Беларуснинг Витебск шаҳрида 3 июнь куни Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин ва Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Иван Тертел ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди, унда махсус хизматлар раҳбарлари Ғарбнинг Иттифоқ давлатига нисбатан бузғунчи фаолиятига қарши биргаликда курашишга келишиб олди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
«Россия Ташқи разведка хизмати ва Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси анъанавий қардошлик муносабатлари руҳида Иттифоқ давлати ҳудудидаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни чигаллаштиришга интилаётган Ғарбнинг бузғунчи фаолиятига қарши курашиш бўйича ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олди», — деб хабар берилди Давлат хавфсизлик қўмитаси сайтида.
Шунингдек, қўмита хабарида маълум қилинишича, «Россия ва Беларусь масаласида АҚШ ва Ғарб давлатларининг тажовузкор сиёсати шароитида, махсус хизматлар раҳбарлари Россия ва Беларусь миллий манфаатларини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг натижалари ва истиқболларини муҳокама қилди».
«Учрашувда глобал муаммолар ва Иттифоқ давлатининг хавфсизлигига бўладиган янги таҳдидларга қарши курашда Москва ва Минскнинг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бирлаштирилиши муҳим экани қайд этилди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва Александр Лукашенконинг Сочида икки кун давом этган музокаралари якунлари ҳақида гапириб берган эди. Улар, хусусан, Ryanair самолётининг Минскка фавқулодда қўниши ва бунинг оқибатида Беларуснинг Belavia авиакомпанияси учун жорий қилинган чекловлар, Беларусга Россия кредитининг иккинчи транши ажратилиши, шунингдек, Минскда россиялик Софя Сапеганинг қўлга олинишини муҳокама қилган.
Шунингдек, Владимир Путин Беларусдаги ҳамкасби Александр Лукашенкодан Америка раҳбари Жо Байден билан унинг рухсатисиз Беларусдаги вазиятни муҳокама қилгани учун узр сўради.
Изоҳ (0)