Сурхондарё вилоятида дарахтларни ноқонуний кесиб ташлаган шахс аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, вилоятдаги «Денов туман йўллардан фойдаланиш» УКнинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. томонидан 109 туп қимматбаҳо дарахт рухсатномасиз кесиб ташланганлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ж.Ф.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан БҲМнинг 10 баробари (2 миллион 245 минг сўм ) миқдорида жарима тайинланди. Шунингдек, ўсимлик дунёсига 329 миллион 157 минг 500 сўм зарар етказилгани аниқланди.
Шу билан бирга, «Денов туман йўллардан фойдаланиш» УКга ҳар бир кесилган дарахт ўрнига 100 донадан, яъни 10 минг 900 дона қимматбаҳо дарахт кўчати экиш ва 3 йил давомида экилган кўчатларни парвариш қилиш ҳақида кўрсатма берилди.
Ҳозирда жарима ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Бундан аввал Бекободда ҳовлиси ёнидаги 2 туп чинорни кесган оила 131 миллион сўм зарарни тўлаши, Ўзбекистонда дарахт экиб, парвариш қилмаган мутасадди ташкилотларни жаримага тортиш таклиф қилингани ҳамда Ўзбекистонда тўрт ой давомида 2000 дан зиёд ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)