Малайзиянинг Теренггану штатида узрсиз жума намозини қолдирган эркаклар жазоланади. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Шу тариқа эркаклар икки йилгача қамоққа олиниши ёки 3000 ринггитгача (710 доллар) жаримага тортилиши мумкин. Иккала жазо чораси ҳам қўлланилиши инкор этилмаган. Қарор Теренггану штатини бошқарувчи Пан-Малайзия ислом партияси томонидан қабул қилинган.
Бу эслатма жуда муҳим, чунки жума намози нафақат диний рамз, балки мусулмонларнинг итоаткорлик ифодасидир. Шу сабабли бу мажбуриятни бажармаганлар эслатмаларни эътиборсиз қолдирса, жазо фақат сўнгги чора сифатида қўлланилади, деди штат ижроия кенгаши аъзоси Муҳаммад Халил Абдул Ҳоди.
Жума намозини адо этишни эслатиш мақсадида масжид ҳудудларида баннерлар ўрнатилади. Кампания Теренггануда амал қилаётган қонун ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишга қаратилган.
Маълумот учун, бу штатда жума намозини адо этмаганлар қамалиши бўйича биринчи ҳолат эмас. Хусусан, 2019 йилда олти нафар эркакка бир ойлик қамоқ жазоси тайинланганди. Ёши 17 дан 35 гача бўлган эркаклар жума намози ўрнига шаршара ёнида пикник қилаётганда қўлга олинган. Малайзияда мусулмон эркаклар учун жума намозида қатнашиш мажбурий ҳисобланади. Бироқ одатда уни қолдирганлар учун оғир жазолар берилмасди.
Изоҳ (0)