Ўзбекистонда COVID-19 инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаблашгани ортидан коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари 28 июндан янги босқичга кирди — Тошкент шаҳрида аҳолининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини давлат бюджети ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмлашга рухсат берилди (кейинроқ, июль ойидан, худди шундай тартиб Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, шунингдек, имкониятдан келиб чиқиб, бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилди). Айнан 28 июндан Тошкент бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида 46 та қўшимча эмлаш пунктлари пайдо бўлди.
Аммо бу янгилик пойтахтда эмлаш суръатларини сезиларли оширишга хизмат қилганича йўқ. Тўғри, мисол учун, 21—25 июнь саналаридаги эмлаш кўрсаткичи (1—4 минг атрофида) билан таққослаганда, суръат камида икки маротабага ўсгандек кўринади. Бироқ Андижон ва Фарғона каби водий вилоятларида бир кунда 20 минг атрофида вакцина қўлланилаётгани эътиборга олинса, ҳар куни 4 миллионга яқин аҳоли ҳаракатланадиган ва бошқа ҳудудлардан фарқли равишда, қўшимча вакцинация пунктларига эга пойтахт учун бу ўсиш мутлақо қониқарсиз экани ойдинлашади.
«Дарё» пойтахтнинг турли нуқталаридаги қўшимча эмлаш пунктларида бўлиб, Тошкентда вакцинация нима сабабдан суст кетаётгани сабабларини ўрганишга ҳаракат қилди.
Соат 10:00 гача ҳам очилмаган эмлаш пункти
Чорсу, Эски Жува бозори. Бозор дарвозаларида келаётганлардан ниқоб тақиш талаб этиляпти, тана ҳарорати ўлчаниб (пандемия бошидаги каби маъсулият ва эътибор билан эмас, албатта), қўлларга антисептик восита сепиляпти. Лекин бу чоралар ҳаммага ҳам қўлланилаётгани йўқ — дарвозадаги биргина масъул бозорга кириб-чиқиб юрган ўнлаб одамларнинг қай бирига улгурарди? Бозор ичидаги метро бекатидан чиқиб келаётганларга «маза» — улардан ҳеч ким ниқоб сўрамайди, қўлига спирт аралаш сув ҳам сепмайди.Поликлиникалардан ташқаридаги қўшимча вакцинация пунктларидан бири айнан шу ерда, бозор маъмурияти биносида жойлашган, аммо соат 08:00 дан ўтган бўлса-да, ҳали шифокорлар йўқ эди — маъмуриятдагиларнинг айтишича, эмлаш жараёни ҳар куни 9:00—9:30 да бошланади (тонг саҳардан иш бошлайдиган бундай бозорда вакцинация пункти соат нечадан иш бошлаши керак ўзи — бу ҳам жавоби йўқ қизиқ саволлардан бири).
Шифокорларнинг йўқлиги бир масала, бошқаси бир муҳим масала — шу вакцинация пунктини топиш. Бозорга киришда ҳам, бозор ичида ҳам қайсидир дўконда қандайдир чегирма ё харидоргир бир нарса борлиги ҳақидаги катта ёзувларга кўзинг тушади, аммо бирор жойда: «Мана бу ерда вакцина олинг!» деган пешлавҳа йўқ.
Биз ҳам дарвозадаги «карантин-оға»дан сўраб олмасак, шифокорлари йўқ бу пунктни қидириб анча овора бўлардик. Шифокорларни қуруқ кутиб вақт ўтказганимиз йўқ, чор-атрофдагилардан вакцинация ҳақида сўрадик. Шу бозорда аравакашлик қилувчи Равшан Алиев вакцинанинг фойдаси кўпчиликда сезилганидан кейин эмланмоқчи. «Бозорда вакцинация пункти очилганини биламан, лекин ҳали ўзим олмадим, жараён ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман. Вакцинанинг фойдаси бор деб эшитяпмиз, ёмон томони йўқдир», — дейди у.
