«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати жамиятда меҳнати, илми, жасорати билан намуна ва ўрнак бўладиган, Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшаётган инсонларни топиш, кенг оммага танитиш мақсадида «Орамиздаги қаҳрамонлар» лойиҳасини бошлаган. Шу йилнинг февралида лойиҳанинг 14 нафар ғолиби тақдирланган эди. «Дарё» мана шу оддий, камтар, ишига содиқ қаҳрамонларни яқиндан таништиради.
Гулнора Маҳкамова — 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 17 ёшидан сурдотаржимонлик қилади. 24 йилдан бери Карлар жамиятида ишлайди. Эшитиш ва гапириш имконияти чекланган (кейинги ўринларда — ЭВГИЧ) инсонлар учун давлат тадбирлари, Президент ташрифлари, турли янгиликларни телевидение орқали сурдо тилида таржима қилади. Қолаверса, пандемия бошланган илк кунлардан бугунгача ўқувчилар учун онлайн дарсларнинг сурдотаржимасини тайёрлаган фидойилардан. «Таълим соҳаси билан боғлиқ беғараз ташаббус кўрсатиш» номинацияси бўйича «Орамиздаги қаҳрамон» деб топилган.
Сурдотаржимон бўлишимга қўшниларим сабабчи
Ота-онамнинг ёлғиз фарзандиман. Опа-сингил, ака-укаси борлар сирдошга, таянчга унча эҳтиёж сезмайди. Барини туғишганларидан топади. Мен эса онамга суяндим. Аллоҳ ўзимга уч қиз берди. Улар бахтим. Имконияти чекланган инсонларни тушунсин, улар билан сурдо тилида гаплашиб, ёрдами тегсин, деб қизларимга ҳам олаётган ҳар илми ва ҳунарини имо-ишора билан ўргатаман.Тўнғичим Эъзоза 19 ёшда. Жаҳон тиллари университетида ўқийди. Ўтган йили карантин пайти «Болажон» телеканалида ЭВГИЧ болалар учун инглиз тилидаги «Funny English» дастури ва ўзбек тилидаги мультфильмлар сурдотаржимасини қилди. Ўртанчам 11 да, кенжам 8 яшар. Турмуш ўртоғим билан тенгдошмиз. Яхши инсон. Ҳар қандай ҳолатда мени қўллаб-қувватлайди.
Ишим ўзимга ёқади ва 24 йилки шу соҳадаман. Болалигимда на гапира оладиган, на эшитиб, сўзлай биладиган эр-хотин қўшниларимиз бўларди. Қўли билан турли имо-ишоралар қилаётганини кўриб, ҳайрон қолардим. Вақт ўтиб, гап нимадалигини тушунганман. Улар билан шунчалик суҳбатлашгим келардики, 11 га кирганимда сурдо тилини ўргана бошладим.
Карлар жамиятида иш бошлаганимдан 3 йил ўтиб Педагогика институтининг мактабгача таълим факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирдим. Шундан сўнг ЭВГИЧ болалар билан ишлашни бошладим. Ҳаёт йўлларим шундай болажонлар-у инсонларга боғланганидан миннатдорман.
Тадбирда таржимонлик қилаётиб… мукофотландим
24 йиллик фаолиятимда илк олган мукофотим «Юксалиш»ники бўлди. У ҳам тасодиф сабаб, менимча. Беш кунлик тадбирга таржимонликка чақиришди. Охирги кунида «Орамиздаги қаҳрамонлар» лойиҳасининг тақдирлаш маросими бўлди. Мукофотлар бирма-бир топширилар, мен эса тадбирни таржима қилиб турибман. Бир пайт: «Беш кундан бери ёрдамини аямаётган, 24 йилдирки ЭВГИЧ инсонлар учун таржимонлик қилиб, карантинда ҳам беминнат кўмак берган сурдотаржимонимиз — Гулнора Маҳкамова турибдилар. Гулнора опа навбатдаги қаҳрамонимиз», — дейишди.Биз кўпинча тез ишлашимизга тўғри келади ва баъзан айтилган гапни тўлиқ англамай таржима қиламиз-қўямиз. Тадбирда ҳам бошловчи нутқини таржима қилдим-у, кейин чақирилган номзод ўзим эканимни пайқаб қолдим. Саҳнага чиқиб, мукофотни оляпман-у, бутун ҳаётим кўз олдимдан ўтади. Қарийб чорак аср умримни шу соҳага бағишлабман-а! У орқали гўзал ҳаётимни қурдим. Кўп нарсага эришдим. Энди касбим ортидан эътирофга ҳам муносиб кўрилдим. Қувонч ёши тўкавериб, раҳмат ҳам айтолмадим ўшанда.
«Юксалиш» ходимларидан бирининг таъкидлашича, Гулнора Маҳкамова саҳнада кашф этилган «орамиздаги қаҳрамонлар»дан. «Фаол фуқаролар фестивали давомида сурдотаржимонлик қилиб, жамоанинг эътиборига тушган. Қаҳрамонимиз ҳақида маълумот излаганимизда унинг эшитиш ва гапиришда нуқсони бор халқимизга нафақат таржимон, балки оддий инсон сифатида ҳам катта ёрдами тегаётгани, ЭВГИЧ болаларнинг таълими учун жонбозлик кўрсатаётгани ҳақида билдик. Тақдирлашдан бир кун олдин Гулноранинг номзоди жамоа томонидан бир овоздан маъқулланиб, мукофот топширилган эди», — дейди ходим.
Нуқсони бор ота-онадан уялиш — бу ожизлик
Ҳаммамиз ҳаётга синов учун келганмиз. Аллоҳ бир бандасини бошқа бандаси орқали синайди. Қандайдир нуқсон билан яратилган инсонлар қай биримизгадир синов бўлиши мумкин. Улар кўп ҳолларда ўз яқинлари, оила аъзолари томонидан ҳам қабул қилинмайди. Фарзандлар ЭВГИЧ ота-онасидан уялишади. Кўчада улар билан юришни, бировнинг олдида гапиришни хоҳлашмайди. Дунёга келишига сабабчи бўлган инсонлардан уялиш — ожизлик. Яратган имконияти чекланганларнинг сабри учун фарзандини мукофотлаган, азиз қилган қанчадан қанча ҳолатларга гувоҳ бўламиз.Турли тушунмовчиликлар сабаб эшитмайдиган ва гапиролмайдиганларнинг ота-оналари, яқинлари Карлар жамиятига мурожаат қилишади. «Мени тушунмаяпти. Бу кар-соқов-да. Ўзингиз нимадир деб қўйинг», — дейишади. Бизда бор ҳис-туйғу уларда ҳам бор. Тингланса, қўлидан тутиб меҳр берилса, улар ҳам дардини айтишади, тушунишади. Бундай пайтларда иложи бўлса, мурожаат қилганларнинг уйларига бориб, вазиятни енгиллатишга ҳаракат қиламиз. Икки тарафни муросага келтириб, ўртадаги тушунмовчиликни очиқлашга уринамиз.
ЭВГИЧларни қаердадир кўриб қолсам, сўрашиб, бирор муаммоси борми-йўқми, қизиқаман. Тасаввур қилинг, метро бекатидасиз. Атрофингизда одамлар. Поездлар ҳаракатланяпти. Кўзингиз кўрмоқда, лекин эшитмаяпсиз. Жим-житлик. Кимдир йўталганда ёки гапирганда одамлар қаради. Аммо сиз улар нимага ва қаерга қараётганини билмаяпсиз. Бу жуда оғир. Ўша вазиятда кимдир ёнингизга келиб, сиз билан ўзингиз тушунадиган ва қўллай оладиган тилда гаплашишини хоҳлайсиз. Афсуски, бундай бўлмайди. Бошқа сафар кўчага чиқиш керак бўлиб қолганда ўзингизни орқага тортасиз. Чиқмаслик учун баҳоналар топиб, бора-бора одамови бўлиб қоласиз. Мана шу вазиятда биргина ҳол-аҳвол сўраш уларга нечоғлик улкан далда бўлишини ўйлаб кўринг-а!
Карантин пайтида ЭВГИЧлар жуда қийналди. Озиқ-овқат етишмовчилиги бўлди. Эҳтиёжмандларга ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштирувчи 1197 қисқа рақамига боғланиши ва тушган хайриялар уларга йўналтирилиши айтилди. Аммо бу рақамга боғланиб бўлмади. Қолаверса, гапиролмайдиган ва эшитмайдиган инсон телефонда дардини қандай айтсин? Ҳамманинг ҳам боласи, яқин қариндоши бўлмаслиги, қўшнилари ёрдам беролмаслиги мумкин-ку! Қарор ёки қонунлар чиқарилаётганда барчанинг манфаати кўзланиши шарт.
Гулнора Маҳкамова шу ўринда Ўзбекистондаги алоқа компанияларига ЭВГИЧ инсонлар учун интернет нархини пасайтириш таклифи билан мурожаат қилди. «Биз мушкулимизни енгил қилиш учун телефонимиздаги SMS, қўнғироқ, видеоқўнғироқ, турли мессенжерлардан фойдалана оламиз. Бирида имконимиз бўлмаса, бошқасини танлаймиз. Аммо ЭВГИЧ инсонларда танлов йўқ. Улар фақат видеоқўнғироқ орқали мулоқот қила олади. Ўзимиз улар билан гаплашмайдиган, сурдо тилини билмаган бир пайтда, ҳеч қурса, видеоқўнғироқлар учун керак бўладиган интернет нархини пасайтириб, агар имкони бўлса текин қилишимиз керак. Улар биз сингари ўқув марказлари, касб-ҳунар мактабларига боришолмайди. Ягона йўли ижтимоий тармоқлардан кўриб ўрганиш. Бунинг учун ҳам интернет керак. Телефон биз учун шунчаки восита бўлса, улар учун ҳамма нарса. Кўп эмас, бир неча ўн минглик аҳоли қатлами учун Ўзбекистондаги барча алоқа компанияларини ушбу савобли ва хайрли ишга чорлаб қоламан», — дея таъкидлади у.
Сурдотаржимон етишмаслиги — кам маош ва соҳадаги муаммога боғлиқ
Юртимиздаги 23 мингдан ортиқ эшитиш ва гапириш имкони чекланган инсонга кўмак берадиган сурдотаржимон беҳад кам.16 ёшдан ошган ЭВГИЧ киши Карлар жамияти аъзоси ҳисобланади. Бугун жамиятнинг 18 мингдан ортиқ аъзоси мавжуд. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, имконияти чекланган болалар таълим оладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда 3808 нафар ЭВГИЧ, 1259 нафар заиф эшитувчи бола таълим олади. Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистонда 23 мингдан ортиқ ЭВГИЧ инсон мавжуд.
Бунинг устига, аҳолининг ўзи ҳам оддий имо-ишора билан бўлса-да мулоқот қилолмайди. Қизиғи, ЭВГИЧларнинг фарзандлари таржимон бўла олади. Бунинг учун уларга махсус таълим шарт ҳам эмас. Ахир, сурдо тили бу болаларнинг она тили-ку. Улар имо-ишоралар орқали сўзларни айтиб, тил чиқаради. Аммо йўл харажатларини ҳам қопламайдиган маош уларни бундан тўхтатиб турибди. Карлар жамиятида ишлайдиган сурдотаржимонлар 700 минг сўм ойлик олади. Мен телевидениедан алоҳида ҳақ оламан. Лекин ҳамма ҳам телеканалларда ишлайвермайди.
Карлар жамиятига сурдо тилини биладиган ҳуқуқшунос ҳам керак. Тўғри, юристлар бор, лекин кўпининг иш жойи бўлак. Бошқа ташкилотдан оладиган маошини биз ҳам тўлай олганимизда эди, эҳтимол, имконияти чекланган тақдирларнинг ҳаётига андак нур киритган бўлармидик...
Чегараланмаган қирралар
ЭВГИЧ болаларда бармоқ ва кафтларнинг тузилиши бошқача бўлади. Биз гапирганимизда овозимиз нутқимизнинг қай даражада чиройли жаранглашини таъминласа, уларнинг бармоқлари имо-ишораларнинг турли чиқишида муҳим рол ўйнайди. Айримлари қўл ҳаракатларини кўпроқ ўнг тарафда қилса, бошқаси чап тарафни маъқул топади. Бу уларнинг психологияси, характерига боғлиқ.ЭВГИЧ инсонларнинг хотираси жуда кучли бўлади. Улар билан бир марта гаплашсангиз, сизни қаерда учратгани, қайси кийимда эканингиз ва қандай муносабатда бўлганингизгача орадан анча йиллар ўтса ҳам сўзлаб беради.
Эшитмайдиган ва гапиролмайдиган қизга соғлом йигит уйланганини шу ёшгача кўрмадим
Улғайгач ўзимизга елкадош, сирдош инсонни қидирамиз. Умр йўлимизни боғлагимиз келади. Имконияти чекланган кишиларда эса турмуш ташвиши бизникидек бўлмайди. Эшитиш ва гапириш имконияти чекланган икки инсоннинг оила қуриб, бахтли яшаётганини учратамиз.ЭВГИЧ йигитга гапира оладиган қиз турмушга чиқади, лекин эшитмайдиган ва гапиролмайдиган қизга соғлом йигит уйланганини шу ёшгача кўрмадим. Эркаклар бундай аёл-қизларни менсишмайди. Эшитмайди, деб кўнгли тусаганини гапириши, масхаралаши мумкин. Аёл хилқати эса бунга чидолмайди. Агар кўнгил қўйиб уйланишни хоҳлайдиган йигитлар бўлса ҳам буни жамият қабул қилмайди.
Нима учун қизларнинг имконияти чекланган йигитга турмушга чиқиши табиийдек қабул қилинади-ю, йигитларнинг бундай қизларга уйланиши ғайритабиий туюлади!? Уларда ҳам барча аёллар сингари нафосат, назокат бор, фақат гапиролмайди, холос. Аслида қалблар яқин бўлса, бу ҳам муаммо эмас. Имо-ишоралар билан ҳам гаплашиш мумкин-ку!
Сурдо тилини биладиган милиционер йўқлиги сабаб бир бегуҳон инсон неча кун қамоқда қолиб кетган
Нафақат таржимонлар, балки аҳолига хизмат кўрсатадиган бошқа соҳа вакиллари ҳам сурдо тилини билиши керак. Дўкон сотувчиси, шифокор, Миллий гвардия ходими, чиптачи ва ҳайдовчи, қоровул, ҳокимият вакили, Пенсия жамғармаси, божхона хизмати, банк ходимлари, умуман, жамоат учун хизмат кўрсатадиган барча касб эгалари сурдо тилининг ўз соҳасига алоқадор ишораларини қўллай олиши керак.Кўзи ёриш арафасидаги ЭВГИЧ аёл нималар бошидан ўтаётганини дояга айтолмай, жон азобида қийналган, ҳатто фарзандини дунёга келтиролмаган ҳолатлар ҳақида эшитганмиз. Бундай инсонларнинг жиноят қилиб ёки гумонланиб, терговга олиб кетилгани, у билан гаплаша оладиган ходим топилмаслиги сабаб руҳий босимга учраган ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлганмиз.
Бир ЭВГИЧ эркак дўкондан нарса олаётганда қўлидагини кассирга кўрсатмай, бошқа маҳсулотларни кўриш учун дўкон айлангиси келади. Кассир эса уни ўғри деб ўйлаб, ички ишлар ходимларини чақиради. Эркакни тергов қилиш учун олиб кетишади-ю, у билан гаплаша оладиган ходим топилмагач мени ёрдамга чақиришади. У шу муддатгача бир неча кун қамоқхонада ҳам сақланган.
Ўғриликда гумонланаётган ўша киши билан гаплашганимда, буюмни сотиб олмоқчи бўлгани, кассирнинг нима деяётганини тушунмай, қўрққанидан дўкон айланганини айтди. Дўконга бориб, камералардаги ёзувларни текширсак, ҳолат чиндан ҳам шундай бўлган экан. Эркакни қўйиб юборишди. Лекин ЭВГИЧ бу инсон бир неча кун қамоқхонада гап нимадалигини билолмай қолиб кетди. Руҳан оғир зарбага учради.
Агар ички ишлар тизимида сурдо тилини оз бўлса-да биладиган биттагина ходим бўлганда, биз боргунимизча у билан гаплашиб, ҳеч қурса вазиятни тушунтириб турарди.
Алоқа тили сояда қолиб кетмасин
Хорижий тилларни ўқув марказларида бемалол ўргана оласиз. Мустақил ўзлаштириш учун ҳам манбалар етарли. Турли имтиёз, рағбатлар талайгина. Тил биладиган ходимга қўшимча маош берилади. Чет тилини билганнинг қадри билмаганникидан юқорироқ. Сурдо тили ҳам хорижий тилга ўхшайди. Ундан ҳам ўн минглаб одам фойдаланади. Инсонлар билан алоқа тили парда ортида, сояда қолиб кетмаслиги керак.Сурдо тилини биладиган исталган касб эгаси, масалан, шифокорга юқорироқ устама ҳақ берилса, бошқа шифокорлар ҳам шуни ўрганишга интилади. Тўлиқ эмас, маълум белгиланган миқдорда билса ҳам, фавқулодда ҳолатларда сурдотаржимонга эҳтиёж сезилмаслиги, эҳтимол, таржимон келгунча зарур ёрдам кўрсатиши мумкин. Қолаверса, бу имтиёз ва рағбатлар тилни оммалаштириб, ЭВГИЧ инсонлар билан бизнинг орамиздаги узоқ масофани қисқартиради. Шунда улар ҳам ўзларини жамиятнинг бегона қатламидек ҳис қилишмайди. Биргина эътибор ортидан минглаб инсонларнинг ҳаёти яхшиланишига эришиш мумкин.
Сурдо таълимининг ўзига хосликлари
Бу тилни ўрганишимда махсус устоз кўрмаганман. ЭВГИЧлар тилини айнан шу одамларнинг ўзидан ўрганганман. Улар менга нафақат илмда устозлик қилди, балки ҳаётни ҳам ўргатди. Сурдо тилини ўрганишнинг энг самарали усули — ЭВГИЧлар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш. Имконияти чекланган болалар мактабидаги сурдопедагогларнинг маҳоратини ошириш учун турли дарслар ўтамиз.Кузатишлар асносида уларнинг амалиётида муайян камчиликлар борлиги сезилди. Эшитмайдиган ва гапиролмайдиган инсонга хатосини айтиш учун эҳтиёткорлик нечоғлик муҳим бўлса, уларнинг устозларига ҳам шундай муносабатда бўлиш керак. Танқидлар тўғри қабул қилинмай турли салбий таъсирларга ҳам олиб келиши мумкин. Агар кам сонли сурдопедагогларимиз ҳам танқидни кўтаролмай, соҳани ташлаб кетса, жабрини ўзимиз тортамиз.
МДҲ давлатларининг барида сурдо тили бир хил. Артикуляциямизда фарқланиш бўлиши мумкин, аммо ишоралар айнан. Устозларга МДҲда фойдаланадиган соф сурдо тилини кўрсатиб, ишораларни асл ҳолида қўлланг, десак ўзимизга фойда. Шунда хатоларни тўғрилаш осонлашади.
ЭВГИЧлар билан мулоқот чоғи уларнинг руҳий ҳолатини билиш-сезиш жуда муҳим. Уларнинг норозилиги юз-кўзи, қошларининг ифодасида, бармоқларининг ҳаракатида акс этади. Чимирилган қошлар, тиришган юз, таранг ва тез қўл ҳаракати уларнинг асабийлигидан дарак. Биргина ним табассумнинг улар билан гаплашишга кифоя қилгулик кучи бор. ЭВГИЧ болалар учун ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир синфида, тахминан, 5—6 бола ўқийди. Сурдопедагогларга уларга доимо кулиб гапириши, меҳрибон бўлишини айтиб бораман.
Қувонтирадиган хабарлар ҳам йўқ эмас. 2021 йилнинг апрель—май ойлари баракали бўлди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ЭВГИЧ фуқаролар учун компьютер курсларини ташкил этди. Биз ҳам қараб турмадик. Тўрт ҳамкасбим билан 60 нафар ёшнинг курсни тугатишига кўмаклашдик. Қолаверса, бир пайтда 60 нафар педагогга малака ошириш дарсларини ўтдик.
Таълимдаги дискриминация
ЭВГИЧ болалар мактабларида инглиз тили дарси ўтилмайди. Чунки бу тилни биладиган сурдопедагог йўқ. Педагог йўқми, демак, инглиз тили онлайн дарслар таржимаси ҳам йўқ. Қизим Эъзоза инглиз тилини билгани учун «Болажон» телеканалидаги «Funny English» дастурининг сурдо таржимасини қилди. Ўзбекистонда бу борада тажриба камлиги, ЭВГИЧ болаларнинг инглиз тилини билмаслиги инобатга олиниб, артикуляцияни инглиз тилида, ишораларни эса ўзбек тилида қилди. Бу унинг сурдотаржимонликдаги илк иши эди. Шунгами, бу лойиҳага аввал унамади, қўрқди.Лекин ушбу таклиф катта амалиёт бўлиши, тажрибаси ошишини айтиб уни кўндирдим. Қолаверса, жамиятимиз ЭВГИЧ инсонлар ҳам тил ўргана олиши, таълим тизимидагилар эса инглиз тилини биладиган сурдопедагогларни тайёрлаш мумкинлигини билсин, деган мақсадда шу қарорга келгандим. Агар ўзимизда тил биладиган сурдопедагогларни тайёрлаш учун инфратузилма бўлмаса, чет элда ўқитиб, малакасини ошириш тизимини жорий этиш керак. Таълимга ажратилаётган миллиардлаб маблағлар ва имтиёзлардан бу тизимнинг ҳам фойдаланишга ҳақи бор.
ЭВГИЧ боласи бор оила инглиз тили мулоқот тили бўлган бирор хорижий мамлакатга яшаш учун кетса, табиийки, болаларининг ўқиши ўша ерга кўчади. Мактаб таълимининг маълум қисми ўзбекча бўлган ЭВГИЧ бола кейинги таълимни инглиз тилида қандай давом эттиради? Имконияти чекланган дегани — таълим ва яхши ҳаётнинг имкониятларидан маҳрум дегани эмас.
Тўғри, Тошкент шаҳрида ЭВГИЧ болаларга таълим беришга ихтисослашган 101, 102, 106-мактабларнинг шароитлари яхшилигини эътироф этиш керак. Аммо бундай инфратузилма ва рисоладагидек шароит ўткинчидек, назаримда. Мактабни тугатиб кетаётган бола уларни ўзи билан олиб кетолмайди-ку! Болаларимизга нафақат яхши шароитни, шунингдек, таълимдаги сифат ва хилма-хилликни ҳам тақдим этишимиз вазифамиз.
ЭВГИЧларда ахборот бўшлиғи бўлмаслиги керак
2020 йил апрель ойида, вирус ҳар кун кимнидир таслим этаётганда «Ўзбекистон 24» телеканалидан «Янгиликлар 24» дастурига сурдотаржимонлик қилиб берасизми, деб телефон қилишди. Ўйлаб ўтирмай, майли деганман. ЭВГИЧ одамларнинг ҳам бизга ўхшаб янгиликларни билишга ҳақи бор. Ўзбекистонга вирус кириб келганда ҳамма чекловлар кетма-кет ўрнатилди. Йўллар ёпилди, ҳимоя ниқобларисиз кўчага чиқиб бўлмади. Кўп ўтмай уйдан ҳам чиқолмай қолдик.ЭВГИЧ одамларнинг ҳаммаси ҳам яқинлари билан яшамайди. Уларга тўғри ва холис маълумотларни бериш эса бизнинг бурчимиз эди. Ҳар куни уйдан чиқиб кетаётганда болаларим ва оиламнинг хавфсизлигини ўйлардим. Лекин Аллоҳ бизни бошқа бандасига ёрдам бериш учун сабабчи қилиб қўйганда ўзигагина таваккал қилиш энг тўғри йўл бўлади. Шукрки, бу мураккаб даврни ҳам эсон-омон ўтказиб олдик.
Эшитиш ва гапириш имконияти чекланган аҳолимиз учун масжидларда сурдотаржимонлар қўйилиши эътироф этишимиз керак бўлган ишлардан. Ўтган бир неча йиллар давомида ЭВГИЧ инсонлар динимизга оид тўғри маълумотларни олмагани учунми йўлдан адашиб, турли оқимларга қўшилиб кетди. Миссионерлар ва турли диний ҳаракатлар сурдотаржимонлар орқали уларни ўзларига эргаштириб олди.
Эшитолмайдиган ва гапиролмайдиган одамга тўғри маълумотни ўзимиз бермаганимиздан кейин, табиийки, улар эшитиши учун маълумот берганларга ишонишади. Агар ахборотга бўлган бўшлиқни ўзимиз тўлдирмасак, бу вазифа бошқаларнинг қўлида қолиб кетади.
Сурдотаржимонлик — қисматим
Эшитиш ва гапириш имкони чекланганларга бақирадиган, уларни камситадиган ва буни кўриб, индамайдиганлага айтар сўзим: Худодан қўрқинг! Улар қийналганини айтолмаганда, буни одамларга етказиш менинг, умуман, сурдо тилини биладиган барчанинг бўйнида.Кўплаб тақдирларнинг орасидан шу вазифани бажариш учун биз танланганмиз. Уни ташлаб кетиш ниятим ҳеч қачон бўлмаган. Агар Яратган менга куч-қувват, сабр берса, ҳали узоқ ишлайман. Қайсидир ожиз инсонга ёрдами тегиши мумкин бўлган ишимни нега ташлаб кетишим керак?! Аллоҳ меҳнатларимнинг ажрини ҳам зиёда қилмоқда.
Изоҳ (0)