Мадагаскар президенти Андри Радзуэлинанинг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Бу ҳақда мамлакат прокурорига таяниб Radio France International (RFI) хабар берди.
Хабарга кўра, суиқасд тафсилотлари, жумладан, ҳодиса қачон содир этилгани ошкор қилинмаган, аммо тергов доирасида икки киши ҳибсга олинган. Прокурорнинг сўзларига кўра, қўлга олинган шахслар — Поль Рафанохарана ва француз Филипп Франсуа. Улар «йирик сиёсий арбоблар»га, жумладан, президентга суиқасд қилишни режалаштирган, деб хабар қилмоқда RFI. Ушбу шахслар Мадагаскар миллий хавфсизлигига таҳдид солишда айбланмоқда.
Радиостанция маълумотларига кўра, ҳибсга олинганларнинг иккаласи ҳам Франциянинг Сен-Сир махсус ҳарбий мактаби битирувчилари бўлган. Франсуа инвестиция фондини бошқарган, Рафанохарана эса Мадагаскар пойтахти Антананариву архиепископининг маслаҳатчиси бўлган.
RFI ўз манбасига асосланиб хабар беришича, Рафанохарана 20 июль куни кечқурун ўз уйида, Франсуа эса Антананариво Ивато аэропортининг жўнаш залида, Францияга учиб кетмоқчи бўлган пайтда ҳибсга олган.
Reuters бош прокурорга асосланиб хабар беришича, президентга суиқасдни ташкиллаштиришда гумон қилиниб бир неча киши ҳибсга олинган, улар орасида Мадагаскар фуқаролари ҳам, чет эл фуқаролари ҳам бор.
2011 йилда ҳам Радзуэлинага қарши суиқасд уюштирилган эди. Ўшанда республика раҳбарининг автоулови ҳаракатланаётган пайтда машина остига жойлаштирилган бомба портлаган. Автомобиль яхши ҳимоялангани учун давлат раҳбари жароҳат олмаган.
Радзуэлина 2000 йилларнинг охирида Антананариво мэри бўлиб ишлаган, сўнгра Олий ўтиш даври маъмуриятининг раҳбари бўлиб, мамлакатни бошқарган, аммо Мадагаскар президенти сифатида чекланган ваколатларга эга эди. У 2019 йилдан бери президентлик лавозимни тўлақонли эгаллаб келади.
Аввалроқ Мали президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, полковник Ассими Гойтага мамлакат пойтахти Бамакодаги масжидда суиқасд уюштирилганди.
Шунингдек, Афғонистонда Ҳайит намози ўқилаётган вақтда мамлакат президенти Ашраф Ғани резиденцияси яқинига ракета зарбалари йўллангани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, июль бошида Гаити президенти Жовенел Моиз ўз қароргоҳида отиб ўлдирилганди.
Изоҳ (0)