Кўп йиллардан бери Чорсуда сотувчилик қиладиган Наимахон Восиқова бозордаги эмлаш пунктидан вакцина олган танишларининг аҳволи яхши эканини айтди. «Бироз шамоллашим борлиги учун ҳали вакцина олмадим, аммо эмланиш ниятим бор. Бозордаги пунктдан сотувчилар вакцина оляпти, уларнинг аҳволи яхши. Вакцина ҳақида телевизордан биляпман. Менимча, вакцинанинг ёмон томони йўқ. Барибир ҳамма коронавирусга қарши эмланиши зарур, чўчиш керакмас», — дейди Наимахон опа. Айтишича, унинг турмуш ўртоғи ҳозиргача ўзбек-хитой вакцинасининг икки дозасини олган, ножўя таъсирлар сезилмаган.
Айни вақтда Ўзбекистонда энг қўлланган вакцина — ZF-UZ-VAC 2001 ўзбек-хитой вакцинасидир (вакцинация жараёни бошланганидан бери Хитойдан Ўзбекистонга 6,5 миллион доза вакцина олиб келинган). Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази маълумотларига кўра, 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда эмланганларнинг 77 фоизига айнан шу вакцина қўлланилган — Тошкент шаҳридаги қўшимча эмлаш пунктларида ҳам аҳолига айнан шу вакцина таклиф қилинмоқда. Эмланганларнинг 18 фоизига Ҳиндистонда тайёрланган AstraZeneca (Covieshield), 5 фоизига эса Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник-V» вакцинаси қилинган.
Камига бир неча Миллий гвардия ходими, афтидан, карантин талабларини бузганликда гумон қилинган бир фуқаронинг қўлларини — мухбирлар кўз олдида — қайириб, қаергадир олиб кетишди.
Бу вақтга келиб соат 10:00 га яқинлашиб қолган, аммо Эски Жувадаги эмлаш пункти шифокорларидан ҳали ҳам дарак йўқ эди...
Facebook фойдаланувчиси Герман Стимбаннинг ёзишича, у 7 июль куни тушлик танаффусидан фойдаланиб, қўшимча вакцинация пунктларининг бирида эмланиб келмоқчи бўлган, бироқ у борган учта — «Корзинка. Абай»даги, Эски Жува (Чорсу) бозоридаги, Олой деҳқон бозоридаги шохобчалар ишламаётган бўлган. Чорсудаги пунктни 20 дақиқача излаган — «катта ва кўринарли лавҳалар йўқ», Олойдаги пунктни эса тўртинчи уринишда, автотураргоҳ ходимидан сўраб топган. «Олойдаги шохобча эшигига ‘Коронавирусга қарши вакцина’ деган лавҳа ва қўл хати билан вакцинация 56-поликлиникада ўтказилаётгани ҳамда телефон рақами ёзилган қоғоз бор эди. Қўшни хонадагиларнинг айтишича, шифокорлар якшанба куни келган, ўтириб-ўтириб, кейин ҳамма поликлиникага борсин деб кетган. Шу билан ‘вакцинация пункти’га бошқа қайтиб келмаган», — деб ёзади Стимбан.
«Кўпчиликда вакцина ҳақида тушунча йўқ»
Олмазор туманидаги «Тансиқбоев» бозорида ташкил этилган вакцинация пунктида сизни бозор муҳити тарк этмайди — эмлаш хонасининг ярми ҳар турли маҳсулотлар солинган қоп ва қутиларга тўла. Қолган ярмида, шундоққина қоплар ёнида жойлашган диванда шифокор хоним эмланиш истагидаги фуқароларни қабул қилмоқда. Бозорнинг эмланиш истагида бўлмаган ёки аллақачон эмланиб бўлган ходимлари эса эмин-эркин кириб-чиқиб юрибди, зарур бўлса, бирорта қопни кўтариб ҳам чиқиб кетаверади. Бу жараённи эса қоплардан тепароқда, деворга осилган давлат раҳбарининг портрети кузатиб турибди...Очилганига бир ҳафтача бўлган ушбу шохобчада беш кунда 194 киши (асосан эркаклар, 25 ёшдан катта фуқаролар) эмланган. «Кунига ўртача 30—40 киши вакцина оляпти», — дейди пунктдаги эмлаш жараёнига жалб этилган 63-сонли оилавий поликлиника шифокори Ирода Каримова. Унинг қўшимча қилишича, бозордаги сотувчиларнинг деярли бари ўзбек-хитой вакцинасининг биринчи дозасини олиб бўлган.
