Ўзбекистонда аномал иссиқ об-ҳаво сабабли баъзи поездлар ҳаракат жадвалига ўзгартириш киритилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзтемир йўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати хабар қилди.
«Ўзгидромет» маркази маълумотига кўра, 2021 йил 6 июлдан 9 июлгача Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши давом этади. Ҳаво ҳарорати кечалари 25—27 даража илиқ, кундуз кунлари 41—43 даража иссиқ, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 44—46 даражагача иссиқ бўлади.
Қайд этилишича, бундай иссиқ ҳаво пайтида пўлат излардаги ҳарорат янада юқори бўлади. Шу боис, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 9 июль санасига қадар чўл ҳудудларида поездлар ҳаракат жадвалида ўзгаришлар кузатилиши мумкин.
Бундан аввал Туркманистонда жазирама туфайли поезд ва самолётлар ҳаракати чеклангани, Ўзбекистон 6—8 июль кунлари термик депрессия таъсири остида бўлиши кутилаётгани ҳамда Ўзбекистон ҳукумати аномал жазирамага тайёргарлик кўрётгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)