11 июнь куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида афғон томонига 1000 дона кислород баллонларидан иборат гуманитар юкни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу инсонпарварлик ёрдами пандемиянинг учинчи тўлқинига дуч келган Афғонистон ҳукуматининг мурожаатига биноан амалга оширилган.
Шу муносабат билан, ташкил этилган маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев озиқ-овқат ва дори-дармонлар мамлакатга пандемияга қарамай, узлуксиз равишда ўзбек-афғон чегараси орқали етказиб берилаётганлигини айтган. Таъкидланишича, Ўзбекистон қўшни давлатга ҳар томонлама кўмак беришда давом этишга тайёр.
Балх вилояти губернатори Фарҳод Азимий Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган ёрдам Афғонистон халқига чинакам биродарлик муносабатининг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий кўмаги остида афғонистонлик шифокорларнинг Ўзбекистондаги клиникаларда пандемияга қарши курашиш бўйича мамлакатимиз тажрибаси билан танишишлари учун ўқув машғулотлари ташкил этилган эди.
Изоҳ (0)