Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича амалий машқлар аксарият ҳолларда тўлалигича бажарилмай қолмоқда. Бу ҳақда ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мамлакатдаги энг йирик ўқув муассасаси ҳисобланган «Ватанпарвар» ташкилоти марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

Ҳусан Ботиров.

Фото: «XS.uz

Ботировнинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодиса (ЙТҲ) оқибатида жабрланган шахс «биринчи навбатда ҳайдовчини лаънатлайди» — бу лаънат уни ҳайдовчиликка тайёрлаган, ўқитган ўқув муассасасига ҳам тааллуқлидир.

«ЙТҲ натижасида жабрланган шахс биринчи навбатда хайдовчини лаънатлайди. Хайдовчини лаънатлади дегани — унинг ота-онасига нисбатан эмас, ўша хайдовчини тайёрлаган ўқитувчига, ташкилотга нисбатан. Биров кўчада менга рўбарў келиб, ‘шу ЙТҲни сенлар ўқитган хайдовчи қилдими?’, деб айтмас. Аммо ҳодисада бевосита хайдовчи сабабчи бўлса ва ўша ҳайдовчи ‘Ватанпарвар’ мактабида ўқиган бўлса, раҳбар сифатида биринчи навбатда ўзимни айбдор ҳис қиламан», — деди у.

«Маҳаллада, кўча-кўйда ўзининг ёки яқинларининг автомобилини ҳайдаб кўриб, машина бошқаришни ўрганган айрим бўлажак ҳайдовчиларнинг амалий машқлардаги бир-икки ҳаракати ишончли кўринади. Шу боисдан бундай ҳолларда, эҳтимол, баъзи уста (инструктор)лар: ‘Машина ҳайдашни биларкансан, сенга амалий машқларни 52 соат тўлиқ ўтиш шарт эмас экан’ деб, қолган машқ соатларини амалда бажармай қолиш ҳолатлари бўлиши мумкин», — дея тан олди «Ватанпарвар» раҳбари.

Ҳусан Ботировнинг таъкидлашича, энди ЙТҲ ҳайдовчининг айби билан содир бўлган бўлса ва у ҳайдовчи «Ватанпарвар»да ташкилотида ўқиган бўлса, унинг ўқитувчиси (инструктори)ни ишдан бўшатишгача бўлган таъсир чоралари кўрилади.

«Ушбу тартибни ким қандай қабул қилади, билмадим. Эҳтимол, ходимларимиз бундан ташвишланар. Мен топшириқ берганман: ЙТҲ сабабчиси ҳайдовчи бўлиб, уни оқибатида кимдир қаттиқ жабр кўрган ё нобуд бўлган бўлса, шу ҳайдовчини тайёрлаган ўқитувчи ва инструкторини ишдан четлатамиз. Чунки шу масъулларнинг ўз вақтида бермаган билими мана шундай нохуш ҳодисаларга сабаб бўлади. Бунда нафақат одамлар жабр кўради, балки ‘Ватанпарварънинг нуфузига ҳам путур етади», — деди Ботиров.

Унинг қайд этишича, ҳозирча бу тартибни тўла жорий этиш имкони бўлгани йўқ, чунки «ички ишлар органларидан тегишли маълумотларни олиш бироз муаммо бўлмоқда», аммо «Ватанпарвар» раҳбари бу муаммолар «келишувлар натижасида йўлга тушиб кетади».

Қўшимча қилишларича, ҳозирда «Ватанпарвар»нинг қуйи тизимларида ўз ҳудудларида юз берган ЙТҲларнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилиш тартиби йўлга қўйилмоқда. Ҳодисанинг назарий ёки амалий бошқарув кўникмалари боғлиқлигига қараб, автомактаблар ўқувчиларига бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб бориш тизими ишлаб чиқилмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ Фарғона вилоятида 2021 йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида ЙТҲлар оқибатида 64 киши, май ойининг атиги бир ҳафтасида эса 20 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда бир кунда — 24 май куни юз берган бешта ЙТҲ оқибатида жами 15 киши қурбон бўлгани ҳам маълум бўлганди.