоаси резиденти Отабек Мирзахолов

Фото: Instagram / @otabekmirzaholov

Отабек Мирзахолов Zo‘r TV телеканалининг жонли эфирида вакцина олди.

Мен ўзбек-хитой вакцинаси билан эмландим. Ҳозирча бу вакцинани биринчи дозасини қабул қилдим. Аллоҳга шукр ҳеч қандай салбий таъсирини сезмадим. Лекин мен билан бирга эмланган актёр Дилшод Мирзамуродовда бир кун давомида вакцина олган жойи оғриб юрди. Кейинги кун бу ҳолат унда ҳам ўтиб кетди. Ҳозир иккаламизнинг ҳам соғлигимиз яхши. Худо хоҳласа ҳар 28 кунда кейинги дозаларини қабул қиламиз.

Отабек Мирзахолов, «Браво» кулгу жамоасининг аъзоси

Ўткир Сиддиқов

Фото: «Дарё»

Таниқли сухандон Ўткир Сиддиқов «Спутник V» вакцинаси билан эмланди.

«Спутник V» вакцинасининг биринчи дозаси билан 23 июнь куни, иккинчи дозаси билан 14 июль куни эмландим. Одамлар айтаётган даражада ваҳималарга хожат йўқ деб ўйлайман. Мисол учун менда ҳаммаси жойида. Аллоҳга шукр ҳеч қандай ёмон асоратлар йўқ. Бирмунча ҳолсизлик бўлиши мумкин, аммо бу ҳам қисқа муддатда ўтиб кетади.

Ўткир Сиддиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Аҳад Қаюм

Фото: Instagram / @ahadqayum_prodyuserA

Режиссёр ва продюсер Аҳад Қаюм ўзбек-хитой вакцинасини қабул қилди.

Ўзбек-хитой вакцинаси билан эмландим. Коронавирус балосидан қутулишнинг бундан бошқа чораси бўлмаса керак. Аҳволим жуда яхши, хавотирланишга асос йўқ.

Аҳад Қаюм, режиссёр, актёр

Юлдуз Усмонова ва Мансур Агалиев

Фото: Instagram / @yulduzibragimovnausmonova

Юлдуз Усмонованинг турмуш ўртоғи «Спутник V» вакцинасини олди.

Юлдуз Усмонова билан биргаликда «Спутник V» вакцинасини иккала дозасини ҳам олиб бўлдик. Биринчи дозасини июнь ойида, иккинчи дозасини эса 2 июль куни олганмиз. Бошида бироз ҳолсизлик бўлди, аммо иккаламизда ҳам иситма чиқмади, иштаҳа йўқолиши ҳам кузатилмади. Аллоҳга шукр иккаламизда ҳам ҳеч қандай ёмон асоратлари кузатилмади. Ҳозир ҳам соғлигимиздан ҳеч қандай шикоятимиз йўқ.

Мансур Агалиев, Юлдуз Усмонованининг продюсери, турмуш ўртоғи

Хайрулла Саъдиев

Фото: «Дарё»

Атайлабдан 16 июль куни Намангандаги съёмкаларни ташлаб вакцинанинг иккинчи дозасини олгани Тошкентга келдим. «Спутник V» вакцинасини биринчи дозасини ўтган ойда олгандим. Худо хоҳласа, энди 17 июль куни келасиз, дейишганди. Вакцинани қабул қилганимда ўзимда деярли ҳеч қандай салбий ўзгаришни сезмадим. Кўпчилик вакцина олганимдан сўнг «иссиғим чиқиб юрдим», деган гапларни айтишганди. Менда ундай бўлмади, салгина ҳолсизлик бўлганини айтмаганда, ҳаммаси жойида.

Хайрулла Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти

Асадилло Набиев

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асадилло Набиев «Спутник V» вакцинаси билан эмлангани ҳамда ўзини яхши ҳис этаётганини маълум қилди.

«Спутник V» вакцинасининг биринчи дозаси билан 17 июль куни эмландим. Шифокор аллергия қўзғайдиган овқатларни истеъмол қилмасликни, кондиционерли хонада ухламасликни, шамоллашга сабаб бўлиши мумкин бўлган ишларни қилмасликни маслаҳат берди.  Вакцина олганимга бир кун бўлди. Аллоҳга шукр ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман.

Асадилло Набиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри директори ўринбосари

Нигина Набиева

Фото: Instagram / @nigina_nabiyeva

Оиламиз билан АҚШнинг Тенниси штатида вакцина олдик. Биз вакцина Pfizer тури билан 2020 йилнинг апрель ойида эмланган эдик. Вакцинанинг бу тури икки маротаба, ҳар 21 кунда қабул қилинади. Вакцина олганимиздан кейин онамда ва менда қўлимизда бироз оғриқ пайдо бўлди. Менда вакцина олган куним бироз ҳолсизлик бўлди. Оиламиздан ҳеч кимда бошқа ҳеч қандай салбий таъсири кузатилмади. Иккинчи дозасини қабул қилганимда ҳам ҳаммаси жойида эди.

Нигина Набиева, хонанда

Рустам Саъдиев

Фото: Instagram / @rustam_sagdiev

Рустам Саъдиев ўзбек-хитой вакцинасини олди.

Икки ой давомида «Барон 2» фильмининг суратга олиш ишлари билан Россия давлатида эдим. Энди съёмка жараёнлари Ўзбекистонда давом этади. Ўз ихтиёрим билан вакцина олишга қарор қилдим. Ўтган йили коронавирус юқтириб олганман ва ундан тузалишим жуда қийин кечган. Ўзбек-хитой вакцинаси билан 19 июль куни эмландим. Вакцина олган куним одатдагидек ўтди. Иккинчи кунида бироз ҳолсиз бўлдим. Учинчи куни яна аввалги ҳолатга қайтдим. Ҳозир ҳаммаси жойида.

Рустам Саъдиев, режиссёр