Вакцина билан эмлашдан аввал фуқаронинг қон босими ва пулси текширилади, аввал қандай касалликларга чалингани сўралади. «Соғлом бўлса, сурункали касалликлари бўлмаса, вакцина қилинади. Масалан, фуқаронинг кучли аллергияси бўлса, уни аллерголог кўригига юборамиз. Аллерголог рухсат берса, фуқаро эмланади», — деди шифокор. Ирода Каримованинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида доимий яшамайдиган, нафақат вилоятлардан, балки бошқа давлатлардан келган фуқаролар ҳам эмланиши мумкин — биринчи дозани қабул қилиши билан уларга эмлангани ҳақида ҳужжат берилади.
«Эмланганларга биринчи дозани олганини тасдиқловчи ҳужжат топширилади, паспорт маълумотлари эса ‘emlash.uz’ тизимига киритилади. Унда фуқаронинг эмланган санаси, қандай вакцина олгани, вакцина рақами ёзилади. Фуқаро шу ҳужжатни кўрсатган ҳолда вакцинанинг кейинги — иккинчи-учинчи дозаларини Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида олиши мумкин. Биз эмлаш вақтида фуқаронинг яшаш манзили ва телефон рақамини ёзиб оламиз. Кейинги дозаларни олишидан бир неча кун аввал фуқарога эслатма сифатида SMS-хабар юборилади», — дея тушунтирди шифокор.
Айни вақтда, Ирода Каримованинг таъкидлашича, аксарият фуқароларда вакцина ва вакцинация жараёни ҳақида умумий тушунча ҳам йўқ, лекин асоссиз ваҳима керагидан ортиқ даражада. «Карантин қоидаларини бузаётганларга чора кўриш ҳам, вакцинация тарғиботи ҳам етарли даражада бўлмаяпти, менимча. Вакциналарнинг салбий таъсири ҳақида тарқатилаётган турли текширилмаган, ваҳимали маълумотлар, асосиз гап-сўзлар одамларни қўрқитяпти. Вакцинация жараёни фойдали эканини акс эттирувчи видеороликларни кўпайтириш, телеканаллар орқали тарғиб қилиш керак», — дейди у.
Шу вақт гўёки шифокорнинг юқоридаги сўзларини тасдиқламоқчи бўлгандек, бозор атрофидаги савдо комплексларининг бирида тозалик ходимаси бўлиб ишловчи Насиба Мўминова эмлаш пунктига кириб келди. Айтишича, у жамоат жойида ишлагани боис, ўзи ва атрофидагиларнинг хавфсизлиги, саломатлигини ўйлаб, вакцина олган, аммо шундан кейин ваҳимага тушиб қолган.
«Уйдагиларга вакцина олганимни айтганимда, улар тўғри қабул қилишди. Аммо баъзи таниш-билишлар ‘бекор вакцина олибсиз, икки йилдан кейин суякларингиз қуриб кетаркан, шундай маълумотлар тарқаляпти’, дейишди. Одамларнинг бу гапларига ишонмаган бўлсам ҳам, аммо вазият ҳақида билиш учун бугун шифокорлар олдига келдим. Ҳаммаси Худодан, вакцинани ўз ва бошқа одамлар саломатлигига қайғурганим учун олдим, афсусда эмасман», — деди Насиба опа.
Ирода Каримованинг қўшимча қилишича, айнан тўғри тушунтириш ишлари самарасида вакцина олмаслик фикридан қайтаётганлар ҳам бор. «Эмлаш пунктимизга келган ҳар бир келган одамга 5—10 минут вақт ажратиб, керак бўлса вакцинани қутисидан чиқариб кўрсатиб, тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Шундан сўнг ўзи хоҳлаб, вакцина олишга розилик билдираётганлар ҳам бор», — деди шифокор.
Бозорда яна бошқа кўпчилик билан суҳбатлашдик. Улар орасида вакцинадан қўрқаётганлар ҳам, вакцина олмоқчи бўлаётганлар ҳам, вакцина олиб бўлганлар ҳам бор. Вакцина олмоқчи бўлаётганларнинг бир қисми бозордаги пунктдаги берилаётган вакцинани хоҳламаяпти, бошқа бир қисми эса у хоҳлаган вакцина поликлиникаларда тугаб қолганини айтмоқда, учинчи бир гуруҳ эса августгача кутмоқчи. Аллақачон эмланиб бўлганлар эса анча хотиржамдек кўринди. Масалан, 80 ёшли Декабрина Мучева шу вақтгача коронавирусга чалинмагани, ўзи яшайдиган ҳудуд поликлиникасида «Спутник-V» вакцинасини олгани ҳақида ўзгача бир кўтаринкилик билан ҳикоя қилиб берди.
«Тушунча бор, лекин саволлар кўп»
Next савдо мажмуасидаги вакцинация пункти 27 июнь куни иш бошлаган, ҳар куни (хусусан, мажмуа ҳар доимгидан ҳам гавжумроқ бўладиган шанба ва якшанба кунлари ҳам) соат 08:00 дан 20:00 гача Яккасарой туманидаги 57-сонли оилавий поликлиника ходимлари томонидан эмлаш ишлари олиб бориляпти. «Бир кунда ўртача 50 киши вакцина оляпти», — дейди шифокор Сурайё Ражабова.Олмазордаги шифокорлар «келаётган одамларда вакцина ҳақида тушунча йўқ» деганди. Пойтахт марказидаги тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, «келаётган одамларнинг аксариятида вакцинация ҳақида билим, тушунча бор, аммо саволлари ҳам етарлича». Масалан, кўпчилик «Спутник-V» вакцинасини сўраяпти (аммо эмлаш пунктларида фақат ўзбек-хитой вакцинаси бор): «Ундан йўқ десак, келишини кутамиз дейишяпти».
7 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонга жами 280 минг доза «Спутник V» вакцинаси олиб келинган — бу шу вақтгача олиб келинган ўзбек-хитой вакцинаси миқдоридан 23 баробар кам.
Next’да мухбирлар гувоҳлигида эмланганлар орасида 65 ёшли Динат Заитов ҳам бор. Яқин кунларда Москвадан унинг қизи ва невараси келяпти. «Уларнинг хавфсизлиги учун ҳам эмландим», — дейди у. Отахон ҳам аслида Россиянинг «Спутник-V» вакцинасини олиш ниятида бўлган, бироқ поликлиникада бундай вакцина қолмагани, кутиш кераклигини айтишган. «Йўқ нарсани кутишдан фойда йўқ, шу боис ўзбек-хитой вакцинасини олдим», — деди Динат ака.
Отахоннинг тан олишича, у вакцина ҳақидаги нохуш маълумотларни ўқиб, аввалига қўрққан. Аммо вакцина олган таниш-билишлари орасида азият чекканлар ҳақида эшитмаган, шу ҳол қарорига таъсир қилган. «Лекин ҳимояланиш учун вакцина олиш керак. Минг кишидан биттасига ножўя таъсир қилаётган бўлса ҳам, қолганларнинг аҳволи яхши-ку. Битта натижа учун бутун бошли вакцина устидан қарор чиқариб бўлмайди-ёв», — дейди у.
Асли Зангиотада яшайдиган, лекин ишхонаси Бешёғоч яқинида бўлган 23 ёшли Ҳайитбек Абдусаломов ҳар куни одамлар билан мулоқот қилиши кераклиги, боз устига, коронавирус билан касалланганлар сони яна оша бошлагани боис вакцина олишга қарор қилган. «Поликлиникаларда одам кўп, навбат катта, мени эса бўш вақтим йўқ. Интернетда супермаркетларда ҳам вакцинация бўлаётганини билиб, Next’га келдим. Мана, тезда вакцинани олдим ҳам», — деди у.
