31 май куни соат 21:30 ларда Наманган вилоятида Damas ва пиёда иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Нанай—Янгиқўрғон йўлининг 15-километрида, «Бирлик» МФЙ ҳудудида 21 ёшли фуқаро Damas русумли автомашинани ишонч қоғози орқали бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган 49 ёшли пиёдани уриб юборган.
Оқибатда пиёда тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманганда Nexia ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган 5 ёшли қизчани уриб юборгани ва жабрланувчи воқеа жойида вафот этгани, Наманган туманида Damas уриб юбориши оқибатида 8 ёшли бола ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)