Тожикистонда бошланган қўмондонлик-штаб машғулотларида Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасидан мингга яқин ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
«Машғулотлар давомида бўлинма командирлари, жанговар қурол ва ташкиллаштириш хизматлари бошлиқлари динамик равишда ўзгариб турадиган вазиятда жанговар операцияларни режалаштириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларини ишлаб чиқади. Дала қўмондонлик пунктларини шартли душманнинг радиолокацион разведка, ҳаво ҳужуми воситаларидан ва қўпорувчи-разведка гуруҳларидан яшириш машғулотларига алоҳида эътибор қаратилади», — дейилади хабарда
Шунингдек, машғулотга жалб қилинган бўлинмалар белгиланган ҳудудларда аллақачон жанговар ҳарбий-ҳаво вертолётлари ҳамроҳлигидаги маршни амалга оширгани айтилмоқда. Олдинга силжиш жараёнида ҳарбий хизматчилар шартли душман ҳужумини қайтариш, тўхтатиб туриш, ерга йўналтириш ва тирик қолиш учун зарур шароит яратиш масалалари бўйича кириш қисмни ишлаб чиқди.
Бундан ташқари, ҳарбийлар Лoxур ва Самбули полигонларида кўчма дала қўмондонлик пунктлари ва алоқа марказларини жойлаштирган.
Хабарга кўра, ўқув машғулотлари ҳафта охиригача давом этади.
Тожикистон ҳудудидаги 201-ҳарбий база Россиянинг ўз чегараларидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. У Душанбе ва Бохтар шаҳарларида жойлашган. 2012 йилда ушбу базанинг 2042 йилгача Тожикистонда қолиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг таркибига моторли милтиқ, артиллерия, разведка, зенит-ракета ва бошқа қисмлар киради. 2015 йил сентябрь ойидан бошлаб таркибга ҳарбий ҳаво гуруҳи ҳам қўшилди. 2020 йилда базага 20 га яқин янги ва модернизация қилинган ускуналар, жумладан, Ми-8-МТВ5-1 ташувчи жанговар вертолётлари, пиёдалар учун модернизация қилинган БМП-2М жанговар машиналари қабул қилинди.
Аввалроқ Россия Афғонистондаги вазият туфайли Тожикистондаги ҳарбий базасидан фойдаланишга тайёрлигини билдирганди.
5 июль куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун армия резервидаги 20 минг нафар ҳарбий хизматчини сафарбар этгани, Владимир Путин Тожикистонга Афғонистон билан чегарадаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан ёрдам беришни ваъда қилгани, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, суҳбат давомида Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги аҳвол ёмонлашиши фонида Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожига алоҳида тўхталиб ўтгани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)