Россия президенти Владимир Путин Тожикистонга Афғонистон билан чегарадаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан ёрдам беришни ваъда қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: kremlin.ru

Кремль веб-сайтидаги баёнотга кўра, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбатда Путин «Тожикистонга ҳам икки томонлама, ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида зарур кўмак беришга тайёрлигини тасдиқлади».

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида президентлар Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги аҳвол ёмонлашиши муносабати билан Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўша куни Эмомали Раҳмон тожик-афғон чегарасидаги вазиятнинг кескинлашуви масаласида Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказди. Йиғилиш якунида президент мудофаа вазирига 20 минг нафар ҳарбий резерв вакилларини Тожикистон ҳамда Афғонистон чегарасини мустаҳкамлашга юборишни тайинлади.

2001 йилдан буён Афғонистонда бўлиб турган АҚШ қўшинлари чиқиб кета бошлагач, «Толибон» тезда Кобулдаги расмий ҳукумат назорати остидаги ҳудудларни эгаллай бошлади ва кўпинча бунга қаршиликсиз эришмоқда.

«Толибон» билан тўқнашувлардан кейин аксарият ҳолларда ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари Тожикистон ҳудудига чекинмоқда. Хусусан, 5 июль куни 1000 дан ортиқ афғон аскарлари чегарани кесиб ўтди. Шунингдек, 3 июль куни «Толибон» билан тўқнашувдан кейин 300 дан ортиқ афғонистонлик ҳарбийлар Тожикистонга чекинган.

Тожикистон ҳудудида 201-Россия ҳарбий базаси жойлашган, база Россиянинг ўз чегараларидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объекти. У 2004 йилда ташкил қилинган, икки мамлакат келишуви бўйича уни жойлаштириш муддати 2042 йилгача узайтирилган. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар (Россия, Тожикистон Қозоғистон, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон) ушбу мамлакатлардан бирининг хавфсизлигига таҳдид туғилганда ҳарбий ёрдам кўрсатишни ўз зиммасига олади.