Албания парламенти 9 июнь куни конституцияни бузгани учун мамлакат президенти Илир Метага импичмент эълон қилди ва уни лавозимидан четлаштирди, деб ёзмоқда Associated Press.
Импичмент учун парламентнинг 104 нафар аъзоси овоз берди, атиги етти нафари бунга қарши чиқди. Яна уч нафари бетараф қолди.
Энди уч ой ичида президентни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарор Албания Конституциявий суди томонидан тасдиқланиши керак.
Парламент ўтказган тергов-суриштирув натижаларига кўра, Метанинг 2021 йил апрель ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари кампаниясида ҳукмрон Социалистик партияга «нохолисона ёндашиш» орқали конституцияни бузгани аниқланди, шундан кейин овоз бериш жараёнлари ташкил этилди.
Апрель ойи охирида социалистларнинг бир гуруҳ парламентчилари мамлакат президентига нисбатан тергов ўтказилишини талаб қилди, улар кўп йиллар олдин партияни тарк этган Метани мамлакатда беқарорлик ва зўравонликни қўзғатишда, шунингдек, мухолифат билан билан тил бириктиришда айблади.
Мета тергов-суриштирув ва импичмент жараёнини танқид қилиб, уларни ноқонуний деб атади.
Албанияда президент, асосан, тантанали вазифаларни бажаради, лекин суд ва ҳарбий соҳада баъзи ваколатларга эга.
Изоҳ (0)