Нью-Йорк университетининг тиббиёт факультети олимлари оғриқ юзага келганда фаоллашиб, уни бартараф этишга қодир мия имплантини яратди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: Pixabay

Таъкидланишича, қурилма миянинг икки соҳасини бирлаштириб, реал вақт режимида оғриқ ҳиссини аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади. Аслида ушбу механизм «жосуслар ва ухлаётган агентлар» жамоаси ҳисобланади. «Жосус» оғриқ қайта ишланаётган мия соҳасидаги электр сигналларни таҳлил қилади ва кодларни ечади.

«Оғриқ» сигнали аниқланиши билан маълумот «ухлаётган агент» — миянинг олд қисмига ўрнатилган компьютер чипига юборилади. Чип ўз навбатида рағбатлантирувчи ёруғлик нурини ишга тушириб, оғриқни босадиган нейронларни фаоллаштиради.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, мазкур интерфейснинг ўзига хослиги шундаки, у фақат керак бўлганда фаоллашади ва мияга мунтазам таъсир кўрсатмайди. Айни вақтга қадар қурилма каламушларда синовдан ўтказилган.

«Натижаларимиз шуни кўрсатмоқдаки, имплант оғриқнинг ҳатто анъанавий белгиларини аниқлаш ёки бартараф этиш қийин бўлган ҳолатларда ҳам уни самарали даволаш стратегиясини тақдим этади», — дейди ихтиро муаллифлари.

Аввалроқ Швейцариялик олимлар кўзи ожизларнинг кўришига ёрдам берадиган кўз тўрпардаси имплантини яратган эди.