Наманганда фуқароларнинг паспортига қалбаки визалар қўйиш билан шуғулланиб келган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Поп туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган Усмонжон Акрамов (исм-шарифлар ўзгартирилган) дастлаб Косонсой туманида яшовчи Қодир Маҳмудовнинг ишончига кириб, унга чет элга чиқишга рухсат берувчи виза расмийлаштириб беришни ваъда қилади. 2020 йил февраль ойида унинг паспортига Испанияга бориш ҳуқуқини берувчи ва тартиб рақамга эга виза урилади.
Усмонжон Акрамов бунинг эвазига 2000 долларни санаб олади ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Бундан ташқари, шу туманда яшовчи Тўрабек Эркиновга ҳам хорижга чиқишга рухсат берувчи виза расмийлаштиришда кўмак ваъда қилинади. 2020 йил февраль ойида унинг паспортига ҳам Испанияга бориш ҳуқуқини берувчи ва тартиб рақамга эга қалбаки виза урилади. Фақат «гонорар» суммаси бироз оширилади ва бунинг учун 2100 доллар ҳақ олинади.
Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан 2021 йил март ойида берилган хулосада икки фуқаронинг ҳам паспортига қўйилган визалар қалбаки эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 12 июнь куни Косонсой туман ИИБ томонидан Усмонжон Акрамовга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)