Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари Нур-Султон шаҳрида ўтган икки мамлакат бош вазирлари учрашувининг самарали натижаларини юксак баҳолади.
Савдо ва логистика, саноат кооперацияси соҳаларида, замонавий транспорт коммуникациялари ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, президентлар парламентлараро алмашинув кенгайиб бораётгани ҳамда айни кунларда Тошкент шаҳрида Сенат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилаётганини мамнуният билан қайд этди.
Етакчилар Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Бундан ташқари, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.
Бундан аввал Қозоғистон президенти Абдулла Ариповни «Дўстлик» ордени билан тақдирлагани ҳамда Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни туғилган куни билан табриклагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)