Ҳайитбекнинг айтишича, яқинда онаси ҳам вакцина олган, «уларда ҳеч қандай ножўя таъсир сезилгани йўқ», шу сабабли ҳам у вакциналар ҳақида тарқалаётган ҳар хил гап-сўзларга ишонмайди. «Тўғри, эмланиш истагим борлигини билган баъзи танишларим фикримдан қайтармоқчи бўлди. Аммо мен эмланишга аҳд қилдим. Аслида ‘Спутник’дан олмоқчи эдим, лекин интернетда ўзбек-хитой вакцинаси ҳақида ўқигач, унинг самараси ҳам яхши эканини билдим ва шундан олавердим», — дея қўшимча қилди йигит.
Шифокор Сурайё Ражабованинг таъкидлашича, ваҳима ҳолати нафақат ҳали вакцина олмаганлар, балки вакцинани олиб бўлганлар орасида ҳам бор. Эмланганларнинг ваҳимасига эса, кўп жиҳатдан, уларнинг шифокор кўрсатмаларига амал қилмаслиги сабабчи.
«Эмлашдан аввал ножўя таъсирга сабаб бўлувчи омиллар ҳақида айтамиз. Вакцина олгач, уч кун чўмилмаслик, муздек ичимлик ва егулик тановул қилмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирамиз. Баъзи эмланганлар совуқ нарса еб қўйиб, томоғи оғриб қолади-да, кейин буни вакцина таъсири деб ўйлаб, ваҳимага тушади. Аслида, тавсияларимизга қатъий амал қилганларда ҳеч қандай асоратлар бўлмайди», — дейди шифокор.
Шунингдек, айримлар вакцинанинг биринчи дозасини олиб, масалан, ниқоб тақмай қўяди. Шифокорнинг тушунтиришича, бу нотўғри. «Чунки биринчи ё иккинчи дозани олди дегани ниқобсиз юриш мумкин ёки коронавирус юқмайди, дегани эмас», — дейди Сурайё Ражабова. Унинг қўшимча қилишича, эмланганлик ҳақидаги ҳужжатга шифокорлар ўз рақамларини ёзиб қолдиришяпти — мабодо бирор савол пайдо бўлса, ё ўзини ёмон ҳис қилса, маслаҳатга телефон қилиши учун. Аммо «шу кунгача эмланганлар орасида ҳеч қандай ёмон асоратлар сезилмади, биров бу ҳақда айтиб, мурожаат қилмади».
«Тарғиботни кучайтириш зарур»
Сергели машина бозоридаги вакцинация пунктида душанбадан бошқа (ҳафтанинг биринчи кунида бу бозор ишламайди) ҳар куни соат 08:00 дан 18:00 гача ўртача 30—40 киши ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланяпти. 10 кундан ортиқ давом этган фаолият давомида ҳали бирорта эмланган вакцинанинг ножўя таъсиридан шикоят қилиб келгани йўқ, аммо телефон қилиб, маслаҳат сўраб турганлар бор.Бозордаги эмлаш пунктига жалб этилган 61-оилавий поликлиника шифокори Эътибор Мамадалиеванинг таъкидлашича, эмланганларга муздек нарсалар истеъмол қилмаслик, аччиқ ва шўр маҳсулотлар, цитрус мевалар емаслик, қуёш остида юрмаслик, уч кун чўмилмаслик тавсия этилади. «Одамларнинг вакцинадан қўрқмаслиги, уларда ваҳима уйғониб, нотўғри тушунча пайдо бўлмаслиги учун кўпроқ тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилиши зарур», — деб ҳисоблайди шифокор.
Сергели — режадаги сўнгги манзилимиз эди. Машина бозорига соат 13:00 да етиб борган бўлсак, репортажга маълумот йиғиш ва суҳбатни бошлаш учун ярим соатдан кўпроқ вақт сарфлашга тўғри келди (бозор ходимларига мақсадимизни қайта-қайта тушунтириш, айрим ходимларнинг қўпол муомаласига хотиржам жавоб қайтариш, бир муддат нимани кутаётганимизни аниқ билмай ўтказган вақтимизда йўқотилган асабларни ҳисобга олмай қўя қолайлик — энг муҳими, бозорнинг бир неча босқичли «раҳбарияти» якунда рухсат берди, аммо жазирамадаги мазкур кутилмаган «муҳороба»дан сўнг тўлақонли репортажга куч қолмаганди...).
Изоҳ (0)