Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида Damas ва Labo иштирокидаги ЙТҲда бир киши вафот этди.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, воқеа 12 июль куни соат 15:15 ларда Чуст—Ахча—Олмос йўлининг 8-километрида юз берган. Чуст шаҳар «Мустақиллик» МФЙ ҳудудида Labo’ни бошқариб кетаётган ҳайдовчи йўлнинг ўнг томонига тўхтаб, чап томонига бурилаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, шу йўналишда ўзидан орқада ҳаракатланиб кетаётган Damas’ни ўтказиб юбормай, ЙТҲ содир этган.

Оқибатда Labo ҳайдовчиси олган тан жароҳати туфайли шифохонада вафот этган.

Ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганнинг Поп туманида Damas ҳайдовчиси MAN юк машинасига бориб урилиши оқибатида ҳалок бўлгани, Косонсой туманида Nexia-3 бетон тўсиққа урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, йўловчи эса реанимацияга жойлаштирилгани, Тўрақўрғон туманида қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган Damas 57 ёшли пиёдани, Янгиқўрғон туманида Nexia йўлни кесиб ўтаётган 53 ёшли пиёдани уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди.