Серқирра ва меҳнаткаш футболчи, иккала оёғида ҳам рақибларига хавф туғдира оладиган Сон Ҳён Мин 8 июль куни 29 ёшни қарши олди. У ортиқча ҳаракат қилмайди — ҳеч қандай тушунарсиз финт, у «публикага ўйнамайди». Кореялик иқтидор эгаси ҳар бир ўйинда бу худди унинг учун охиргисидек ҳаракат қилади.
«Тоттенҳэм» афсонаси Гари Маббут шундай деган эди: «Менимча, у сўнгги бир неча мавсумда жамоанинг ўйинига энг кўп таъсир ўтказган футболчи».
Ўзининг ватанида Сон Ҳён Мин қаҳрамон ҳисобланади. Жанубий Кореяда ҳар бир қадамда унинг иштирокидаги рекламаларга кўзингиз тушади — тери парвариши учун маҳсулотлар, турли энергетик ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳатто музқаймоқ рекламалари. У ҳар жойда.
У Пак Жи Сунни ортда қолдирган ҳолда Премьер Лига тарихидаги энг яхши кореялик тўпурарга айланди. Шунингдек, Европа Чемпионлар Лигасида гол уриш бўйича Максим Шацкихнинг рекордини янгилаб, ЕЧЛнинг осиёлик энг яхши тўпурарига айланганди. Уни иккиланмай, Англияда тўп сураётган юлдуз футболчи, ўз ватанининг эса қаҳрамони дейиш мумкин. Бироқ барча нарсанинг ўз ибтидоси бор.
Машҳурликка қўйилган илк қадамлар
«Тоттенҳэм» клуби ва Жанубий Корея терма жамоаси ҳужумчисининг фаолият йўли Германиядан бошланганди. 16 ёшида у «Гамбург»га ўтиш учун мактабни ташлайди. Ўз орзуси йўлида дунёнинг нариги чеккасига бориш учун ўсмирга катта ирода керак бўлганди. Унинг Европадаги илк мураббийи Маркус фон Ален бўлганди. Ален Сонга «Гамбург»нинг ёшлар жамоасида устозлик қиларди.
У жуда тезкор эди, кўп гол урар ва жамоа билан ишлашга тайёр эди. У доим отаси билан бўларди ва бўш қолган ҳар дақиқасини машғулотларга сарфларди. У ҳар куни ишларди.Сон футболчилик фаолиятига отаси катта таъсир ўтказганини жуда кўп таъкидлаган. Сон Ун Чон (Сон Ҳён Миннинг отаси) ҳам профессионал футболчи бўлган, бироқ жароҳат сабаб 1990 йилда фаолиятини якунлаган. Сон Ҳён Мин битта услубни тўлиқ ўзлаштиргунга қадар ўшанинг устида тинмай ишлайверади ва бошқасига ўтмайди. Бунга уни отаси ўргатган.Маркус фон Ален, мураббий
Футболчи Сон Ун Чон ўйлаб топган жазо турларини ёдга олади: «10 ёки 12 ёшлигимда отам мактабдаги жамоамни шуғуллантиришга келганди. Машғулот шартига кўра, тўпни 40 дақиқа давомида ҳавода сақлаб туриш керак эди. Кимдир тўпни тушириб юборса, отам ҳеч нарса демасди, бироқ бунга менинг ҳаққим йўқ эди, отам ҳаммамизни бошидан бошлашга мажбур қиларди».
Сон Ун Чоннинг ўзи ҳам фарзандларини қаттиққўллик билан тарбиялаганини ва айрим вақтлар калтаклаганини тан олганди. Бундан ташқари ота ўғилларига дарвоза томон зарба бериш ва узатмаларни машқ қилишга рухсат бермасди, шунингдек, улар 14 ёшга тўлмагунга қадар футбол ўйнашга ижозат бермаган. Сон Ун Чон бу йигитларнинг потенциалини синдиради, деган фикрда: «Ёшликда ғалабага ўчлик ортиқча босимга сабаб бўлади. Бу уларнинг фаолиятини бузиб юборади. Бу яна кўплаб футболчиларнинг ёш ўтгандан кейин жароҳатлар асоратидан қийналишига ҳам сабаб бўлади». У машғулотлар вақтидаги ўйинларга рухсат бермасди.
2010 йилда Сон Ҳён Мин «Гамбург»нинг асосий жамоасида дебют қилди. Кейинчалик у билан профессионал шартнома имзоланди. Шундай ёқимли онларни «Челси»га қарши ўртоқлик ўйинидаги оғир жароҳат бир пул қилди. Футболчи бир неча ойга сафдан чиқди. Бироқ 2010 йилнинг октябрида Бундеслигадаги дебютини ўтказди ва 24-дақиқада «Кёльн» дарвозасини ишғол қилиб, дебют голини урди. Бу орқали Сон клуб тарихидаги энг ёш гол муаллифига айланди.
«У ёш, ақлли ва 18 ёшида Бундеслигада муҳим вазифани бажармоқда», — дея айтганди унинг жамоадоши Руд ван Нистелрой. Дастлабки мавсумдаги 13 ўйинда Сон учта гол урди. 2010 йилнинг ноябрида «Гамбург» ҳужумчи билан келишув шартларини яхшилаб, янги битим имзолади.
Сон эндигина 19 ёшда эди, у асосий жамоада ҳаракат қилаётганига бир йил ҳам бўлмаганди, катта футболдаги иккинчи мавсумида эса яна жароҳат олди ва формасини йўқотди. Бироқ мавсум охирида яна ёрқин ўйнади ва «Ганновер»га урган голи орқали «Гамбург»ни қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолди.
«Динозаврлар» сафидаги сўнгги, учинчи мавсумида Сон Ҳён Мин 12 та гол урди ва иккита голли узатма амалга оширди. Унинг жамоаси Юрген Клопп «Боруссия»сининг 31 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди («Гамбург» ўз уйида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди). «Гамбург» дортмундликларга қарши иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қозонади — 4:1. Иккала ўйинда ҳам кореялик футболчи дублни расмийлаштирганди.
Шундан кейин футболчининг фаолиятида янги босқич бошланди. Унга Чемпионлар Лигасига йўл олган «Байер» таклиф билан чиқди. 2013 йилнинг ёзида леверкузенликлар Сон Ҳён Мин трансфери учун 10 миллион евро тўлайди. Сон кореялик афсонавий футболчи Ча Бом Гиннинг йўлидан кетганди. Солиштиришлардан қочишнинг иложи йўқ эди. Бундан ташқари афсонавий футболчи икки карра УЕФА Кубоги соҳиби бўлганди — аввалига «Айнтрахт»да, кейинчалик «Байер» сафида.
Бир ойдан кейин Жанубий Кореянинг LG Electronics компанияси «Байер» билан ҳомийлик шартномасини имзолади. Унга кўра футболчи бренднинг элчиси бўлиши керак эди.
Аввалига Сон катта босим билан ҳаракат қилади, бироқ ноябрь ойида собиқ жамоасига қарши кечган ўйинда ҳет-трик қайд этади, «Байер» эса 5:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритади.
Икки мавсум давомида таркибида кореялик футболчи бўлган «Байер» мунтазам мамлакатнинг топ-4 жамоалари қаторидан жой олди. 2014/15 йилги мавсумда Сон «дорихоначилар» сафида Чемпионлар Лигасида бешта гол урди ва унинг жамоасини фақат Мадриднинг «Атлетико»си тўхтатиб қолди.
Маурисио Почеттино футболчини анчадан бери кузатар ва «Саутҳэмптон»да ишлаб юрган вақтларидаёқ уни ўз жамоасида кўришни хоҳларди, бироқ бу ишни Лондон клуби амалга ошириш насиб этди. «Тоттенҳэм» 2015 йилнинг августида 22 миллион фунт эвазига трансферни амалга оширди. Сон Ҳён Мин футбол тарихидаги энг қиммат осиёлик футболчига айланди.
Англия, янги чорлов
Унинг фаолиятида яна бир янги саҳифа очилганди. Бироқ у расво бошланди. Бунинг учун ўша мавсумдаги сўнгги тур ўйинини эслаш кифоя. «Ньюкасл»га қарши баҳсда лондонликлар 1:5 ҳисобида ютқазади ва бутун жамоа ёмон ўйнайди. Бироқ ҳатто улар ичида ҳам Соннинг расво ўйини ажралиб турарди. Шунчалик ёмон эдики, у танаффус вақтида захирага олиниб, ўрнига ёш футболчи майдонга туширилади. Бу алмаштириш унинг Англиядаги фаолиятига нуқта қўйиши ҳам мумкин эди. Ёздаёқ Сон «Байер»га қайтиб кетишни истайди.
22 ёшли Сон иқтидорли футболчи сифатида эътироф этиларди, бироқ унга кўп нарса етишмасди. У ўзи учун ҳаракат қилар, баъзида бу чиройли кўринарди, бироқ кўпинча жамоага зарар келтирарди. Катта жамоаларга қарши ўйинларда ҳимоявий ўйиндаги камчиликлари кўриниб қоларди, футболчининг ўзи эса тўп ва жавобгарликдан қочарди.
Англия футболига мослашиш зарур эди. У шунчаки Осиё бозорига чиқиш учун эмас, балки «Тоттенҳэм»нинг келажакдаги муҳим футболчиларидан бирига айланишини мақсад қилиб олиб келинганди. Бироқ Сон Ҳён Минда яна бир муаммо бор эди. Унинг елкасида бутун Корея ва Осиёнинг жавобгарлиги ётарди. У Жанубий Кореянинг нафақат энг яхши спортчиси, балки энг муҳим шахсларидан бири. Бунга амин бўлиш учун Робби Крузнинг «Байер»нинг Осиё бўйлаб турнеси ҳақидаги сўзларини эслаш кифоя: «Биз савдо марказига боргандик, у ерда 30 мингдан ортиқ одам бор эди ва ҳаммаси уни кутарди. Унга ҳақиқатда оғир. Бизда, Австралияда ундай эмас, бу қадар катта босимни ҳис қилмаймиз».
«Мен кетишга жуда яқин келгандим. Менежернинг хонасига бордим ва бу ерда ўзимни қулай ҳис қилмаётганимни айтдим. Германиянинг қайтгим келарди. «Тоттенҳэм»да қолганимдан жуда хурсандман», — деганди Сон Ҳён Мин.
Ҳаммаси 2016 йилги Рио Олимпиадасидан кейин ўзгарди. Энди Сон шериклари билан тил топишиб олган, тўпдан қўрқмас ва ўйинни ўзига олишга уринарди. Аҳмоқона хатолар ва ўйланмай қилинган ҳаракатлар деярли йўқолганди. Бу буткул бошқа Сон эди.
Бунга сабаб бор — Маурисио Почеттино қўл остидаги мавсумолди тайёргарлик жараёни. Футболчи «Байер»дан сотиб олинганда августнинг охири эди, Премьер Лига аллақачон бошланиб бўлганди. Почеттино — ақл бовар қилмас даражада қаттиққўл мутахассис ва унинг жамоасига мослашиш маълум вақтни талаб қиларди.
Англиядаги иккинчи мавсумни Сон ўринбосарлар жамоасида бошлайди. Кейинчалик Почеттино шогирдига имконият беради ва Сон бундан унумли фойдаланади.
Сентябрь охирида «шпорлар» устози шундай дейди: «Англиядан бўлмаган барча футболчилар учун бу оғир. Премьер Лига — жаҳондаги энг қийин чемпионат ва кўникма ҳосил қилиш учун вақт керак. Бир йил ва ёздан кейин у бошқа одамга айланди. Анча чиниқди, у лигани яхши билади ва уни қойилмақом ўзлаштирди».
2017 йилнинг мартида Сон лондонликлар клубидаги илк ҳет-трикини нишонлади, мавсумни эса 21 та гол билан якунлади. Кореялик футболчи Премьер Лигадаги сўнгги мавсумида «Тоттенҳэм»нинг 27 та голида (17 та гол, 10 ассист) қатнашди ва бу борада фақат Ҳарри Кейндан (23 гол, 14 ассист) ортда қолди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
Сон Ҳён Мин терма жамоадаги дебютини 2010 йилда Сурияга қарши ўртоқлик ўйинида ўтказган. Шундан кейин футболчи жамоаси билан Осиё Кубоги—2011 мусобақасига йўл олади. Ўшанда Сон Ҳён Мин жамоаси учинчи ўрин учун баҳсда Ўзбекистонни мағлуб этганди. 2015 йилги Осиё Кубогида эса Сон чорак финалнинг қўшимча бўлимларида Ўзбекистон дарвозасига иккита тўп киритганди. Соннинг «оқ бўрилар»га қарши сўнгги ўйини Ўзбекистон учун аламли бўлган. 2017 йил «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган нурсиз ўйиндан сўнг ўша вақтда Самвел Бабаян қўл остидаги жамоа ЖЧ—2018 йўлланмасидан қуруқ қолган.
Сон Ҳён Мин Жанубий Кореянинг 2018 йилги Осиё ўйинларидаги ғолиблигидан кейин икки йиллик ҳарбий хизматдан қутулиб қолади. Ўша мусобақанинг чорак финалида Корея Ўзбекистонга қарши ўйнайди. Ўзбекистонликларнинг устунлигида ўтган баҳсда Жанубий Корея қўшимча бўлимлардаги гол эвазига ғалаба қозонади ва кейинги босқичга йўл олади.
Ўша ўйиндан кейин Сон Ўзбекистон олимпия терма жамоаси автобусига чиқади ва рақиб футболчиларига миннатдорчилик билдиради. «У ўйиндан кейин автобусимизга чиқди. У ўйин учун миннатдорчилик билдирди ва терма жамоамизга омад тилади. Сон жуда хурсанд эди, чунки бу ўйинда ютқазса икки йиллик армияга кетиши керак эди», — дея эслайди ўша учрашувда ёрқин ўйин кўрсатган Икром Алибоев.
Изоҳ (0)