Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ангренда 27 июнь куни ўз жонига қасд қилган шаҳар ИИБ Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходими Бекзод Бобомирзаевга босим ўтказилгани рад этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари «Бу кун» дастурига берган қисқа интервьюсида маълум қилди.

Фото: «Uznews.uz»

Фото: «Uznews.uz»

27 июнь куни тахминан соат 13:30 да Бекзод Бобомирзаев ўзига бириктирилган «ПМ» табел қуролидан ўзининг жағ қисмига қарата бир маротаба ўқ узган. У оғир жароҳат олиб, ҳодиса жойида вафот этган. Ушбу воқеадан сўнг марҳумнинг акаси видеомурожаат қилиб, укасига Акмал исмли шахс босим ўтказиб, ундан бир ҳафтадан бери пул сўраб келганини айтганди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов «Бу кун» дастурига берган интервьюсида марҳумга нисбатан ҳеч қандай босим бўлмаганини айтди.

Ҳодиса юз берган кун — 27 июнда Ўз хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ангрен шаҳар ИИБнинг ходимлари хизмат фаолиятида интизомга, қонунчиликка бўйсуниши устидан назорат йиғилиши ўтказилган.

«Сафдор Бекзод Бобомирзаев суҳбатда бир ўзи бўлмаган. У раҳбарлари билан биргаликда суҳбатдан ўтган. Унга камчиликлари, қўпол қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйгани юзасидан танқидий муҳокама ўтказилган. Жараёнда марҳум ўзи йўл қўйган камчиликларни тан олган. Бунга иқрор бўлган. Лекин унга ҳеч қандай босим ўтказилмаган. Буни аниқ айтишим мумкин», — деди Бобур Тўлаганов.

ИИББ ахборот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, ички ишлар органларининг хизмат хоналари аудио ва видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Бекзод Бобомирзаев билан бўлиб ўтган суҳбат ҳам аудио ва видеокузатув мосламаларида қайд этилган. Суҳбатдан икки соат ўтгач, сафдор ўз жонига қасд қилган.

Ўз жонига қасд қилиш сабаблари Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура органларининг махсус ташкил этилган гуруҳи томонидан ўрганилмоқда. Ҳолат ички ишлар вазирининг шахсан назоратига олинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар