Ўзбекистон ўзининг биринчи атом электростанциясини қуришга тайёр. Ҳозирда АЭС қуриладиган жой ҳам танланган. МАГАТЭ экспертларининг маълум қилишича, ишлар барча хавфсизлик ва тарқатмаслик принциплари талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда, деб хабар беради «Подробно».
Дунё бўйича ураннинг йирик етказиб берувчиларидан бири бўлган Ўзбекистон ядровий энергетика кам углеродли энергия манбаини таъминлаши ва иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини оширишини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатдаги илк атом электр станциясини барпо этиш уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич — 2019—2020 йилларда АЭС қуриладиган жой аниқланади, 2020—2021 йилларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. 2022 йилдан эса объект қурилишига киришилади. Россия дизайни асосида қуриладиган ушбу АЭС қиймати тахминан 11 миллиард долларга баҳоланган.
Июнь ойида Ўзбекистонга Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) экспертлари гуруҳи 12 кунлик ташриф билан келган. Инспекторлар атом энергетикаси дастурининг инфратузилмасини ривожлантириш жараёнини ҳар томонлама баҳолаб, ҳамма нарса режага мувофиқ ва барча меъёрий талабларга риоя қилинмоқда деган хулосага келган.
Гуруҳ аъзолари «Ўзбекистон АЭС лойиҳасини ишлаб чиқишда сезиларли ютуқларга эришди ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда назорат қилувчи органнинг салоҳиятини кучайтириш бўйича чоралар кўрди», дея маълум қилган. Уларнинг қўшимча қилишича, мамлакатдаги атом энергетикаси дастури ҳукумат томонидан кучли қўллаб-қувватланмоқда.
Гуруҳ Ўзбекистонга ўзининг биринчи атом электр станциясини қуришга тайёргарлик кўриш борасида ёрдам беришга қаратилган тавсия ва таклифларини билдирган.
«Ўзбекистон ўзининг ядровий энергетика инфратузилмасини ривожлантириш борасида сезиларли даражада ютуқларга эришди», — дейди гуруҳ раҳбари Милко Ковачев. Экспертлари гуруҳи таркибидан Бразилия ва Болгария давлатларидан биттадан эксперт ва МАГАТЭнинг саккиз нафар ходими кирган.
Изоҳ (0)