Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, ҳукмрон КХДР партиясининг юқори лавозимли амалдори Ким Йо Чжон АҚШнинг КХДРдан хато умидлари борлигини айтди.

Фото: EPA

«Улар танлаган кутиш — нотўғри йўл, бу эса уларни янада кўпроқ умидсизликка дучор қилади», — деди Ким Йо Чжон Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган баёнотида. «Афтидан, АҚШ вазиятни ўзи учун тасалли қидирадиган тарзда талқин қилиши мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Шимолий Корея етакчисининг синглиси АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг 20 июнь кунги баёнотига шу тарзда муносабат билдирди. Салливан Ким Чен Иннинг АҚШ билан қарама-қаршиликка ҳам, дипломатияга ҳам тайёр туриш ҳақидаги нутқидан «қизиқ сигнал» кўраётганини айтганди.

Айни пайтда АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакили Сон Ким Сеулга ташриф буюрган. 21 июнь куни жанубий кореялик ва япониялик ҳамкасблари билан ўтказилган уч томонлама учрашувда у Вашингтон Пхеняннинг икки томонлама мулоқотни тиклашга розилик билдиришга умид қилаётганини айтди.

Оқ уй хабарига кўра, АҚШ президенти Жо Байден КХДРга қарши киритилган санкциялар режимини яна бир йилга узайтирди. Амалдаги санкциялар, хусусан, Пхеняннинг ядровий қуроллари ва уларни етказиб бериш воситалари кўпайишининг олдини олишга қаратилган эди.

Қайд этилишича, санкцияларни узайтириш тўғрисидаги қарор АҚШда сўнгги йилларда қабул қилинган бир қатор фармонларга мувофиқ КХДРга қарши эълон қилинган фавқулодда ҳолатни узайтиришни назарда тутади.

«Корея яриморолида ядровий материалларнинг тарқалиш хавфи, Шимолий Корея ҳукуматининг ҳаракатлари ва сиёсати АҚШнинг миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига таҳдид солишда давом этмоқда. Шу муносабат билан мен Шимолий Кореяга нисбатан миллий фавқулодда ҳолатни бир йилга узайтираман», — дейилади АҚШ президенти Жо Байден имзолаган фармон матнида.

Январь ойи бошида Ким Чен Ин Шимолий Корея Меҳнат партиясининг VIII сездида АҚШ КХДРнинг асосий душмани бўлиб қолишини маълум қилган. Март ойида эса АҚШ қарийб бир ойдан буён Шимолий Корея билан турли дипломатик каналлар орқали боғлана олмаётгани ҳақида хабар берилган. Таъкидланишича, АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида фаол мулоқот олиб борилмаётганига бир йилдан ошган.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан муайян шартлар асосида учрашиб, суҳбатлашиб олишга тайёрлигини билдирган эди.