Бухоронинг эски шаҳар ҳудудидаги Пойиостона кўчасидан чиққан эчкиэмар чўл ҳудудига чиқариб юборилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Миржон Файзуллаев хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 июнь куни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига шошилинч хабар келиб тушган. Унга кўра, Бухоро шаҳрининг Пойиостона кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирида заҳарли жонзот судралиб юргани билдирилган. Қутқарув отряди шахсий таркиби зудлик билан воқеа жойида бўлган. Подполковник Ғойиб Сафоев судралиб юрувчи бу заҳарли жонзотнинг эчкиэмар эканини аниқлаб, чаққонлик билан уни ушлаб олган. Хонадондан олиб чиқилган эчкиэмар чўл ҳудудига чиқариб юборилган.
Қўшимча қилинишича, бугунги кунда Бухоронинг эски шаҳридаги жуда кўплаб манзилларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. «Эчкиэмар узоқ аср ва узоқ йилларга туташ, фойдаланилмай келинаётган қадимий, эски ҳужра ва қум том бинолар остида яшириниб, тухум очиб, яшаб келаётган бўлиши мумкин», — дея тахмин қилинмоқда.
«Бу борадаги қидирув ишлари давом эттирилади», — дейди Миржон Файзуллаев.
Қайд этилишича, шу куни Бухоро шаҳрининг Мустақиллик кўчасидаги кўп қаватли хонадондан ҳам мурожаат келиб тушиб, уй ертўласидан чиққан илон подъездда судралиб юргани билдирилган. Инсон ҳаёти учун хавфли бу жонзот ҳам Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан бартараф этилган.
Изоҳ (0)